Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 июндаги фармони билан давлат раҳбарининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакилининг вазифаларини белгилаб берди.

Мазкур лавозим президент Администрацияси тузилмасига киритилиб, унинг мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитлари бўйича Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси ўринбосарига тенглаштирилди.

Қуйидагилар махсус вакилнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат соҳасидаги халқаро ва минтақавий ташаббусларининг самарали илгари сурилишини таъминлаш;
  • Ўзбекистон президентига мамлакат ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича аниқ таклифлар киритиш;
  • глобал ва минтақавий муаммолар, ташқи сиёсат масалалари бўйича Ўзбекистон позициясини етказиш мақсадида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг расмий вакиллари билан доимий ишчи алоқаларини ўрнатиш;
  • Ўзбекистон президентининг алоҳида топшириқларига асосан ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари бўйича махсус миссияларни бажариш;
  • Ўзбекистон президенти иштирокида ўтказиладиган халқаро тадбирлар ва учрашувларни тайёрлашда кўмаклашиш.

Эслатиб ўтамиз, пайшанба куни президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари Абдулазиз Камилов президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили лавозимига тайинланган эди.