Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев душанба куни Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда фуқаролардан имконсиз нарсани талаб қилишни бартараф етувчи ўзгартиришларни Бош қонунга киритишни таклиф қилди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

«Кўпчилигимиз яхши биламиз, қадимги Рим ҳуқуқида олтин қоидалар бор. Масалан, „ҳеч кимга бажариб бўлмайдиган мажбуриятни юклама“ ёки „қонун — имконсиз нарсани талаб қилмайди“, каби қоидалар шулар жумласидандир. Афсуски, миллий қонунчилигимизда бажариб бўлмайдиган ёки бажариш қийин бўлган нормалар ҳам учраб туради. Аслида, қонунлар инсонга ҳеч қачон ортиқча талаб қўймаслиги керак», — деди давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, «ортиқча талаб, аввало, ортиқча харажат дегани, қолаверса, бу коррупцияга йўл очади».

Президент ипотека кредитидан 3 миллион сўмлик уч ойлик қарзи бор фуқарони мисол қилиб келтирди. Амалдаги қонунчиликка кўра, банк қарздорни судга беради. Лекин, бу масалада даъво аризаси 3 миллион сўм, яъни реал қарз бўйича эмас, балки кредитнинг тўланмаган қисмига, дейлик, 250 миллион сўмга нисбатан берилади.

«Суд аризани кўриб чиқиб, қарздордан 10 миллион сўмдан ортиқ давлат божини ундириш ва шартномани бекор қилиш бўйича қарор қабул қилади. Ўзингиз ўйланг, 3 миллион сўмни тўлай олмаган фуқаро 10 миллион давлат божини қандай тўлайди? Бундай мантиқсиз ҳолатларнинг олдини олиш учун янги бир нормани Конституцияга киритиш таклифини билдираман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари «маъмурий, фуқаролик, иқтисодий, жиноий жавобгарлик ва бошқа йўналишдаги ишларни кўриб чиқишда инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари — қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда шахсга имкон қадар енгиллик яратиши керак» деб ҳисоблайди.

Президент фуқароларнинг ҳуқуқларини камситадиган бундай ҳолатни бартараф этиш учун биз йўллардаги назорат постларини, «прописка», деган нарса йўқ қилинганини эслатиб ўтди.

«Келгусида бундай тўсиқларни тизимли ҳал этиш учун ҳар бир Ўзбекистон фуқароси мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ёки яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга бўлиши шарт. Ҳар бир фуқарога мамлакатдан тўсиқларсиз чиқиш ва қайтиш ҳуқуқи кафолатланиши лозим», — деди у.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёевнинг фикрича, «шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва унинг кафолатлари айнан Конституция даражасида мустаҳкамланиши керак».