Президент Шавкат Мирзиёев Конституцион комиссия аъзолари билан учрашувда Бош қонунга оила аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилиги асосида шаклланишини белгилаб қўйишни таклиф этди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.

«Ҳар қандай инсон учун муҳим ва муқаддас қадрият — бу унинг оиласидир. Соғлом ва мустаҳкам оила — давлат таянчи ва жамиятнинг асосий бўғинидир. Каттага ҳурмат, кичикка иззат, одамийлик, меҳр-оқибат, она Ватанга муҳаббат ва садоқат каби олижаноб фазилатлар аввало оилада қарор топади», — деди давлат раҳбари.

У бугунги глобаллашув замонида оила институтини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш учун муносиб шарт-шароитлар яратиб бериш зарурати тобора кучайиб бораётганлигини таъкидлади.

«Бош қомусимизда оила институтининг конституциявий асосларини ривожлантириш мақсадида „оила аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилиги асосида шаклланиши“, жамиятнинг табиий ва таянч бўғини, жамият ва давлатнинг алоҳида ҳимоясида эканини мустаҳкамлаб қўйишни таклиф этаман», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Шунинг учун давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун зарур ижтимоий ва иқтисодий шароитларни яратиши, кўп болали оилаларга қонунга мувофиқ имтиёз ва ижтимоий кафолатлар яратиб бериши лозим. Шунда оиланинг иқтисодий ва маънавий асослари янада мустаҳкам бўлади».

Шунингдек, президент Конституцияда боланинг манфаатлари, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун барча шароитларни яратиш устувор йўналишлардан бири сифатида ўз аксини топиши зарурлигини қайд этди.

«Шу билан бирга, давлат иқтидорли ёшларни, уларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, доимо қўллаб-қувватлашини мустақил қоида сифатида белгилаб қўйишимиз керак», — деди у.

Давлат раҳбари асосий қонунга «давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёшларни соғлом турмуш тарзи тамойиллари асосида маънавий ва ахлоқий етук инсонлар этиб тарбиялаш учун зарур шароитларни яратади», деган қоидани киритишни таклиф этди.

«Шунингдек, Конституциямизга „Ота-оналар ўз фарзандлари вояга етгунига қадар уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлиғи, тўлақонли ва баркамол ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш ҳуқуқига эга ва бунга мажбурдир“, деган қоидани киритиш ёш авлод тақдири учун масъулиятни янада оширишга хизмат қилади», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.