Ҳозирда рўй бераётган инқироз таъсирида бир қатор мамлакатларда инфляция кучайиб бормоқда. Мисол учун, май ойида Ўзбекистонда йиллик инфляция даражаси 11% га етди. БМТ иқтисодчиларининг прогнозига кўра, 2022 йилда ҳаттоки АҚШ долларининг инфляция даражаси ҳам 6,7% ни ташкил қилиши кутилмоқда. Бу АҚШда сўнгги 40 йил ичида кузатилган энг юқори инфляция кўрсаткичи ҳисобланади. Аммо иқтисодиёти унчалик кучли бўлмаган давлатларда инфляция кўрсаткичлари қандай? Гиперинфляцияни бошидан ўтказаётган валюталарнинг аҳволи қанчалик ёмон? «Газета.uz» ушбу мақолада сизни турли мамлакатлардаги энг юқори инфляция кўрсаткичлари билан таништиради.

Инфляция — бу валютанинг қадрсизланиши натижасида бозордаги маҳсулотлар қийматининг осмонга кўтарилиш жараёнидир. Одатда, инфляция давлат органлари томонидан назорат қилинади, лекин баъзида вазият назоратдан чиқиб кетиши мумкин ва бу ҳолатда гиперинфляция содир бўлади.

Гиперинфляция қуйидаги мезонларга қараб аниқланади:

  • 3 йил давомида ҳар ойда нархларнинг 2% га ошиши;
  • бирданига бир ойнинг ўзида нархларнинг 50% га қадрсизланиши;
  • нархларнинг йилига 900% га ошиши.

Гиперинфляция — рекордлар

Зимбабве (2007−2008; ҳозиргача). Гиперинфляция ҳолатига ёрқин мисол қилиб 2008 йилдаги Зимбабве мамлакатини келтириш мумкин. Зимбабве ўз миллий валютасини қабул қилганида унинг қиймати 2 АҚШ долларига тенг бўлган. Аммо мамлакатда иқтисодий-ижтимоий аҳвол барқарор бўлмаганлиги учун, валюта қадрсизланиб борган. 2008 йил ноябрида Зимбабведаги ойлик инфляция кўрсаткичи ўзининг энг юқори чўққисига чиқиб, 79 600 000 000% ни ташкил қилган. Мамлакатда нархлар ҳар 25 соатда икки бараварга ошаверган.

Фото: 100 трлн Зимбабве доллари қийматидаги банкнота.

Венгрия (1945−1946). 1945 йил август — 1946 йил июль оралиғида Венгрияда инфляция кўрсаткичи кунига 207% ни ташкил қилган. Бу даврда Венгрия миллий валютаси — пенгё ҳар 15 соат ичида икки карра қадрсизланаверган. Бир ой ичида юз берган максимал инфляция кўрсаткичи 40 000 000 000 000 000% ни ташкил этган.

Фото: 1 млрд пенгёлик банкнота.

Югославия (1992−1994). Югославияда 1992 йил апрелидан 1994 йил январигача бўлган давр ичида миллий валюта — динар ҳар куни 65% га қадрсизланган. Ўша даврда муомалада бўлган энг йирик номиналли банкнота 500 млрд югослав динари эди. 1994 йилда инфляция даражаси ўзининг энг юқори чўққисига чиқади ва 116 546 000 000% ни ташкил қилади.

Фото: 500 млрд югослав динари қийматдаги банкнота.

Туркия (1990−2005). 1990 йилдан бошлаб турк лираси тез суръатларда қадрсизлана бошлади, бу эса бутун мамлакат иқтисодиётида узоқ муддатли рецессияга саабаб бўлди. Фақат 2005 йилда ҳукумат инфляцияни 10% дан камроқ даражага тушира олди. Бундан ташқари, янги турк лираси жорий этилди ва у 1 млн эски лирага алмаштирилди (1 янги лира = 1 млн эски лира).

Грузия (1993−1995). Грузияда совет пул тизими йўқ қилингандан сўнг янги пул бирлиги — лари муомалага киритилди. Бироқ, 1993 йилдаги инфляция натижасида унинг қиймати 1000 баробарга қадрсизланди. 1993 йили Грузия президенти Эдуард Шеварднадзе янги лари жорий этилишини эълон қилди ва эскилари 1:1 000 000 курси бўйича алмаштирилди (1 янги лари = 1 млн эски лари).

Перу (1984−1990). 1984 йилдаги инфляция Перу тарихидаги энг оғири бўлди. Бир неча йил ичида битта банкнотанинг максимал номинал қиймати 5 000 дан 1 000 000 инти (Перунинг 1985−1991 йиллардаги миллий валютаси) гача ошди. Перу ҳукумати миллий валюта курсини фақат 1990 йилда барқарорлаштира олди.

