«Инсонлар ҳаётини қутқаришда давом этяпман» – PETRONAS компаниясининг хавфсизлик, соғлиқ ва атроф-муҳит муҳофазаси бўйича бошқармаси бош менежери Нафиса Ходжаева

Малайзиянинг PETRONAS компанияси Хавфсизлик, саломатлик ва атроф-муҳит муҳофазаси бўйича бошқармаси бош менежери Нафиса Ходжаева – «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони. Ундан шифокорлик амалиётини нима учун тарк этгани, корпорацияда гендер тенглигига муносабат қандайлигини билиб олдик, шунингдек, ёшларга маслаҳатлар беришини сўрадик.

«Газета.uz» таҳририяти «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси доирасида хорижда таҳсил олаётган ёки хорижий олий ўқув юртларини тамомлаб, айни пайтда чет элда ишлаётган ҳамюртларимиз билан суҳбатларни эълон қилиб боради. Ватандан узоқдаги ҳаёт, хорижий таълимни танлаш сабаблари ва қаҳрамонлар дуч келган синовлар ҳақида суҳбатлашамиз. Лойиҳанинг янги меҳмони – HSE бош менежери Нафиса Ходжаева.
Нафиса Ходжаева Фарғонада таваллуд топган. Андижон давлат тиббиёт институтини тамомлаган. Икки йиллик тиббий амалиётдан сўнг халқаро нотижорат ташкилотларда ишлай бошлаган. Биринчиси «Чегарасиз шифокорлар» бўлса, ундан кейин «Меҳрибонлик корпуси» ҳамда Халқаро қизил хоч ва Қизил ярим ой жамиятлари федерациясида.

2006 йилдан бошлаб Ходжаеванинг касбий фаолияти HSE (Health, Safety, Environment – Соғлиқ, Хавфсизлик, Атроф-муҳит) соҳаси билан боғлиқ. У акционерлари орасида Shell британ-голлад компанияси ҳам бўлган Россиянинг нефть ва газни қазиб олиш бўйича «Сахалин-2» лойиҳасида ишлаган.

2009 йилда Ходжаевани PETRONAS Uzbekistan компаниясига меҳнатни муҳофаза қилиш ва саноат хавфсизлиги бўйича мутахассис сифатида ишга қабул қилишди. Орадан уч йил ўтиб бўлим бошлиғи лавозимига кўтарилди. 2013 йилдан бери у компаниянинг Малайзия пойтахти – Куала-Лумпур шаҳридаги PETRONAS эгизак биноларида жойлашган бош офисида ишлаб келмоқда. Бугун Нафиса Ходжаева PETRONAS компаниясининг Хавфсизлик, саломатлик ва атроф-муҳит муҳофазаси департаменти бош менежери. У Fortune Global 500 версияси бўйича дунёдаги энг йирик компаниялар рейтингига кирувчи компанияда раҳбар лавозимида фаолият кўрсатаётган биринчи ўзбекистонлик аёл. PETRONAS юридик жиҳатдан Малайзиянинг барча нефт ва газ захираларига эгалик қилади.
– Ўзбекистондан кўчиб кетишингиздан олдинги ҳаётингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.
— Фарғона шаҳрида туғилганман. Инглиз тили чуқурлаштириб ўқитиладиган 2-сонли мактабда ўқиганман. У водийда анча машҳур. Битирувчилари орасида актёр Александр Абдулов ҳам бор.

Болаликдан шифокор бўлишни орзу қилганман. Бу касбга, оқ халатга муҳаббат қаердан келганини билмайман. Оилада тиббиёт ходимлари йўқ эди, ота-онам ўқитувчи. Кўпчилик болалар сингари, мен ҳам шунчаки шифокор бўлишга қарор қилдим.

Орзулар, айниқса болалик орзулари одатда боланинг қизиқишлари билан бирга ўзгариб боради. Бугун у учувчи, эртага муҳандис. Мен эса орзуимни ўзгартирмадим. Андижон давлат тиббиёт институтини имтиёзли диплом билан тамомлаб, икки йил давомида Фарғона вилоят туғруқхонасида ишладим.

