Январь-май ойларидаги Ўзбекистон бўйича 61 та деҳқон бозорида санитария меъёрлари ва қоидалари, шунингдек, гигиеник нормативлар бузилгани аниқланди. Бу ҳақда Санитария-эпидемитдогик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати матбуот котиби Мафтуна Саидова жума куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, мамлакат бўйлаб 279 та деҳқон бозорига бириктирилган 558 нафар санитария хизмати ходими мониторинг олиб бормоқда.

Беш ой давомида савдо марказлари ўртасида араваларда гўшт, сут, ширинлик, салат ва нон маҳсулотларини махсус либосларсиз, санитария меъёрларига риоя қилмаган ҳолда сотаётган 158 нафар фуқаро аниқланди. Тиббий кўрикдан ўтмаган 72 нафар сотувчи аниқланди ва савдодан четлаштирилиб, кўрикдан ўтказиш учун юборилди. Аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан 73 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённомалар тузилиб, судларга тақдим этилди.

Кўриб чиқилаётган даврда деҳқон бозорлари пештахталаридан яроқлилик муддати ўтган, сифати тасдиқланмаган ва органолептик хусусиятлари бўйича стандартларга жавоб бермайдиган қарийб 440,2 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари олиб ташланди ва бракка чиқарилди.

Хизмат матбуот котиби бозорларни ташкил этишнинг асосий муаммоларини санаб ўтди:

  • 56 та бозор сув таъминоти тармоғи билан таъминланмаган: Самарқанд вилоятида — 53 тадан 24 таси, Жиззахда — 23 тадан 7 таси, Қашқадарёда — 17 тадан 6 таси;
  • 152 та бозорда канализация тармоғи мавжуд эмас: Самарқанд вилоятида — 43, Жиззахда — 18, Андижонда — 17;
  • 88 та объектда гўшт сотиш учун махсус жиҳозланган павильонлар мавжуд эмас: Самарқанд вилоятида — 22 та, Жиззах ва Сурхондарёда — 11 тадан;
  • 123 та бозорда сут ва сут маҳсулотлари сотиш павильонлари мавжуд эмас: Самарқандда 31 та, Сурхондарёда 13 та, Тошкент вилоятида 12 та.
  • 30 та бозорда ветеринария-санитария экспертизаси лабораториялари мавжуд эмас: Самарқанд вилоятида — 9, Фарғонада — 3, Жиззахда — 7.
  • 11 та бозорда чиқиндиларни вақтинча сақлаш жойлари мавжуд эмас, шу жумладан Қорақалпоғистонда 3 та, Фарғона ва Хоразм вилоятларида 2 та бозорда.
  • 61 та бозорда дезинфекция ва дезинсекция хизматларини кўрсатиш бўйича шартнома тузилмаган.