Айни вақтда президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашув ўтказмоқда. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Давлат раҳбари сўзи аввалида нима учун айнан бугун конституциявий ислоҳотлар ўтказиш зарурати туғилаётганини тўхталиб ўтди.

«Айрим юртдошларимиз, ҳатто баъзи олимларимиз ҳам Конституциямиз замонавий демократик талабларга жавоб беради-ку, унга ўзгартириш киритишга эҳтиёж борми, деган саволни ўртага қўймоқда. Тўғри, Конституциямиз хорижий илғор тажриба ҳамда халқаро стандарт ва талабларга ҳар томонлама мос келади. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ», — деди у.

«Мен амалдаги Асосий қонунимизни қабул қилишда иштирок этган комиссия аъзоси сифатида олдин ҳам айтганман: Ўзбекистон Конституцияси мустақиллик йилларида эришган барча ютуқларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келмоқда. Буни ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Унинг сўзларига кўра, «бугун шиддатли тараққиётнинг ўзи олдимизга қўяётган муҳим бир талабни чуқур тушуниб олишимиз зарур».

«Ҳозирги таҳликали замон, ён-атрофимиздаги мураккаб вазият она Ватанимиз тақдирига янада улкан масъулият билан ёндашиб, кечиктириб бўлмайдиган стратегик қарорлар қабул қилишни тақозо этмоқда», — деди президент.

Унинг таъкидлашича, ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий қиёфаси тубдан ўзгарди.

«6 йил олдинги халқимиз билан бугунги юртдошларимизнинг дунёқараши ўртасида катта фарқ бор. Инсоният илмий-технологик даврга қадам қўйди. Жаҳонда кескин трансформация жараёнлари ва рақобат кучаймоқда. Эртанги кунини ўйлаган халқлар ва давлатлар ўз келажаги ҳақида бугун ҳар қачонгидан ҳам жиддий бош қотирмоқда», — деди у.

«Бу ўринда табиий саволлар туғилади. Мана шундай ҳал қилувчи паллада ва келажакда давлатимизда, жамиятимизда инсоннинг ўрни ва қадри қандай? Қандай сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий ва маънавий-гуманитар тамойиллар, қадрият ва манфаатлар биз учун устувор аҳамиятга эга бўлади? Энг муҳими, конституциявий ислоҳотлар оддий аҳолига, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, жамиятимиз ва давлатимиз тараққиётига нима беради?», — дея савол билан юзланди Шавкат Мирзиёев.

«Бу саволларнинг барчасига жавобни пухта ишланган ҳуқуқий нормалар орқали Конституциямизда акс эттириш — давр тақозосидир», — дея таъкидлади у.

Асосий қонуннинг 12-моддасида ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмаслиги қайд этилган. «Бу — ўта муҳим ва жуда тўғри белгиланган конституциявий қоидадир. Чинакам халқ мафкурасини, миллатнинг энг муқаддас орзу-интилишларини фақат унинг Бош ҳужжати — Конституциясида тўлиқ ифода этиш мумкин», — деди давлат раҳбари.

Қайд этилишича, янгиланган Конституция мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман юрт ва халқнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозим.

«Инсон қадри учун» ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган «Инсон — жамият — давлат» деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, амалий ҳаётда бош қадриятга айлантириш зарур.

«Яъни, инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.