Ташвишлар шифокорлик амалиётимни давом эттиришимга халақит берди. Ишда куйиб-ёнардим, ҳар бир бемор учун ташвишланардим. Характер ҳам катта рол ўйнади. Мен ҳамиша адолат излайдиган ва «нега?» деган саволга жавоб излайдиганларданман. Масалан, нима учун дарсликда бир нарса ёзилади, лекин одам буни бошқача қилади. 90-йиллар охирида бу ҳозиргидек аҳамиятли эмас эди. Тўғрироғи, ҳаётимнинг айрим босқичларида адолатга, ҳақиқатга интилиш ҳатто халақит берди. Баъзида буларнинг барчаси ҳақиқатан ҳам керак эмасдек туюларди.
Ректоримиз Мамазоир Ахмедович Хўжамбердиевнинг гапларини тез-тез эслардим.
У шифокор ўз ишида адо бўлмаслик учун ўзини ташвишлардан четлаштира олиш керак бўлган касб эканлигини ўргатарди.
Ташвишланишимни кўриб, амалиёт билан шуғулланиш, касалларни даволашни эмас, илм билан шуғулланишни, назарияни ўрганишни маслаҳат берарди.
— Бу маслаҳатга қандай муносабатда бўлдингиз?
— Бу яхши маслаҳат эканини тушунардим. Ўшанда натижалар дарҳол кўзга кўриниши учун ишлашни жуда хоҳлардим. Бошқа томондан, тизим мослашувчанликни, гапга кўнувчанлик, қаердадир жим туришни талаб қиларди. Шу боис, тиббий амалиёт бошланганидан икки йил ўтиб, «Чегара билмас шифокорлар» халқаро ташкилотига ишга кириш имконига эга бўлгач, иккиланмасдан истеъфога чиқиш ҳақида ариза ёздим. Ўшанда оқ халат ҳақидаги орзуларим абадий барбод бўлиб кетиши мумкинлигини тушунардим. Бошқа томондан эса, янги босқич бошланаётганини англадим ва ўзимни унда синаб кўришим керак эди.

«Чегарасиз шифокорлар»да Фарғона водийсини қамраб олган лойиҳалар устида ишладим. Health promotion, яъни аҳолини соғлом турмуш тарзи ҳақида хабардор қилиш, касалликларнинг олдини олиш, шунингдек, ўз соғлиғига масъулиятли муносабатни шакллантириш масалалари билан шуғулландим. Шундан сўнг «Меҳрибонлик корпуси», Халқаро қизил хоч ва Қизил ярим ой жамиятлари федерациясида ишладим. Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида лойиҳаларни амалга оширдим.

