Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш тартибларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жамотчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Лойиҳа ташаббускори Адлия вазирлиги.

Ҳужжатни ишлаб чиқишдан мақсад — ФҲДЁ органлари ходимларининг фуқаролар билан бевосита мулоқотга киришганда туғилганлик, никоҳ ва ажримларни қайд этишда юз бериши мумкин бўлган коррупциявий ҳолатлар олди олишдан иборат.

Унга кўра, туғилганликни тиббиёт муассасалари орқали фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларида қайд этиш тартиби 2022 йил 1 сентябрдан Тошкент шаҳрида, 2023 йил 1 январдан эса бутун республика ҳудудида жорий этиш кўзда тутилган.

Ҳужжат қабул қилинса, қуйидагилар кучга киради:

  • туғилганлик тиббиёт муассасалари орқали ФҲДЁ бўлимларида қайд этилади. Бунда бола туғилганида туғруқхонада бериладиган тегишли QR-кодли маълумотнома туғилганлик ҳақидаги гербли гувоҳномага тенглаштирилади;
  • никоҳ тузиш ва ажратишни қайд этиш учун ФҲДЁ бўлимига ариза бериш эксперимент тариқасида Давлат хизматлари марказлари орқали жорий этилади;
  • никоҳдан ўтиш учун ариза берилгани ҳақида яшаш жойидаги Маҳалла фуқаролар йиғигини хабардор қилиш шарт бўлмайди;
  • никоҳдан ажратиш ҳақида ариза берилганда яраштирув комиссияларига электрон тизим орқали хабар юборилади (ҳозир фуқаролар ўзлари боришлари керак);
  • фуқароларнинг фамилия, исм ва ота исмини ўзгартиришда текширув ўтказиш учун ички ишлар органига сўровнома юбориш ва хулоса олиш ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Тақдим этилган лойиҳа келажакда туғилганлик ҳолатларини ўз вақтида қайд қилишга, туғилганлик, никоҳни қайд этишда ортиқча қоғозбозлик ва бюрократик ҳолатларга барҳам беришга ёрдам беради. Шунингдек, янги тизим орқали соҳа ходимлари ўртасида коррупциявий ҳолатлар содир этилишининг олдини олишга, ҳамда ФҲДЁ соҳасида ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишга эришилади.

Мазкур лойиҳаси муҳокамаси 2 июлга қадар давом этади.