Конституцияни референдум орқали ўзгартириш таклиф этилди

Президент Конституцияни парламент ваколати билан эмас, балки референдум ўтказиш йўли орқали ўзгартиришни таклиф қилди. «Конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширсак, бу — ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Конституцияга ўлим жазосини тақиқлаш бўйича норма киритишни таклиф қилди

Шавкат Мирзиёев ўлим жазосини қайтариш ҳақидаги таклифларга қўшилмаслигини айтиб, уни тақиқлаш тўғрисидаги нормани Конституцияда мустаҳкамлаб қўйишни таклиф қилди. «Чунки яшаш ҳуқуқи — ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқидир», — деди у.

Тошкент аэропортини кўчиришнинг мақсадга мувофиқлиги президент билан муҳокама қилинмоқда — Раъно Жўраева

Президент ва ҳукумат Тошкент аэропортини шаҳар ташқарисига кўчиришнинг мақсадга мувофиқлигини муҳокама қилмоқда. Uzbekistan Airports раҳбари Раъно Жўраеванинг фикрича, янги учиш-қўниш йўлакларини қуришнинг имкони йўқлиги сабабли ҳаво бандаргоҳининг ҳозирги қувватлари узоғи билан 2027 йилгача етади.

Абдулазиз Камилов Афғонистон бош вазири ўринбосарлари билан музокаралар ўтказди

Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили Абдулазиз Камилов Кобулга ташрифи доирасида Афғонистон бош вазири ўринбосарлари — Мулла Абдул Ғани Бародар ва Абдусалом Ҳанафий билан музокаралар ўтказди.

Silk Avia авиакомпаниясининг илк парвозларини кузда амалга ошириш режалаштирилмоқда

Ҳудудий Silk Avia авиакомпанияси илк парвозларни жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида амалга оширишни режалаштирмоқда. Uzbekistan Airports компанияси раҳбари Рано Жураева кечикишни лоукастер ташкил этиш жараёни билан боғлади.

Қўл жангини ривожлантириш бўйича қарор имзоланди

2023 йилдан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида қўл жанги бўйича Хотира турнири, профессионал спортчилар ўртасида президент ва Амир Темур кубоги халқаро мусобақалари ўтказилади. Бундан ташқари, янги ўқув йилидан бошлаб мактабларда қўл жанги бўйича маҳорат дарслари ўтилади.

Ҳафтанинг биринчи ярми ёмғирли, иккинчи ярми эса қуруқ бўлиши кутилмоқда

Душанбадан чоршанбагача республиканинг турли ҳудудларида вақти-вақти билан ёмғир ва дўл ёғади, ҳарорат эса +23…+28 атрофида бўлади. Айрим тоғли ҳудудларда сел келиши хавфи мавжуд. Ўзгидромет ҳафтанинг иккинчи ярмида об-ҳаво ёғингарчиликсиз бўлиши ва ҳарорат +39 даражага кўтарилишини маълум қилди.

«Миранда қоидаси» ва «Хабеас корпус» тамойилларини Конституцияда акс эттириш таклиф қилинди

Шавкат Мирзиёев гумонланувчи шахс қўлга олинганда, унга ҳуқуқларини тушунтириш бўйича қоидани («Миранда қоидаси») ва «Хабеас корпус» тамойилларини Конституцияда акс эттириш кераклигини таъкидлади. Ушбу қоидалар Ўзбекистон қонунчилигида аллақачон белгиланган.

Шавкат Мирзиёев президентнинг айрим ваколатларини Сенатга ўтказишни таклиф қилди

Шавкат Мирзиёев президентнинг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Ҳисоб палатаси раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш бўйича ваколатларини Олий Мажлисга ўтказишни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳар икки ташкилот авваламбор Сенат олдида ҳисобдор бўлиши лозим.

Шаҳрисабзда Ҳисор қўриқхонасининг ташриф маркази очилди

Шаҳрисабзда БМТ Тараққиёт дастури кўмагида Ҳисор қўриқхонасининг ташриф маркази очилди. Марказ қўриқхонанинг ёввойи ҳайвонлари ва фаолият йўналиши ҳамда ёввойи табиат дуч келаётган хавф-хатарлар ҳақида маълумот беради.

Тошкентнинг саккизта туманида иссиқ сув таъминоти вақтинча тўхтатилади

Пойтахтдаги юқори босимли магистрал газ қувурида юзага келган носозлик сабабли саккизта туманнинг айрим ҳудудларида иссиқ сув таъминоти сешанба куни соат 6:00 га қадар тўхтатилади.

Президент оила аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилиги асосида шаклланишини Конституцияда мустаҳкамлашни таклиф этди

Шавкат Мирзиёев «оила аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилиги асосида шаклланиши», жамият ва давлатнинг алоҳида ҳимоясида эканини Конституцияда мустаҳкамлашни таклиф этди. Давлат раҳбари иқтидорли ёшларни доимо қўллаб-қувватлашни мустақил қоида сифатида белгилаш кераклигини айтди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола ва фотоматериаллар:

«Инсонлар ҳаётини қутқаришда давом этяпман» — PETRONAS компаниясининг хавфсизлик, соғлиқ ва атроф-муҳит муҳофазаси бўйича бошқармаси бош менежери Нафиса Ходжаева

Малайзиянинг PETRONAS компанияси Хавфсизлик, саломатлик ва атроф-муҳит муҳофазаси бўйича бошқармаси бош менежери Нафиса Ходжаева — «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони. Ундан шифокорлик амалиётини нима учун тарк этгани, корпорацияда гендер тенглигига муносабат қандайлигини билиб олдик, шунингдек, ёшларга маслаҳатлар беришини сўрадик.

Фото: Ёмғир остида қолган Тошкент кўчалари

20 июнь куни Тошкент шаҳрида ёғган қисқа муддатли кучли ёмғирлар туфайли пойтахт кўчаларини сув босди. Ёмғир ҳатто савдо марказларидаги дўконларгача кириб борди.