Бразилия (1985−1994). 1970 йилда Бразилияда инфляция 15% дан 300% гача ўсди, аммо мамлакат иқтисодиёти ўзининг барқарор ўсишини сақлаб қолди. 1985 йилда ҳукумат мамлакатнинг молиявий аҳволини бир хил даражада ушлаб туролмади ва гиперинфляция кўрсаткичи аллақачон 2000% га етган эди. Бир нечта янги банкноталар — крузеиро, крузадо, реал крузеиро ва реални жорий этиш орқали валюта курсини тузатиш чоралари кўрилди. 1994 йилдаги бир қанча девальвациялар амалга оширилди, дефляция (нархнинг пасайиши) учун чоралар кўрилгач, инфляцияни халқаро стандартлар даражасига тушириш имкони пайдо бўлди.

Ҳозирги кунлар — 2022 йил

Ҳозирда ҳам бир нечта мамлакатларда гиперинфляция кузатилмоқда. Қуйида 2022 йил бошидан буён иқтисодиётида энг оғир ҳолатлар кузатилаётган мамлакатлар келтирилади.

Венесуэла. Энг йирик нефт захиралари бўлишига қарамай, Венесуэла бир неча ўн йиллар давомида иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. АҚШнинг Венесуэла нефт секторига қарши қўллаган санкциялари инқирозни янада кучайтирди. Охирги 9 йилда Венесуэла иқтисодиёти 80 фоизга қисқарди, миллий валюта эса 99 фоизга ўз қийматини йўқотди. Венесуэла миллий валютаси — боливарнинг йиллик инфляция кўрсаткичи 686% га тенг бўлмоқда.

Судан. Суданда инқироз фуқаролар уруши ва ҳарбий тўнтаришлар сабабли юзага келди ва ҳалигача давом этмоқда. Узоқ вақт давомида мамлакат АҚШ санкциялари остида эди. 2021 йил октябрь ойида беқарорлик, зўравонлик ва ижтимоий муаммолар учқуни юз бериб, мамлакатда яна давлат тўнтариши содир бўлди. Судан пул бирлиги — Судан фунтининг йиллик инфляция кўрсаткичи 318% га тенг бўлмоқда.

Ливан. Ливан иқтисодиёти 2021 йилда 60% га қисқарди. Ҳозирда мамлакат чуқур молиявий инқирозда, мамлакат Марказий банкининг барча ресурслари тугаб бўлган. Аҳолининг катта қисми қашшоқлик чегарасидан пастга тушиб кетган. Ҳукуматнинг хориждан ёқилғи ва дори-дармон сотиб олишга имконияти йўқ. Ливан фунтининг йиллик инфляция кўрсаткичи 224% га тенг бўлмоқда.

Сурия. Сурияда бешта хорижий армия иштирок этаётган узоқ муддатли ҳарбий можаро давом этмоқда. Мамлакат деярли парчаланиб кетган, у ерда ёлланма жангарилар ҳаракат қилмоқда, гиёҳванд моддалар савдоси ва терроризм гуллаб-яшнамоқда. Сурия фунтининг йиллик инфляция кўрсаткичи 139% ни ташкил қилмоқда.

Ушбу мамлакатлар қаторига Зимбабве (2022 йилдаги инфляция кўрсаткичи 61% га тенг), Туркия (70% — Туркияда сўнгги 20 йил ичидаги энг юқори кўрсаткич), Суринам (61%), Аргентина (51%) кабиларни ҳам қўшиш мумкин.

Гиперинфляциянинг юзага келиш сабаблари ва унинг оқибатлари

Йилига 2% дан ошмайдиган инфляция нормал ҳолат ҳисобланади. Мисол учун, евро йилига ўртача 1% га қадрсизланмоқда, доллар эса 1,7% га. Аммо 2020 йил билан солиштирганда, дунё бўйлаб 2021 йилда жами ўртача инфляция кўрсаткичи 3,4% ни ташкил қилди. Аммо нима сабабга кўра инфляция кўрсаткичлари юқорида кўрсатилгани каби рекорд даражаларгача етиши мумкин?