Шифокорликни ташлаганимдан икки-уч йил ўтгач, туғруқхонадаги ҳамкасбларим билан учрашдим. Суҳбатлашдик. Ва мен истеъфога чиқиш ҳақидаги аризамни имзолаган одамлардан миннатдор эдим. Улар менинг тўғри иш қиляпманми, деган шубҳаларимни йўқотиб, мени фақат битта танлов қаршисида қолдиришди — олдинга қадам ташлаш.
— Айтингчи, Россиянинг нефть ва газ конларини ўзлаштириш бўйича «Сахалин-2» лойиҳаси йўлингизда қандай пайдо бўлди?
— 2006 йилда Халқаро қизил хоч ва Қизил Ярим ой жамиятлари федерацияси Ўзбекистонни тарк этишга қарор қилди. Касби шифокор бўлган турмуш ўртоғим иккимиз бундан кейин нима қилишни ўйлаётганимизда, дўстларимиз бизга «Сахалин-2» лойиҳасида ишлашни таклиф қилишди. Инглиз тилини биладиган шифокорлар етишмайди, дейишди. Турмуш ўртоғим ва мен тез ишга киришамиз. Икки болани ота-онамизга қолдириб, ўзимиз нарсаларни йиғиштирганча на лойиҳа, на орол ҳақида ҳеч нарса билмаган ҳолда жўнаб кетдик.
«Сахалин-2» – дунёдаги энг йирик нефть ва газни ўзлаштириш лойиҳаси бўлиб, муҳандислик нуқтаи назаридан энг мураккаб лойиҳалардан ҳисобланади. Нефть хом ашёси ва табиий газни қазиб олиш ва экспорт қилиш бўйича жаҳон андозалари даражасидаги технологик объектларни, шунингдек суюлтирилган газ (СУГ) ишлаб чиқариш заводини қуриш ва фойдаланишни ўз ичига олади. Лойиҳа оператори – «Сахалин Энерджи», унинг акциядорлари «Газпром», Shell британ-голланд нефть ва газ компанияси ҳамда Япониянинг Mitsui ва Mitsubishi корпорациялари. 2022 йил 28 февралда Shell «Газпром» билан қўшма корхоналар таркибидан, жумладан, «Сахалин-2» лойиҳасидан чиқиш ниятини эълон қилди.
реклама
реклама
«Сахалин-2» лойиҳасида шифокор бўлиб ишлай бошладим, лекин кўп ўтмай Shell мени касбий касалликлар соҳасида тиббий масалалар бўйича директор ўринбосари лавозимига таклиф қилди. Мен уларнинг офисига кўчиб ўтдим ва лойиҳада саломатлик, меҳнат ва атроф-муҳит хавфсизлигини муҳофаза қилиш билан боғлиқ масалаларни назорат қила бошладим.
Шундай қилиб меҳнат ва атроф-муҳит муҳофазасига йўналтирилган HSE (Health, Safety, Environment) соҳасидаги фаолиятим бошланди. Одатда бундай иш билан муҳандислик тажрибасига эга кишилар ёки касбий касалликларга ихтисослашган шифокорлар шуғулланади. Бу rocket science (ракетасозлик) эмас. Ўзлаштириш мумкин.
Менга тез-тез: нега шунча йил шифокорликка ўқидингиз, лекин шифокор бўлмадингиз, деб савол беришади. Ҳар доим мен ишлаётган компанияда «доктор» деб мурожаат қилиш исмимнинг ажралмас қисми дея жавоб бераман. Анчадан бери тиббий амалиётда бўлганим йўқ, лекин инсонлар ҳаётини қутқаришда давом этяпман.
Нефть ва газ саноати соғлиқ учун хатарлар ва ишлаб чиқариш жароҳатлари кўп учрайдиган соҳа. Масалан, нефть ва газ саноати ходимлари баланд шовқин чиқарадиган ускуналар билан ишлайди. Агар одам шахсий ҳимоя воситаларига эга бўлмаса ёки улардан нотўғри фойдаланса, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаса; компрессорлар шовқин даражасини пасайтирадиган махсус қоплама билан таъминланмаган бўлса, у ҳолда эшитиш қобилиятининг бузилиши хавфи ортади. Йиллар давомида бензин ишлаб чиқаришда банд бўлган ходимларда онкологик касалликлар ривожланиши мумкин. У жуда заҳарли ҳисобланади.

Ишчилар меҳнатини малакали ташкил этиш, уларнинг соғлиғини назорат қилиш муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу мазкур ишда касбий яроқлиликни текширишнинг ўзига хос шакли ҳам ҳисобланади. Биз ишлаб чиқариш шароитларини ўрганамиз, барча эҳтимолий хатарларни қандай қилиб назоратимизга олиш мумкинлигини таҳлил қиламиз.

Баъзида газ қувури ёрилиши, ёнғин каби фавқулодда вазиятлар содир бўлади. Қиш тўққиз ой давом этадиган Сахалинда мен winterization, snow management, яъни «қишни бошқариш» тушунчалари борлигини билиб олдим. Биринчи марта турли даражадаги музлаш, совуқ жароҳатларга дуч келдим. Авваллари буларни фақат фильмларда кўргандим.

