Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси АҚШга ташрифнинг илк кунида АҚШ расмийлари, жамоатчилик ва ишбилармон доиралари вакиллари билан бир қатор учрашув ҳамда музокаралар ўтказди, дея хабар қилди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

Хусусан, АҚШ давлат котибининг Фуқаролар хавфсизлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича ўринбосари Узра Зея билан учрашув чоғида томонлар мамлакатда мажбурий меҳнатга барҳам бериш, одам савдосининг олдини олиш ва унга чек қўйиш, қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш, бу борада халқаро тузилмалар ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича кўрилаётган ҳуқуқий ҳамда институционал чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

«Давлат котиби ўринбосари мамлакатимизда мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасидаги саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади, Ўзбекистон нисбатан қисқа вақт ичида ақл бовар қилмас ютуқларга эришганини, Қўшма Штатлар мамлакатимиздаги ўзгаришларнинг ижобий динамикасини қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрлигини таъкидлади. Унинг фикрича, эришилган ютуқлар тўқимачилик соҳасида жаҳон бозорида Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини мустаҳкамлайди», — дейилади хабарда.

Узра Зея Давлат департаментининг одам савдоси тўғрисидаги маърузасида Ўзбекистоннинг ўрни «назорат остидаги рўйхат»дан иккинчи даражага (Tier-2) кўтарилганини қутлар экан, ушбу саъй-ҳаракатлар давом эттирилишига умид билдирди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистонда меҳнат муносабатларини янада яхшилаш учун янги лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди.

Бундан ташқари, Танзила Нарбаева АҚШ Конгресси Ташқи ишлар қўмитасидаги Осиё, Тинч океани ва Марказий Осиё минтақаси бўйича қуйи қўмита раиси, Калифорния штатидан сайланган конгрессмен-демократ Ами Бера билан ҳам учрашди.

Ами Бера Ўзбекистон-Америка ҳамкорлиги истиқболлари ҳақида гапирар экан, Қўшма Штатлар иқтисодиёт ва савдо соҳасидаги ҳамкорликни яхшилаш учун барча имкониятларни излаётганини, шунингдек, Ўзбекистонда ва умуман Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлашда кўп қиррали ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдорлигини айтиб ўтди.

Учрашув якунида Ўзбекистон-Америка кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.

Танзила Нарбаева ташриф доирасида АҚШнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича комиссиясининг (Хельсинки комиссияси) катта сиёсий маслаҳатчиси Женис Хелвиг билан учрашди

Женис Хелвиг Ўзбекистоннинг ЕХҲТ, айниқса Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) билан алоқалари барқарорлигига урғу берди. У мамлакатда ЕХҲТ тавсиялари ва бош принципларини татбиқ этиш давом эттирилишига умид билдирди.