Президент Шавкат Мирзиёев 17 июнь куни Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолияти билан танишди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази таркибидан чиқарилган эди. Президент марказга бир йил муқаддам ташриф буюрган эди. Давлат раҳбари матбуот хизматининг қайд этишича, дори таъминоти етарли бўлмагани, химия терапия усуллари йўлга қўйилмагани сабабли даволаниш самарадорлиги 30 фоиздан ошмасди.

«Бинодаги шароитлар ҳам ачинарли эди. Бир хонада 3−4 бемор ётар, санитар хоналар умумий эди. Овқат учун ҳар бир беморга кунига 11 минг сўм ажратилган холос. Лаборатор таҳлилларнинг ярми хусусий клиникаларда ўтказиларди», — дейилади хабарда.

Президентнинг 2021 йил 27 майдаги қарори билан Болалар гематологияси ва онкологияси кафедраси алоҳида марказга айлантирилди. Янги бино Тошкентнинг Чилонзор туманидаги Арнасой кўчасида қурилиб, январь ойида фойдаланишга топширилган эди.

Янги марказда ўринлар сони олдинги 85 тадан 160 тага етказилган. Бемор бола ва унинг ота-онаси учун алоҳида шарт-шароитлар яратилган. Бугунги кунда 101 нафар бола даволанмоқда. 130 дан ортиқ шифокор, жумладан, 38 нафар илмий ходим ва юзлаб ҳамширалар уларга қалб қўрини бағишлаётир, дейилади хабарда.

Болалар онкогематологияси, гематология, онкология, реанимация, гемодиализ ва плазмоферез бўлимлари, стационар ва маслаҳат поликлиникаси замонавий жиҳозланган. Бу йил аввалгиларига қўшимча 14 турдаги асбоб-ускуна келтириб ўрнатилди.

Дори воситалари билан таъминлаш даражаси ҳам оширилди. Масалан, 2016 йилда бунинг учун 2 миллиард 800 миллион сўм маблағ ажратилган бўлса, ҳозир бу миқдор қарийб 60 баравар оширилиб, 170 миллиард сўмга етди. 91 турдаги онкогематологик дори воситалари давлат ҳисобидан бепул берилмоқда.

Чет эллик консультантлар жалб этилиб, даволаш ва диагностика стандартлари янгиланди. Жумладан, ўзак хужайралари трансплантацияси сони ошди.

Молекуляр генетика, иммуногистохимия каби мураккаб ташхислар шу ернинг ўзида йўлга қўйилди. Илгари бунинг учун намуналар Ҳиндистон, Туркия, Россия каби давлатларга текшириш учун юборилар эди.

Аввалроқ Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган болалар учун «Меҳрли мактаб» давлат таълим муассасаси ташкил этилгани ҳақида хабар қилган эдик. Муассасада 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун мактабгача таълим ҳамда 1−11-синфлар учун умумий ўрта таълим берилади.

Президент марказда даволанаётган болалар ва уларнинг оналарига далда берди.

«Ёнингизга яна келишдан мақсадим — сизларга куч бериш, умидни икки карра кўпайтириш. Бу ҳаммамизга синов. Биз давлат бўлиб, ақлимизни, кучимизни ишга солиб, бу касалликларни енгишимиз керак. Ота-оналарга кўмак бериб, болаларнинг дардига малҳам бўлиб, уларни соғайтиришимиз зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолиятини кенгайтириш режалари тўғрисида маълумот берилди.

Унга кўра, гемапоэтик ўзак хужайраларини аллоген ва аутологик трансплантация қилиш учун 2 та асептик бино, ҳудудлардан узоқ муддатга келадиганлар учун 200 ўринли хостел барпо этилади. Йил якунигача марказга яна 67 турдаги жиҳозлар келтирилади.

«Бу соҳа юртимизда янги тизим. Энди уни ҳудудий шифохоналардаги шундай бўлимлар билан боғлаб, касалликларни эрта аниқлаш зарур. Қуйи поғонада скринингни кенгайтириб, „касалликдан олдин юриш“ керак», — деди президент.

Ушбу марказ негизида илмни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.

«Бинода шароит бор, муваффақият йўқ. Муваффақият илмда! Шунинг учун бу ер касаллик омилларидан тортиб, самарали даволаш услубларигача ўрганиш бўйича илмий марказ бўлиши керак. Вилоятлардаги тиббиёт ходимлари келиб, малака оширсин», — деди давлат раҳбари.

Бу соҳа юксак ривожланган Германия тажрибаси асосида даволаш протоколини янгилаш, мутахассислар жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди.