Ўзбекистон давлат ОТМларига ўқишга кириш учун абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш ҳар йили 20 июндан 20 июлгача (шу куни ҳам) амалга оширилади. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 15 июндаги қарорида келтирилган.

Рўйхатдан ўтиш интерактив давлат хизматлари ягона портали ва Давлат тест маркази веб-сайти орқали амалга оширилади.

Чет тилидан касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган бакалавриат таълим йўналишларига рўйхатга олиш 10 июлгача (шу куни ҳам) амалга оширилади.

Президент қарорига кўра, абитуриентларга тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ва кетма-кетлиги бир хил бўлган бештагача бакалавриат таълим йўналишларини ҳамда бир вақтнинг ўзида барча таълим шаклларини (кундузги, сиртқи, кечки, масофавий) танлаш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, рўйхатдан ўтиш жараёнида танланган бакалавриат таълим йўналишлари устуворлигига қараб дастлаб давлат гранти, кейинчалик тўлов-контракт асосида танловда иштирок этиш имконияти берилади.

Эслатиб ўтамиз, бунга қадар таълим муассасаларига қабулнинг биринчи куни 15 июнь эди. Мазкур ўзгаришларга қабул квоталарининг қабул санасидан 1 кун ўтиб тасдиқлангани сабаб бўлган бўлиши мумкин.