Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Ургут туманида 16 ёшли бола сувда чўкиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят прокуратураси мазкур ҳолатга бўйича маълумот берди.

Таъкидланишича, воқеа 8 июнь куни соат тахминан 12:00 ларда содир бўлган. Ургут тумани «Рахматобод» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Зарафшон дарёсининг чап қирғоқ каналига шу маҳаллада яшовчи 2006 йилда туғилган вояга етмаган Ф.М. ўз эҳтиётсизлиги оқибатида тушиб кетган ва бунинг оқибатида чўккан.

Маълум бўлишича, шу маҳаллада яшовчи 2006 йилда Ф.М. ўғли 8 июнь куни ўз эҳтиётсизлиги оқибатида сувга тушиб кетиб, чўкиб кетган.

Қидирув ишларида маҳалланинг 65 нафар фуқароси, туман ИИБ ходимлари ва туман ФВБ мутахассислари қатнашди. Натижада 16 июнь куни соат 13:30 ларда «Бойбул» маҳалласи ҳудудидан ўтган «Янги Дарғом» каналининг ўнг томон қирғоғидан боланинг мурдаси тан жароҳатларисиз топилган.

«Ўлим сабабини аниқлаш учун суд тиббиёт экспертизаси тайинланган, бироқ марҳумнинг ота-онаси ва яқин қариндошлари ҳолат юзасидан бирон бир кишига даъво ва эътирозлари йўқлигини ва экспертизадан ўтказишга норози эканлигини билдиришган», — дейилади хабарда.

Боланинг вафотида бирор-бир шахснинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлигида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Ургут туман прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилмаган.