Ўзбекистон 19 кун аввал футбол бўйича йирик мусобақа — 23 ёшгача бўлган терма жамоалар ўртасидаги Осиё чемпионатини ўтказишни бошлади. Чемпионатнинг дастлабки кунларида ўйинларнинг асосий қисми бўлиб ўтаётган Тошкентда гўёки ҳеч қандай тадбир бўлмаётгандек, кўпчиликнинг бу мусобақадан хабари йўқ эди. Мусобақа якунига етиб боряпти, сўнгги кунларнинг энг кўп муҳокама қилинаётган мавзуси айнан мусобақанинг финалига чипта топиш билан боғлиқ бўлди.

Ўзбекистон — Саудия Арабистони ўйинига қизиқиш мусобақа Ўзбекистонда ўтаётганини инобатга олганда анчагина юқори. Хўш, ташкилотчилик даражаси-чи? Нега уч кундан буён давом этаётган чипта можароси кун мавзусига айланмоқда? Ўзи нима шовқин? «Газета.uz» воқеалар ривожини бир жойга тўплади.

Барчаси қандай бошланди?

Ўзбекистон Япония термасини мағлуб этиб, финалга йўл олган ўйинга мухлислар киритилмагани, табиийки, финалга бўлган қизиқишни янада орттирди. 17 июнь куни тушга яқин ЎзПФЛ директори Диёр Имомхўжаев Ўзбекистон U-23 — Саудия U-23 ўртасидаги финал ўйини учун чипталар айнан шу куни тушдан кейин сотувга чиқишини маълум қилди. Имомхўжаев чипталар секторига қараб 100, 50 ва 25 минг сўмдан сотилиши режалаштирилганини ҳам қўшимча қилди.

Шу куни тушдан сўнг тармоқларда «Бунёдкор» стадиони кассаси атрофида йиғилганлар билет сўраб, норозилик билдираётгани акс этган видеолавҳалар тарқади. Унда ички ишлар органлари ходимлари касса олдига тўпланган мухлисларни кўздан ёш чиқарувчи газ билан ҳайдаганлиги айтилди.

Миллий гвардия Тошкент шаҳар бошқармаси эса буни инкор қилиб, ҳудудда хизмат олиб бораётган ходимлар жамоат тартибини сақланишини талаб қилганлигини ва айрим фуқаролар тартибга чақирилганини, лекин ҳеч қандай куч ишлатиш ёки махсус воситалардан фойдаланиш ҳолатлари бўлмаганлигини таъкидлади.

«Дарё» нашрининг 17 июнь куни берган хабарида айтилишича, шу вақтнинг ўзидаёқ кўплаб чипталар «қўлга» чиқиб кетган. «Кассада 25 минг сўмлик чипталар „қўлда“ 100−150 минг, ҳатто 200 минг сўмдан сотиляпти. Яна бир чайқовчи марказий сектордаги чиптани 500 минг сўмга баҳолаган», — дейилади хабарда.

Худди шу вақтда iTicket.uz сайтида ўйин учун чипталар сотуви ҳали бошланмагани акс этганди. Бу кўрсаткич 17 июннинг сўнгги сонияларига қадар сақланиб қолди.


Фото: iTicket.uz

ЎФАнинг муносабати ва унинг атрофидаги мулоҳазалар

17 июнь куни соат 22:59 да ЎФА матбуот котиби Даврон Файзиев шу куннинг ўзида iTicket`да 10 мингга яқин чипта сотилганини маълум қилди.

Файзиевнинг айтишича, iTicket.uz онлайн платформаси томонидан ва «Бунёдкор» стадиони кассаларида чипталар сотуви бошланган, бироқ стадион атрофида чайқовчилар туфайли тартибсизликлар юзага келган. Шунингдек, iTicket.uz компанияси сайтга ташриф буюрувчилар кўплиги сабаб платформада техник носозлик юзага келганлигини ва яқин вақт ичида бу муаммо бартараф этилишини айтган.

18 июнь, тун соат 2:30 лар атрофида iTicket.uz сайтида чипталар савдоси бошлангани ҳақида хабарлар тарқалди. «Газета.uz» журналисти Шуҳрат Латипов ҳам айни шу вақтда финал чиптасини харид қилишга уринганлигини ва сайтда муаммолар юзага кела бошлаганлини ёзди. У, шунингдек, секторлардан жойларни танлашда ҳам муаммолар бўлганини, платформада носозликлар кузатилганини маълум қилди.

«Газета.uz» нашри журналистлари iTicket.uz сайтида соат 03:56 да чипталар сотилиб бўлингани кўрсатилганини кўришди.


Бироқ, 2 дақиқадан сўнг сайтда яна чипталар пайдо бўлди.


Туннинг қандайдир 2 соатида минглаб чипталар бирдан сотилиб кетгани ажабланарли.

OLX`даги чайқовчилар ёки юзлаб чиптани кимлар сотиб олди?

