Ўзбекистонда автомобиль ойналарини қорайтириш текин бўлиши керак, деди Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси, ҳайдовчилар учун Ягона имтиҳон маркази асосчиси Комил Алламжонов.

«Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда ёз жуда иссиқ, гоҳида ҳаддан зиёд ёқимсиз иссиқ бўляпти. Булутли иссиқ кунларда эса бош оғриғига чидаб бўлмайди. Қурғоқчилик кучайиб, бундан бўёғига янада иссиқ бўлса керак. Шу пайтда агар машина тонировкаси бепул қилинса бундан ҳамма ҳайдовчилар, йўловчилар миннатдор бўлар эди. Бу ҳам аслида инсон қадрининг бир кўриниши, одамларга бўлган ғамхўрлик намунасига айланар эди», — деди у.

Охирги ҳафталарда онлайн фойдаланувчилар челленжда иштирок этиб, #тонировка_жиноят_эмас хештеги билан видео жойлаштирмоқда.

Бу фикрга депутат Расул Кушербаев ҳам қўшилди. «Дарҳақиқат тонировка жиноят эмас, халқ ҳисобидан, бюджетдан тонировка қилдириш жиноят. Гап эгасини топади», деб ёзади у. Эслатиб ўтамиз, бир қатор давлат идоралари хизмат автомобилларининг ойналарини текинга қорайтириши мумкин.

15 июнь куни блогер ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев роппа-роса бир йил аввал Ички ишлар вазирлиги депутат Дониёр Ғаниев сўровига жавобан тонировка нархини пасайтириш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳақида эълон қилганини эслади. «Аммо бу давр мобайнида ҳеч нарса ўзгармади», — деб ёзади у.

Аксинча, шу 1 йил ичида базавий ставка ошиши натижасида тонировка нархи ҳам ошди.

Масалан, 1 йил олдин ва ҳозир тонировка нархлари:

  • Фақат орқа ён ойналар учун — ўтган йили 1 млн 225 минг сўм, ҳозир 1 млн 500 минг сўм (+275 минг сўм).
  • Олд ва орқа ён ойналар учун — ўтган йили 12 млн 250 минг сўм, ҳозир 15 млн сўм (+2 млн 750 минг сўм).

«Ҳа, тўғри, ўтган йили 15 сентябрдан бошлаб тонировка учун электрон ариза юборилса, атиги 10% чегирма бериш тартиби кучга кирди. Лекин ундан сал олдин, 1 сентябрь куни тонировканинг нархи ҳам 10%га ошган эди. Яъни аввал 10% нарх оширилиб, кейин 10% чегирма берилганди», — деб эслайди Хушнудбек Худойбердиев.

«Бу очиқ зулм»

Чирчиқлик интернет фаоли Шавкат Хасан 13 июнь куни Facebook ижтимоий тармоғида жонли эфирда хабар беришича, ЙҲХХ ходими ҳужжатларни текшириш чоғида у машинасининг ойнасини қорайтириш учун олган рухсатномаси муддати ўтганини аниқлаган. Унинг сўзларига кўра, машина тўхташ жойига олиб борилган. Рухсат 6 июнь куни, яъни текширувдан бир ҳафта олдин тугаган.

«Бу ҳолатда автомашинани ноқонуний равишда қорайтирганлар билан бир хил миқдорда, яъни 7 ёки 8 млн сўм жаримага тортилганимдан уялдим. Бу ерда мантиқ қаерда? Орқа ойнани қорайтириш 1 млн сўм туради. Рухсатнома муддати тугаши учун 8 млн сўм тўлашим керак бўлади. 15 кун ичида тўласам, 5 млн сўм тўлайман. Мен ўзимдан бечора ясашни асло хоҳламайман, лекин буни очиқ-ойдин зулм деб ҳисоблайман… Ғалати…», деди у.

У ҳужжатларни амалдаги қонунчиликка мувофиқ юридик ёрдам кўрсатишга ваъда берган адвокатларга топширганини қайд этди.