Лойиҳадаги уч йиллик иш бизга катта тажриба орттириш имконини берди. Мен HSE соҳасидаги карьерамни меҳнат, саломатлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида дунёдаги етакчи компаниялардан бири бўлган ва ишлаб чиқариш стандартларини белгиловчи Shell компаниясида бошлаганимдан хурсандман.
— PETRONAS`да қандай ишлашни бошладингиз?
— Мен учун она сифатида болаларимни йилига бир марта кўриш катта синов эди. PETRONAS Ўзбекистонда ваколатхонасини очаётгани ва компания кадрлар қидираётгани ҳақида маълумот пайдо бўлгач, резюме топширдим. Сахалиндаги ўрнимдан пастроқ лавозимга ҳам рози бўлдим. Ҳаётимга мувозанатни қайтариш, ишлайдиган аёл ва она, турмуш ўртоқ ролларини бараварлаштириш муҳим эди.

PETRONAS Uzbekistan`да уч йил ишладим. Меҳнатни муҳофаза қилиш ва саноат хавфсизлиги бўйича мутахассис лавозимидан бўлим бошлиғи даражасига кўтарилдим. «Ўзбекнефтгаз» АЖ билан ҳамкорликда ишлаб чиққан ва амалга оширган дастурларимиз жуда муваффақиятли бўлди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган HSE-лойиҳаларидан Қорақалпоғистоннинг Урга газ конидаги лойиҳаларни алоҳида ажратиб кўрсатишим мумкин.

Компания мамлакатни тарк этиш тўғрисида қарор қабул қилганда, маҳаллий штатдан 15 нафар энг истиқболли ходим бош офисда ишлашни давом эттириш учун таклиф олдилар. У Малайзия пойтахти — Куала-Лумпур шаҳрида жойлашган. PETRONAS биноларида ишлашга келиш ҳозир одатий ҳолдек туюлади, лекин ўшанда буни тасаввур ҳам қила олмасдим. Шу боисдан мен учун ўша даврга қайтиш, босиб ўтган йўлимга назар ташлаш муҳим. Бу илҳомлантиради!
Компанияда бизга, бошқа давлатдан келган ходимларга ғамхўрлик кўрсатганлари менда қанчалик катта таассурот қолдиргани ёдимда. Малайзиялик ҳамкасблар бизни жуда илиқ кутиб олишди, муҳитнинг ўзи жозибали эди.

PETRONAS`да diversity and inclusion (сўзма-сўз «хилма-хиллик ва инклюзия») тамойилига катта эътибор берилади. Бу нафақат қоғозда, балки амалда ҳам мавжуд. Унинг ёрдамида турли мамлакатлардан келган ходимлар ўзларини улкан компаниянинг бир қисмидек ҳис қилишади. Фақат бир марта ўзимга, келажагимга ишончимни йўқотдим. Senior manager (катта менежер) лавозимидан юқорироққ кўтарилмайман, деб ўйладим. Жуда қизиқ: Ўзбекистонда бу лавозимдаги одамларга фақат ҳавас билан қарардик, Малайзияда эса кўпроқ нарсага қодир эканимни ҳис қилдим. Қаттиқ меҳнат қилдим ва компания ҳаракатларимни пайқаб, менга шундай имкониятни берди.

Мен билан бирга Куала-Лумпурга ишлаш учун келганларнинг кўпчилиги ҳам раҳбарлик лавозимларида ишлайди. Бугунги кунда 12 нафар ўзбекистонлик PETRONAS`нинг бир парчасига айланганини билишдан жуда мамнунман.
— Бугун сиз Хавфсизлик, саломатлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бош менежери лавозимида ишлайсиз. Корпоратив пиллапоялардан кўтарилишингиз учун қанча вақт керак бўлди?
— Бош офисда 9 йилдан бери ишлайман. Шу вақт ичида юқори раҳбарлик лавозимига кўтарилганимни ютуқ деб биламан. Кўпгина малайзияликлар компанияда 20-25 йил ишласалар ҳам ўз карьерасини пастроқ лавозимларда якунлайдилар.

Мен бир жойда ўтирмадим. Тинимсиз турли объектларга ташлашди. Баъзида бунга қандай муносабатда бўлишни, улар мендан нимани хоҳлашларини билмасдим. Энди тушундимки, компания ўз ходимларини шундай ривожлантиради.

