Ўзбекистон олимпия жамоаси 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги финалида Саудия Арабистони U23 жамоасига имкониятни бой бериб (0:2), мусобақа вице-чемпионига айланди. Ўзбекистонлик олимпиячилар бош мураббийи Тимур Кападзе якшанба кунги финалдан кейинги матбуот анжуманида ўйин натижалари ҳақида гапирди.

«Бугун ғалаба қозониб, бутун халқимизни хурсанд қилмоқчи эдик. Бироқ бу ишни уддалай олмадик. Бунинг учун узр сўрайман. Насиб эмас экан. Барча мухлисларимизга раҳмат айтамиз. Кейинги турнирларда яхшироқ натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз», — деди 40 ёшли мутахассис

Журналистлардан бири ярим ҳимоячи Абдурауф Бўриев иштирокидаги эпизодлар ҳақида сўради, унинг сўзларига кўра, иккинчи бўлим бошида у марказий ҳимоячилар билан бир хил даражада ҳаракат қилган.

«Фақат ўша эпизодда шундай бўлиб қолди… Улар (футболчилар — таҳр.) қайсидир вазиятда бир-бирининг ўрнини тўлдириши керак эди», — дея тушунтирди мураббий.


Тимур Кападзе учрашувнинг қийин кечгани ва жамоаси ғалаба қозониши учун етарлича вазиятлар бўлгани ҳақида гапирди.

«Ғалаба қозонсак ҳам бўларди, афсуски мағлубиятга учрадик. Шунга қарамай ҳар бир учрашувда йигитлар қаҳрамонлик кўрсатди, яхши ҳаракат қилди, борини беришди. Бугун қаердадир нимадир ўхшамади. Балки қаердадир ҳаяжон, қаердадир хавотир, қаердадир босим; ҳамма йигитлар ҳар хил… Ўйлайманки, бу бизга катта мактаб бўлди. Болаларга раҳмат айтаман. Бу бизга катта мактаб бўлди, бу мағлубиятдан кейин янада кучлироқ бўламиз деб умид қиламан», — деди мураббий.

Мутахассис бундай ёш жамоани шакллантиришдан (ўртача ёш 20,1 ёш, Саудия Арабистонида 21,5 ёш) асосий мақсад 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритиш эканини айтди.

«Бу турнирда ўйинчилар ёш бўлишига қарамасдан, финалгача келдик. Ўйлайманки, бу биз учун катта натижа. Бу чемпион бўлгандек натижа. Чемпион бўлсак ҳам бўлар эди, кўрдиларинг, кучимиз етарди, насиб экан. Турнир давомида ҳар бир футболчини янаям яхши танидим. Уларни ҳам жисмоний, ҳам руҳий ҳолатини кўриб олдик. Умуман олганда, болалар ҳаммаси деярли зўр ўйнади, мен улар билан фахрланаман», — деди мураббий.

Тимур Кападзе бу мағлубиятдан сўнг футболчилар ўзларини тиклаб олишлари кераклигини айтди.

«Болаларда ҳозир мағлубиятдан кейин [руҳий тарафдан] зўриқиш бор. Футбол шунақа нарсаки биз узоқ муддат дам ололмаймиз. Ўйин тугайди ва тарихга киради, навбатдаги баҳсга тайёргарлик кўришимиз керак. Шуниси билан ҳам қийин, албатта. Чунки, бу ерда жисмоний ҳолатни тиклаш керак, эмоционал фонни, руҳий ҳолат. Кўп факторлар рол ўйнайди», — таъкидлади мураббий.

Финал ҳуштагидан сўнг Тимур Кападзе кўз ёшларини тия олмади.

Саудия Арабистони U23 жамоаси бош мураббийи Саад аль-Шеҳри жамоаси ва яқинларини ғалаба билан табриклади.

«Бу жуда қийин ўйин бўлди. Финал учун одатий ва кутилган ҳолат. Мухлислар мезбон жамоани яхши қўллаб-қувватлашди. Бироқ, футболчиларим ўз вазифаларини бажаришди. Бунинг учун уларга раҳмат айтаман», — деди мутахассис.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон олимпия жамоаси 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинлари учун ажойиб жамоани шакллантира олган.


Турнир якунига кўра, мусобақа давомида бирорта ҳам гол ўтказиб юбормаган Саудия Арабистони U23 жамоаси дарвозабони Наваф аль-Ақидий энг яхши дарвозабонга бериладиган совринни қўлга киритди. Унинг жамоадоши, ярим ҳимоячи Айман Яҳё Тошкентда ўтказилган U23 Осиё чемпионатининг энг яхши футболчиси бўлди.