ДХХ тезкор тадбир давомида трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилгани ҳақида хабар берди.

Унда айтилишича, Андижон вилоятининг Қўрғонтепа тумани Қорасув шаҳри З.М.Бобур маҳалласида яшовчи 32 ёшли фуқаронинг уйи текширилганида, ҳовлисида эни 1 м кв, чуқурлиги 12−12,5 метр ва узунлиги 150 метр бўлган, Қирғизистонга ноқонуний ўтиш учун махсус қазилган ер ости йўли борлиги маълум бўлди.

Туманнинг Бирлик маҳалласида гуруҳ аъзоларидан яна бирининг ҳовлисидан эса эни 1 м кв, чуқурлиги 10−12 метр, узунлиги 400−420 метр атрофидаги иккинчи ер ости йўли борлиги аниқланди. Унга қўлбола пўлат изларда ҳаракатланувчи кичик ҳажмли, электродвигателли аравача ҳам ўрнатилган.


Маълум бўлишича, уюшган жиноий гуруҳда 2 нафар Ўзбекистон ва 6 нафар Қирғизистон фуқароси бор. Уларга 1974 йилда Қирғизистонда туғилган шахс етакчилик қилган.

«Гуруҳ аъзолари ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборига тушмаслик мақсадида, ўзаро мулоқотда шартли сўзлашув усулини қўллашган ва Андижондаги „Дўстлик“ чегара-божхона постидан декларация тўлдирган ҳолда катта миқдордаги валюта қимматликларини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириб, сўнгра пулларни ер ости йўли орқали Қирғизистонга қайтариб, олиб чиқиб кетишган», — дейилади хабарда.

Улар тўлдирилган декларациядан Тошкент ва Қўқон шаҳарларидан хорижий валюталарни ташишда йўлларда кузатиладиган эҳтимолий текширувларда фойдаланишган.

Гуруҳ аъзоларига Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида уларнинг ноқонуний фаолиятлари ашёвий далиллар асосида ўз исботини топгани айтилди.

25 май куни жиноят ишлари бўйича Норин туман судининг ҳукмига кўра, қонунбузарларга нисбатан 6 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, 5 февраль куни айнан шу маҳаллада яшовчи бошқа бир фуқаронинг уйида ҳам қўшни давлат ҳудудига олиб ўтувчи яширин ер ости йўли борлиги аниқланди.

У ҳам қирғизистонлик шахслар билан ўзаро тил бириктириб, ўзбек-қирғиз давлат чегарасини ажратиб турувчи «Шаҳрихонсой» канали остидан ўтувчи, чуқурлиги тахминан 16 метр, узунлиги 70 метр бўлган ер ости йўли қазиган. Уни махсус электр ёритгич тизими ва кислород билан таъминловчи ускуналар билан жиҳозлаган.

Ҳозирда мазкур фуқарога нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади ДХХ хабарида.

Аниқланишича, ушбу учта ер ости йўлларидан катта миқдордаги чет эл валюталари Ўзбекистондан қўшни давлатга олиб чиқилиб, эвазига турли товар-моддий бойликлар Ўзбекистонга олиб кирилган.

ДХХ қўзғатилган жиноят ишлари бўйича апрель ойида Қирғизистондаги ҳуқуқ-тартибот идоралари номига ҳам учта ер ости йўлларининг Қирғизистондаги жойлашган манзиллари ва уларнинг ташкилотчилари тўғрисида маълумот юборган. Уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Кейинчалик, май-июнь ойларида қўшни давлат вакиллари ўз ҳудудларида текширув ўтказиб, ушбу яширин ер ости йўллари фаолиятига чек қўйган.

Аввалроқ, «Газета.uz» Қирғизистон ОАВ да эълон қилинган маълумотларга таяниб, мамлакатни Ўзбекистон билан боғлайдиган жами 3 та туннель аниқлангани ҳақида хабар берганди.