2018 йилда PETRONAS`нинг инвестициялар бўйича ҳам, таъсир кўрсатиш нуқтаи назаридан ҳам энг йирик объектларидан бири – Pengerang Integrated Complex (PIC) нефть мажмуасига ўтказилдим. Бу жой Малайзиянинг энг жанубий нуқтаси. Кўпгина маҳаллий аҳоли ҳам у ерда ҳеч қачон бўлмаган.

Турмуш ўртоғим билан бир йилдан кўпроқ Пенгаранда (Малайзиянинг Жоҳор штати Кота Тингги туманидаги муниципалитет — таҳр.) бўлдик. Ҳар куни ишга машинада борардим, чунки заводнинг ўзи техноген авария хавфи туфайли шаҳардан узоқда жойлашган.
Лойиҳада хавфсизлик раҳбари лавозимида ишладим. Вазифам меҳнат муҳофазасини таъминлашдан иборат эди. Бу аслида муҳандисларнинг иши ва маълумоти бўйича шифокор бўлган мен учун мазкур тайинлов ноёб тажриба орттириш имконияти эди.

2019 йилда Куала-Лумпурга қайтганимда компания PETRONAS`нинг 45 йиллигига бағишланган журналнинг махсус сонини тайёрлаётган эди. HSE бошқармаси унда таржимаи ҳолимдан ташқари, Пенгарандаги ҳикоям ҳам чиқиши керак деб қарор қилди. Эсимда, ҳамкасбларим мендан шифокорлар меҳнатни муҳофаза қилиш билан қандай шуғулланишлари мумкинлигини тушунтириб беришимни сўрашганди.
Шифокорлар ҳамма нарсани қила олади, ҳатто бош вазир ва президент бўлишлари ҳам мумкин.
Мен Малайзия бош вазири Махатхир Моҳамадни мисол қилиб келтирдим. Маълумоти бўйича у шифокор. Шундай қилиб, улар мени тушунишди (кулади).
— Ўзбекистонда бир қанча халқаро ташкилотларда ишлагансиз. PETRONAS`да меҳнатни ташкил этиш, жамоа ичидаги алоқалар нимаси билан фарқ қилади?
— PETRONAS`даги муҳит бутунлай бошқача, чунки бу ерда ходимлар бир жамоа бўлиб ишлайди. Компаниянинг жамоада алоқаларни ўрнатишга ўзига хос ёндашуви бор. У одамлар ҳар хил деган ғояга таянади. Биз маълумотимиз, тажрибамиз, феъл-атворимиз билан ажралиб турамиз. Ҳар кимнинг ўзига хос кучли томонлари бор ва компания айнан шу нарсага эътибор қаратади. Мисол учун, агар бир киши лойиҳани режалаштиришда кучли бўлса, у ўзининг кучли томонларини максимал даражада юзага чиқариш учун шу лавозимда ишлайди.

Кўпчилик мотивация – ҳар доим моддий манфаатдорликда деб ўйлайди. Менинг тажрибам эса бошқа нарсалар ҳам борлигини кўрсатди. Аввало, ҳар бир ходимнинг қўшаётган ҳиссаси учун рағбатлантириш ва миннатдорчилик. Ўлчовнинг бошқа томонида фикр-мулоҳазалар мавжуд. Доимо мувозанатни сақлаймиз: қўллаб-қувватлаш ҳақида гаплашамиз ва ходим яна нималар қилиши, нималар устида ишлаши мумкинлигини аниқлаймиз. Бу одамга ривожлантириши мумкин бўлган ўзининг, эҳтимол, «кўр зоналари»ни кўриш имкониятини беради.

