Сўнгги кунларда тўй вақтида келин-куёв ўртасида ўтказилган ўйинда куёв ютқазганига чидай олмай, келинни ургани (видео) нафақат маҳаллий балки халқаро ҳамжамият томонидан кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Бош прокуратура куёвни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича ҳужжатлар судга оширилганини таъкидлаган бўлсада, кўплаб жамоат фаоллари, хаттоки Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам «куёвтўранинг ҳаракатларини қоралади».

Мазкур воқеалар ривожида Олий Мажлис Сенати ҳам ўз муносабатини билдирмай қолмади. ЎзАда эълон қилинган хабарга кўра, юқори палатанинг Хотин қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан ўрганишлар олиб борилган.

Ушбу тўй 2022 йил 6 июнь куни Сурхондарё вилоятида содир бўлган. «Йигит қилмишидан пушаймон эканлигини айтиб, келиндан кечирим сўраган. Шу куннинг ўзида келин-куёв ярашиб кетган, ҳозирги пайтда улар бирга истиқомат қилмоқда», — дейилади хабарда.

Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Сенатда хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш масалалари юзасидан Ишчи гуруҳ тузилди.

Унинг таркиби сенаторлар, Вазирлар Маҳкамаси, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тегишли вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда ОАВ вакилларидан иборат.

«Айни кунларда Ишчи гуруҳ томонидан соҳага оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, шу жумладан, жазо чораларини кучайтириш юзасидан қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича кенг жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари вакилларини, олимлар ва мутахассислар, ёшлар фикрлари ўрганилиб, таклифлар йиғилмоқда», — дейилади хабарда.

Сенатybyu Хотин қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси аёлларга, қизларга бўлаётган бундай зўравонлик ҳолатларини кескин қоралайди ҳамда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашда нохуш ҳолатларга йўл қўймаслик, зўравонлик қилаётган шахсларга кескин чоралар кўриш бўйича иш олиб боришни мақсад қилиб қўйгани таъкидланмоқда.

Шу билан бирга, сенаторлар ёшларни мустақил ҳаётга, оилага тайёрлашда ёш авлод онгига «Оила — муқаддас», «Соғлом оила — соғлом жамият», «Оила жамият ва давлат ҳимоясида» ва «Фаровон оила — жамият равнақининг асоси» ғояларини сингдириб бориш керак деган фикрда. Никоҳланувчиларни оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш энг муҳим масалалардан бири эканлиги айтилмоқда.

Бундан ташқари, Сенат тўйга қадар бўлажак куёв ва келинни бир-бирларининг феъл-атворлари, дунёқараши ва фикрлашларини янада яхшироқ билишлари учун Оила марказлари машғулотлари, давра суҳбатлари, савол-жавоб кечаларига биргаликда жалб этишни йўлга қўймоқчи. Бундан кўзланган мақсад — никоҳланувчи ёшларга оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни яратиш ҳамда ибратли ота-она бўлиш кўникмаларини шакллантиришда кўмаклашишдан иборат.