Ўзбекистон олимпия жамоаси Осиё кубоги финалида Саудия Арабистони U23 жамоасига мағлуб бўлди. 19 июнь куни Тошкентдаги «Миллий» стадионида бўлиб ўтган учрашув 0:2 ҳисобида якунланди.

Ўйинда ҳисоб иккинчи бўлим бошида, 49-дақиқада ярим ҳимоячи Аҳмад Ал-Ғамдининг голидан сўнг очилди. Захирадан майдонга тушган Русланбек Жиянов 72-дақиқада ҳисобни тенглаштирди, бироқ бош ҳакам офсайд ҳолатини қайд этди. Орадан икки дақиқа ўтиб, Саудия Арабистони U23 жамоаси катталар жамоасидан олимпия жамоасига келиб қўшилган Фирас ал-Бурайканнинг голи эвазига ҳисобни иккитага оширди.

Саудия Арабистони турнир давомида бирорта ҳам гол ўтказмасдан мусобақани якунлади.

Тимур Кападзе шогирдлари Тожикистон (1:0), Қатар (6:0) олимпия жамоаларини мағлуб этиб, Эрон билан дуранг ўйнаган (1:1) ҳолда гуруҳ босқичини биринчи ўринда якунлади. Ўзбекистонлик олимпиячилар чорак финалда Ироқни пенальтилар сериясида мағлуб этди — 2:2 (3:2), ярим финалда Японияни ортда қолдирди — 2:0.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон U23 жамоаси ОФК-2020 Осиё кубоги ярим финалида Саудия Арабистони U23 жамоасига қарши майдонга тушиб, 1:0 ҳисобида мағлуб бўлган эди. Бу билан саудияликлар Ўзбекистон олимпиячиларини Токиодаги олимпия ўйинларида қатнашиш имкониятидан маҳрум қилган эди.

Видео

Фото