PETRONAS`да, айниқса, улкан қўллаб-қувватлаш ҳиссини яхши кўраман. Турли дастурларимиз бор, тимбилдинг (коллективни йиғиш ва жамоада умумий муаммоларни ҳал қилиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган фаол тадбирлар мажмуаси — таҳр.) ривожланган. Пандемия даврида компания ходимларнинг ментал саломатлигини сақлаш, уй офисга айланган муҳитда иш ва оила ўртасидаги соғлом мувозанатни сақлашга катта эътибор қаратилди.
— Сизни қачондир карьерапараст деб аташганми?
— Одамларнинг ҳаётим, эгаллаб турган лавозимим тўғрисида қандай фикрда эканлиги ҳақида қайғурмайман. Ҳар доим ўз ходимларимга: бутун қалбингиз билан ишланг ва сизнинг ҳаракатларингиз ўзингизга қайтади, деб айтаман. Тан олиниш учун лавозимларни таъқиб қилиш шарт эмас. Карьера табиий ва мантиқий жараёндир. Компания ҳар доим сизнинг ҳаракатларингизни сезади. Мен бунга ишонаман.

Шунингдек, Ўзбекистон қизлари, аёллари ўз меҳнатсеварлиги туфайли нафақат ватанда, балки хорижда ҳам улкан муваффақиятларга эришяпти. Умид қиламанки, менинг ҳикоям кимнидир илҳомлантиради.

Ўзбекистон президенти томонидан хотин-қизларнинг бошқарув соҳасида ролини оширишга катта эътибор қаратилаётганидан хурсандман. Ривожланган мамлакатлар сиёсатда қарор қабул қилиш даражасида аёлларнинг улуши камида 30 фоиз бўлишини таъминлашга интилади. Малайзияда ҳам вазият худди шундай.

— Нима деб ўйлайсиз, нега замонавий дунёда аёлларнинг сиёсат, саноат, фан каби соҳаларда иштироки фоизини ошириш қийин?
— Менимча, бу жамиятнинг бизни жамият, давлат ҳаётининг иштирокчиси сифатида эмас, балки уй бекаси сифатида кўриши билан боғлиқ. «Аёл-хотин», «аёл-она» тушунчалари кучли.

Кўпгина соҳалар, жумладан, мен ишлаётган нефть ва газ саноатида эркаклар устунлик қилади, яъни асосан эркаклар ишлайди. Бироқ аёллар ва эркаклар ўртасида мувозанат мавжуд бўлган компанияларда тараққиёт ва ривожланиш анча тезлашади. Агар эркаклар масалага «керак бўлгани учун қилиш лозим», деган позициядан ёндашишга мойил бўлса, аёллар бу қанчалик керак, деб савол беради. Бизни эмпатия бошқаради. Шу сабабли, мувозанат мавжуд бўлган компаниялар онглироқ қарорлар қабул қилишлари мумкин.

PETRONAS гендер тенглигини таъминлашга катта эътибор беради. Компанияга илк бор келганимда, айниқса, бошқарувда аёллар сони унчалик кўп эмас эди. 2000-йилларда компания махсус Petronas Leading Women Network (PLWN) дастурини жорий қилди ва аёлларнинг роли сезиларли даражада ошди.

Дастурнинг мақсади аёлларни компанияда ушлаб туришдан иборатдир. Амалиёт ишида ўсиш, кўтарилиш йўқ деб ҳисоблайдиган оилали аёллар кўпроқ ишдан бўшашини кўрсатмоқда. Қайсидир нуқтада демотивация бошланади ва улар компанияда ишлашни давом эттиришдан кўра, оилавий масалаларни ҳал қилиш яхшироқ деб қарор қилишади. Ушбу дастур амбиция ва билимга эга аёлларнинг юқори поғоналарга кўтарилишига ёрдам беради.

Бугунги кунда PETRONAS ходимларининг 28 фоизини аёллар ташкил этади. Бошқарув жамоаси (бош менежер ва ундан юқори лавозимлар) 26 фоиз аёллардан иборат.
— Яқинларингиз ишингиз, лавозимингизга қандай қарашади?
— Менинг оилам – чексиз қўллаб-қувватлаш, мотивация ва асосий ютуғим манбаи. Турмуш ўртоғимни доим шахсий мураббийим деб айтаман. У киши ҳар доим ёнимда бўлганлар. Биз институтда танишганмиз. 25 йилдан ортиқ биргалигимиздан жуда фахрланаман.

