Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилоятида (ТБАВ) уюшган террорчилик гуруҳлари фаолияти тўлиқ тўхтатилди, деб хабар берди Тожикистоннинг «Ховар» ахборот агентлиги хавфсизлик ва жамоат тартибини сақлаш бўйича идоралараро штабга таяниб.

Эслатиб ўтамиз, 14 май куни ТБАВ аҳолиси норозилик акциясига чиқиб, вилоят раҳбарининг истеъфосини, Хоруғдаги барча назорат-ўтказиш пунктларини олиб ташлаш ва Бадахшон аҳолисига нисбатан таъқибларни тўхтатишни талаб қилган эди. Норозилик намойишлари олдидан фаол Амриддин Аловатшоев ва ММА жангчиси Чоршанбе Чоршанбиевга нисбатан суд ҳукмлари чиқарилди.

«Май ойининг охирида Хоруғ шаҳри ва Рушон туманида содир бўлган воқеалар олдиндан режалаштирилган бўлиб, ички ва ташқи манфаатдор томонлар минтақадаги хавфсизлик вазиятини беқарорлаштириш ва фуқаролар тинчлигини бузишга ҳаракат қилишган», — дейилади штаб матбуот маркази хабарида.

«Хоруғ, Рушон ва Роштқалъа туманларидаги уюшган жиноий гуруҳ раҳбарлари ўта оғир жиноят содир этганликлари учун бир неча бор ҳукумат томонидан амнистияга учраган, бироқ улар тегишли хулоса чиқармай, жирканч ҳаракатларини давом эттирган», — дейилади хабарда.

«Ховар» хабарига кўра, тезкор-қидирув тадбирлари давомида «уюшган жиноий гуруҳнинг барча 12 нафар етакчиси қўлга олинган». Махсус операция давомида жами 220 киши қўлга олинди, 53 кишига нисбатан жиноий иш қўзғатилди, қуролли қаршилик кўрсатган 16 киши «зарарсизлантирилди», дейилади штаб хабарида.

Май ойида БМТнинг озчиликлар масалалари бўйича махсус маърузачиси Фернан де Варенн Тожикистонни ТБАВдаги Помир озчилик вакилларига нисбатан репрессияларни тўхтатишга чақирди. У норозилик намойишларига, жумладан ҳибсга олишлар, ҳаддан ташқари ва ноқонуний куч ишлатиш ҳамда 18 май куни аксилтеррор амалиёти доирасида норозилик намойишларини бостириш учун ҳарбийлар юборилиши каби ҳукуматнинг «қаттиқ жавоби»дан хавотир билдирди.

Тоғли Бадахшон автоном вилоятидаги кескин вазият хавфсизлик кучлари томонидан помирликнинг ўлдирилиши кенг кўламли норозиликларга сабаб бўлган ўтган йилнинг ноябрида вужудга келган эди, дея қайд этади БМТ ахборот хизмати.

2021 йил 25 ноябрь куни ёш помирлик Гулбиддин Зиёбеков Тожикистон хавфсизлик кучлари томонидан қийноққа солинган ва ўлдирилгани айтилади. Ўша куни ТБАВ пойтахти Хоруғда одамлар, жумладан, мактаб ўқувчилари ҳам ўлдирилишидан норозилик намойиши ўтказди. БМТ ахборот хизмати ҳукумат қўшинлари намойишчиларга қарата ўт очгани, икки намойишчини ўлдиргани ва 17 нафарини яралагани, ўнлаб одамлар эса қамоқ жазосига ҳукм қилингани ҳақида хабар бермоқда.