Зимбабве мисолида кўриб чиқадиган бўлсак, мамлакат (собиқ Жанубий Родезия) 1980 йилда мустақилликка эришгач (Буюк Британиядан), ҳокимият тепасига диктатор Роберт Мугабе келади. Бир йил ўтиб Зимбабведа маҳаллий доллар пайдо бўлади. Мамлакатда мустақилликкача бўлган даврда кўплаб британиялик фермерлар яшаган. Аммо президент Мугабе мамлакатда бундан буён оқ танли колонизаторларга жой йўқлигини айтиб, уларнинг ерларини маҳаллий ерсиз аҳолига бериш мақсадида британияликларнинг барча ерларини ва чорвасини тортиб олган. Улар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишган. Бундай ислоҳотдан кейин асосий экспорт қилинадиган товарлар — тамаки, пахта ва шакарқамишнинг ҳажми бирдан тушиб кетган. Қишлоқ хўжалиги ортидан эса уларни қайта ишлайдиган саноат ҳам қулайди. Шаҳарларда очлик ва ишсизлик авж олади. Зимбабве ҳукумати муаммо аҳолида пулнинг йўқлигида деган хулосага келади ва чекланмаган миқдорда пул босиб чиқара бошлайди.

Собиқ Югославия мамлакатига келадиган бўлсак, ушбу мамлакат 1945 йилдан 1992 йилгача мавжуд бўлган ва 1970-йилларгача ривожланган мамлакатлардан бири ҳисобланиб келинган. Югославияда инфляция ҳар доим бўлган, аммо турли чоралар орқали вазият унчалик оғир аҳволга келишига йўл қўйилмаган. Аммо 1980 йилда Югославия раҳнамоси Тито Броз вафот этгач, мамлакатда фуқаролик уруши бошланади. 1980 йилдан бошлаб инфляция кўрсаткичлари кескин оша бошлайди, 1983 йилга келиб эса инфляция бошқариб бўлмайдиган даражага етади. Бунга бир нечта сабаб бор эди:

  • 1980-йиллар охирида Югославиянинг энг ривожланган ҳудуди — Словения мустақилликка эришади;
  • Бюрократик аппарат, шунингдек, армияни таъминлаш учун жуда катта бюджет пуллари сарфланади — оқибатда мамлакат ташқаридан қарзлар ола бошлайди;
  • Мамлакатда фуқаролик уруши сабабли қон тўкилаётгани учун БМТ Югославияга савдо эмбаргосини жорий қилади. Бу ўзи шундоқ ҳам жар ёқасида турган мамлакат иқтисодиёти учун оғир зарба бўлади.

Мамлакат қаердандир пул олиши керак эди, оҳир-оқибат пул босиб чиқариш машиналари ишга тушади.

1993 йилда Югославияда ҳар ойда 900 000 дона банкноталар босиб чиқарилиб, фуқаролар қўлига етмасдан ўз қийматини йўқотган. Биргина ўша йилнинг ўзида мамлакат ялпи ички маҳсулоти 30 фоизга, сармоя ва саноат ишлаб чиқариш соҳаси 37 фоизга қисқарди, ишсизлик эса 24,1 фоизга ошди.

1994 йилга келиб гиперинфляция даражаси энг юқори чўққига чиққач, динар пул бирлиги сифатидаги вазифасини йўқотади: бу вақтда дўконларда озиқ-овқат нархлари аллақачон немис маркаларида кўрсатилган.

Гиперинфляция оқибатлари:

  • пуллар ўзининг асосий хусусиятларини йўқотади;
  • нархлар кескин оша бошлаши;
  • оммавий банкрот, дефолт ҳолатининг эълон қилиниши;
  • фуқароларнинг пул жамғариш имкониятидан маҳрум бўлиши;
  • ишсизликнинг ортиши;
  • иқтисодий таназзуллик;
  • давлат молия тизимининг емирилиши.

Гиперинфляция жараёнлари ҳар бир фуқаронинг ҳаёт даражасига ва бутун давлат иқтисодиёт тизимига жиддий таъсир қилади. У узоқ чўзилса, давлат иқтисодиётининг барча соҳасига кириб бориши мумкин ва бу айнан шу сабабга кўра нахларнинг мавсумий ўсишидан катта фарқ қилади. Ўз маблағларини гиперинфляциядан ҳимоялаш мақсадида кўпчилик фуқаролар, шунингдек, ҳуқуматлар ўз маблағларини нисбатан барқарорроқ бўлган активлар, яъни олтин, акциялар (ишончли компанияларнинг қимматбаҳо қоғозлари), облигациялар ёки бошқа валюталар, мисол учун доллар кўринишида сақлашади. Охирги йилларда ёшлар орасида ўз маблағларини криптовалюталарда сақлаш анча урфга айланган. Аммо сўнгги янгиликлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳаттоки криптовалюталар ҳам олдиндан айтиб бўлмайдиган ҳилқат.