Икки фарзандимиз бор. Ўғлим Мельбурндаги (Австралия) Монаш университетини (Monash University) тамомлаган. Ўтган йили у Ўзбекистонга қайтди, Enter Engineering компаниясида ишлаяпти. У ёш мутахассис сифатида нолдан бошлашга, ёш компаниянинг бир қисми бўлишга қизиқади.
Қизим тиббиётчилар сулоламизни давом эттиришга қарор қилди. Варшавадаги (Польша) тиббиёт университетида стоматолог сифатида ўқийди. Бошида иккиланган бўлса, бешинчи йилга келиб тиббиётни севиб қолди. Ҳозир шифокор сифатида мустақил ишлаши мумкин.

Ташқаридан қараганда, омадим келгандек туюлиши мумкин. Бу ундай эмас. Ҳаётимизда қийинчиликлар ҳам бўлган. Биз она юртимиздан, бир-биримиздан узоқда яшаймиз. Ҳар доим ҳам Наврўз каби байрамларда йиғилиш, шодлик улашиш насиб этавермайди. Шуни ёдда тутиш керакки, оила чиройли сурат эмас, балки қаттиқ меҳнат, сабр-тоқат ва нарсаларга ижобий қараш қобилияти ҳамдир.

реклама
реклама
— Ўзбекистонга тез-тез келиб турасизми?
— Бир йилда бир марта. Узоқ таътил вақтида.
— Ўзбекистонга қайтмоқчимисиз?
— Ҳозир бу саволга аниқ жавобим йўқ. Ўзбекистонга қайтишимни, кексалигимни она юртимда ўтказмоқчи эканлигимни аниқ биламан. Бу қачон содир бўлиши эса вақт масаласидир.

Ўзбекистонни жуда яхши кўраман. Ўз юртим билан фахрланаман, хорижликларга ҳамиша Самарқанд, Бухоро ҳақида гапиришга ҳаракат қиламан. Энг ҳайратланарли туйғу – Ўзбекистон ҳақида ҳеч қачон эшитмаганлигини тан оладиган одамларни учратиш. Ўша пайтда мен юртимнинг юзи эканлигимни ва суҳбатдошларимда ижобий, ёқимли таассуротлар қолдириш учун қўлимдан келган ҳамма нарсани қилишим кераклигини ҳис қиламан.
— Хорижда ўқиш истагида бўлган ватандошларга қандай маслаҳат берасиз?
— Қизиқувчан бўлинг ва имкониятлар: таълим дастурлари, грантлар қидиринг. Кўплаб хорижий университетларда улар мавжуд.

Сифатли таълим ёшларнинг орзуси ва мақсади бўлиши керак, чунки хорижда яшаш, бу – жуда катта тажриба. Чет элда таълим олган одамлар замонавий дунё контекстида қандай ривожланиш кераклиги бўйича янгича нуқтаи назар ва тушунчага эга бўлишади.
— Малайзияга қандай кўчиб ўтиш мумкин?
— Кўчиб ўтишнинг бир неча йўллари мавжуд.

Биринчиси, ишга жойлашсангиз ва иш визасига эга бўлсангиз ёки расмий равишда ишлайдиган резидентнинг тўғридан-тўғри оила аъзоси — турмуш ўртоғи, фарзанди, ота-онаси бўлсангиз. Иккинчи ҳолда эса мамлакатда яшаш ҳамда чексиз кириш-чиқиш имкониятини берадиган dependent visa визасини оласиз.

Бироқ dependent visa билан расман ишлай олмайсиз. Иш берувчи жавобгарликни бўйнига олиб, оила аъзолар учун employment pass/dependent pass тақдим этади.

Шахсий тажрибамдан келиб чиқсак, ишчи виза камида бир, кўпи билан беш йилга берилади. Компаниядан кетсангиз, иш берувчи ишчи визангизнинг амал қилиш муддатини тўхтатади ва қонунчиликда белгиланган муддатда мамлакатни тарк этишингиз керак бўлади.

Dependent visa ишчисига боғлиқ бўлгани учун юқоридагилар унга ҳам тааллуқли бўлади.

