19 июнь куни «Миллий» стадионида бўлиб ўтадиган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги финали олдидан ишқибозлар огоҳлантирилди, улардан маданият билан мухлислик қилиш сўралди. Бу ҳақда Миллий гвардия Тошкент шаҳар бошқармаси маълум қилди.

«Футболни яхши кўрадиган ва эртага стадионга келадиган барча мухлислардан Ўзбекистон олимпиячиларига мухлислик қилиш, ўзини тутиш маданиятини ёдда тутиш, барчага — ҳакамларга, футболчиларга, жумладан, рақиб жамоага, стадион техник ходимларига ҳурмат кўрсатиш зарурлигини эслатиб ўтамиз. Тозалик ва жамоат тартибини сақланг», — дейилади хабарда.

Шунингдек, мухлислардан стадионга тақиқланган нарсаларни: қурол-яроғ, тез ёнувчи моддалар ва буюмлар, дори воситалари (рецепт ёки унинг нусхаси кўрсатилганда шифокор кўрсатмаси бўйича белгиланган миқдорда дори воситаларидан ташқари), озиқ-овқат ва идишларни; техник жиҳозлар (мобил телефонлардан ташқари), ҳимоя воситалари, хизмат асбоблари ва спорт анжомларини олиб келмаслик сўралди.

Ўз навбатида, шубҳали нарсалар, шунингдек жамоат тартибини бузиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, ички ишлар органлари ходимларига ёки Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига дарҳол хабар бериш сўралди. «Сизларни маданиятга чақирамиз: ўйиннинг боришидан, урилган голлар ёки ўтказиб юборилган голлар сонидан қатъи назар, одобсиз сўзларни ишлатманг ва бундан ташқари тартибсизликларга олиб келадиган чақириқлар, ўйиннинг бошқа иштирокчиларига нисбатан ҳурматсизлик қилманг», — дейилади хабарда.

Мухлислардан жамоат тартибини бузиш, тош ва бошқа нарсаларни отиш, ҳаддан ташқари ҳис-туйғуларни ушлаб туролмаслик ва бундан ташқари, ҳужум билан низо қўзғатиш спортчилар учун ёрдам бермаслиги, қолаверса, мухлисларнинг хулқ-атвори спортчиларга ва умуман давлатга бўлган муносабатга бевосита таъсир қилиши айтилди.

Шунингдек, жамоат тартибини бузадиган мухлислар учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда назарда тутилган жавобгарликлар эслатиб ўтилди:

  • 183-модда — Майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик — БҲМнинг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
  • Ички ишлар органлари ходимининг (194-модда) ёки Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини (194−1-модда) бажармаганлик учун БҲМнинг ўн икки бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Аввалроқ Тошкент шаҳар ИИББ якшанба куни футбол бўйича U23 Осиё кубоги финал учрашуви ўтказилиши муносабати билан соат 12:00 дан 00:00 га қадар Тошкентдаги «Миллий» стадиони атрофидаги кўчалар автотранспорт воситалари учун ёпилишини маълум қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Ироқ олимпия жамоалари ўртасидаги Осиё кубоги чорак финал ўйинида мухлисларнинг ноўрин хатти-ҳаракати учун Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) Тартиб-интизом қўмитаси Японияга қарши ярим финал учрашувини томошабинларсиз ўтказишга қарор қилиб, Ўзбекистон олимпия жамоасига 50 минг доллар миқдорида жарима солган эди.