18 июннинг тонгида «Бунёдкор» кассалари иш фаолиятини бошлагани, харидорлар навбатга турган ҳолда чипта сотиб олаётгани акс этган видеолар тармоқларда тарқалди.

Бироқ шу ўринда чайқовчилик интернет оламига ҳам кўчган эди.

Хусусан, бирор маҳсулотни сотиш ва сотиб олиш учун мўлжалланган Olx.uz сайтида ҳам финал чипталари сотилаётганини кўриш мумкин. Нархлар эса юқори — 200 минг сўмдан 3,5 млн сўмгача.



Фото: Ижтимоий тармоқлар.

Тармоқларда эса турли гап-сўзлар тарқалди.

Улардан бирида айтилишича, финал чипталари iTicket.uz сайтида сотувга чиқмасданоқ «брон» қилинган. Kun.uz нашри ўз манбаси ушбу маълумотни тасдиқлагани, iTicket.uz орқали чипталар 17 июнь куни соат 18:00 да савдога чиқарилган бўлиб, унгача фойдаланувчилар сайтга кира олмагани ҳақида ёзди.

«Қизиғи, олғирлар оммавий савдолар бошланган 18:00 гача ҳам чипталарни олдиндан «бронлаш»ни давом эттиришган. Kun.uz манбаси томонидан тақдим этилган скриншотларни таҳлил қилиш асносида қизиқ маълумотларга ҳам дуч келдик», — дейилади нашр суриштирувида.

Шунингдек, тармоқларда iTicket.uz сайти орқали Равшан Эрматов 400та, Одил Аҳмедов 100 билет сотиб олгани акс этган скриншотлар тарқалди. Бу қанчалик ҳақиқатга мос ёки мос эмас — ЎФА ҳозирча жим.


Фото: Ижтимоий тармоқлар.

Финални кўриш учун қўйиладиган монитор, чипталар қиммат бўлиши кераклиги ҳақида

ЎФА матбуот хизматининг 18 июнь кунги хабарида айтилишича, финалга қизиқиш юқорилиги ва стадион барча хоҳловчиларни сиғдира олмаслигини инобатга олиб, «Бунёдкор» тураргоҳида футбол мухлислари учун махсус монитор ўрнатилиши режалаштирилмоқда.

Шундай мониторга ўхшашини эса вилоятларда ҳам хоҳлашмоқда. Тармоқларда бу каби видеомурожаатлар оммалашиб бормоқда. Ҳозирча бу каби ишлар амалга ошириладими ёки йўқ, ҳокимликлар жим.

Чипта можароси давом этаётган бир вақтда иқтисодчи Отабек Бакиров талаб юқори бўлган вақтларда чиптанинг нархини қимматлатиш кераклигини ёзди.

«Чунки таклиф ҳаддан зиёд чегараланган, талаб эса ҳаддан зиёд юқори. Имконияти чекланган ва меҳмонлар учун мингта билет захираланган тақдирда ҳам, ташкилотчилар қолган 29 минг билетни сотишдан максимал фойда кўриши зарур. Бу йўлда уларнинг энг катта душмани олиб сотарлар, энг яқин иттифоқчиси эса нарх. Шу билан бирга олиб сотарларга қарши маъмурий йўл билан курашиш керак эмас. Чунки улар айни вақтда нарх бўйича сигналчи ҳам, ҳам талабни янада оширувчи промоутер бўлиб хизмат қилишади», — дейди иқтисодчи.

Блогер Хушнудбек Худойбердиев Twitter саҳифасида 18 июнь куни «ҳамма яхши биладиган» ҳоким билан гаплашгани, ҳоким «оддий ўйинларга одамларни мажбурлаб олиб кирмасдан, 50 минг сўмдан бериш, аммо финалда энг арзон жойни 500 минг қилиш кераклиги» ҳақида гапирганини ёзган.


Фото: Twitter`дан скриншот.

Бугун мухлисларнинг стадионга кириши қандай бўлади?

Чипталарнинг деярли барчаси ўз эгаларини топган. Аммо, чайқовчиларнинг ёлғонларига алданиб, бир чиптани бир неча киши сотиб олиб, эртага футболга киролмаслик каби ҳолатлар бўлиши мумкинми? Ҳозирча сўроқ остидаги ягона савол айнан шу.

Миллий гвардия Тошкент шаҳар бошқармаси мухлисларга мурожаат билан чиқди. Унда мухлислар стадионга турли хавфли жиҳозлар олиб кирмаслиги, майдонга тош ва бошқа нарсалар отиш керакмаслиги, ҳар қандай ҳолатда ҳам турли ҳақоратли сўзлар ишлатмаслиги эслатилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон — Саудия Арабистони ўйини бугун 18:00 да бошланади.

Сал олдинроқ финал учрашуви сабабли соат 12:00 дан 00:00 га қадар Тошкентдаги «Миллий» стадиони атрофидаги кўчалар автотранспорт воситалари учун ёпилиши ҳақида хабар берилди.