Болалар учун dependent pass фақат 18 ёшга тўлгунларига қадар амал қилади, яъни фарзандларим энди уни олишга ҳақли эмас. Агар улар 30 кундан ортиқ муддатга келишни хоҳласалар, мен Малайзияда узоқроқ қолиш ва яшаш ҳуқуқини берувчи social pass учун ариза беришим мумкин.

Яна бир йўли — талаба визасини олиш. У ўқиш муддатига берилади. Виза одатда ҳар йили янгиланади. Тил курсларида таҳсил олаётганлар учун ҳам талаба визаси берилади.

Туристик виза. Ўзбекистон фуқаролари Малайзияга кириб, мамлакатда 30 кунгача визасиз қолишлари мумкин. Ушбу муддатдан сўнг, агар сизда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда узоқроқ қолиш учун сабаблар бўлса, узайтириш учун ариза беришингиз мумкин.

Малайзия фуқароси билан турмуш қуриш Малайзияга кўчиб ўтишнинг яна бир йўли ҳисобланади.

Шунингдек, «Малайзия менинг иккинчи уйим» – MM2H дастури ҳам мавжуд. Тафсилотларни расмий сайтдан топиш мумкин. Бироқ, билишимча, ўтган йилдан бошлаб қоидалар қатъийлаштирилди. Дастур сизга ишлаш ҳуқуқини бермайди.

Яшаш учун рухсатнома ва фуқароликни олиш жуда қийин. Ҳар бир ҳолат учун мезонлар индивидуалдир. Мисол учун, сиз ўз соҳангизнинг юқори малакали мутахассиси бўлишингиз ва мамлакат сизга катта эҳтиёж сезиши лозим.

Ёки сиз Малайзия фуқаросининг турмуш ўртоғисиз ва мамлакатда белгиланган йиллар давомида яшагансиз, малай тилида равон гаплаша оласиз ва бошқалар. Жараён анча мураккаб ва узоқ давом этади. Малайзияда 15-20 йил яшаган кўплаб чет элликлар яшаш учун рухсатнома олишдан нарига ўтмаган.
Блиц
— Эрта тонгда туриш қийинми?

— Албатта. Мен эрта туриш тарафдори эмасман. Мен учун бу эрталабки беш-олти. Одатда 07:30 да тураман. Зарур бўлганда, уйғотувчи соат автомат ишлаб кетади.

— Нимадандир афсусланасизми?

— Қайсидир босқичда шифокорликни давом эттирмоқчи эдим. Бу кичик ташвишланишлар дегани. Ўтмишга назар ташласам, мутлақо тўғри қарор қабул қилганман деб ўйлайман.

— Сизни нима депрессияга тушириши мумкин?

— Нимадир амалга ошиши учун бор кучимни сарфлаганимни билсам-да, ўзим кутган натижани кўрмасам. Мен табиатан перфекционистман ва ишдаги бундай ҳолатлар, албатта, депрессияни келтириб чиқариши мумкин. Яхшиямки, худди шу сабабга кўра, улар камдан-кам учрайди ва мен кўп ҳолларда позитив одамман.

— 5 йилдан кейин ўзингизни қаерда кўрасиз?

— HSE соҳасида ишлашда давом этаман. Менинг орзуим бор. Беш-ўн йилдан кейин амалга ошадими, йўқми — билмайман. Ёшларни ривожлантириш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини ошириш йўлида хайрия ишлари билан шуғулланмоқчиман.

— Ўзбекистондами?

— Катта эҳтимол билан Ўзбекистонда.

— Агар олтин балиқ тутиб олсангиз, Ўзбекистон учун нима сўраган бўлар эдингиз?

— Янгича қараш, ёшларимизнинг кундалик ҳаётдаги фаол иштирокини. Токи ёшлар ўзларига, юртимиз келажагига ишонсин. Шундай қилиб, биз кучли ривожланган давлат барпо эта оламиз.
Матн Виктория Абдураҳимова томонидан тайёрланди.
Фотосуратлар Нафиса Ходжаеванинг шахсий архивидан.
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. www.gazeta.uz сайтида эълон қилинган, «Газета.uz» ёки учинчи томонга тегишли график ва бошқа материаллардан ҳар қандай мақсадда фойдаланиш таъқиқланади.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг