Давлат ОТМларига онлайн-қабул 20 июндан бошланади

Давлат ОТМларга кириш учун абитуриентларни онлайн-қабул 20 июндан 20 июлгача давом этади. Чет тилидан ижодий имтиҳон ўтказиладиган йўналишлар учун эса қабул 10 июлга қадар амалга оширилади. Абитуриентлар 5 тагача йўналиш билан бирга таълим шаклини ҳам танлаш имконияти берилмоқда.

ОТМларга кириш учун қабул квоталари тасдиқланди

Президент 2022/2023 ўқув йилида давлат олий таълим муассасаларига қабул қилиш учун давлат буюртмаси параметрларини тасдиқлади.

Тошкент давлат аграр университетининг собиқ ректори ҳибсга олинди

Тошкент давлат аграр университети собиқ ректори Ботиржон Сулаймонов молиявий ва қабул бўйича камчиликларга йўл қўйганликда гумонланмоқда. Олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов у ҳибсга олинганини маълум қилди. «Хатоликлар бўлмаганда ректорга нисбатан бунақа катта иш бўлмас эди», — деди вазир.

Янги ўқув йилидан магистратурага қабул йилда икки марта ўтказилади

Президент қарори билан 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасалари магистратурасига қабул йилда икки марта — август ва январь ойларида амалга оширилади. Контракт миқдори эса ОТМ томонидан мустақил белгиланади.

Келин-куёв можаросидан кейин Сенат аёлларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтирмоқчи

Сурхондарёда куёв тўйда келинни урган воқеадан кейин Сенатда махсус Ишчи гуруҳ тузилди. Сенаторлар хотин-қизларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтиришни режалаштирмоқда. Қолаверса, йигит ва қизларни тўйдан олдин Оила марказларидаги машғулот ва давра суҳбатларига жалб этиш таклифи билдирилди.

Абдулазиз Камилов президентнинг махсус вакили бўлди

Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Абдулазиз Камилов давлат раҳбарининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили этиб тайинланди.

Тошкент-Волгоград ўртасида поезд қатнови 25 июндан бошланади

25 июндан бошлаб «Тошкент-Волгоград-Тошкент» йўналишидаги йўловчи поезди қатнай бошлайди. Купе ва плацкартдаги жойлар учун чипталар нархи белгиланди.

«Банк тизимидаги коррупция халқ ишончига путур етказмоқда» — Акмал Бурхонов

Банк тизими таълим соҳасидан кейин энг коррупциялашган тармоқ ҳисобланади, деди Антикоррупция агентлиги раҳбари. Икки йилда 676 нафар банк ходими 354,2 млрд сўмни талон-торож қилган. «Бу рақамлар ислоҳотларга соя солмоқда ва халқ ишончига путур етишига сабаб бўлмоқда», — деди Акмал Бурхонов.

ОТМларга киришдаги имтиёзлар қайта кўриб чиқилади — олий таълим вазири

Олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ОТМларга киришда бериладиган барча имтиёзлар қайта кўриб чиқилиб, инвентаризациядан ўтказилишини маълум қилди. «Жуда кўп ва хўп имтиёзларимиз бор. Кейинги ўқув йилидан шу имтиёзларнинг вақтини яшаб бўлганларидан воз кечамиз», — деди у.

Ўзбекистон давлат ОТМларида ўқишни кўчиришнинг янги тартиби белгиланди

Хориждаги таълим муассасаларидан Ўзбекистондаги давлат ОТМларининг мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига ўқишни кўчириш тақиқланди. Талабалар турмуш қурганда, давлат ходимининг иш жойи бошқа ҳудудга кўчирилганда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчиришга рухсат берилади.

Паррандачилик билан шуғулланувчиларга имтиёзли кредитлар берилади

1 июндан паррандачилик билан шуғулланувчи тадбиркорларга дон захираси яратиш учун 3 ойлик имтиёзли давр билан 12 ойгача револьвер кредитлар ажратилади. Бундан ташқари, паррандачилик хўжаликларига давлат томонидан имтиёз ва субсидияларни my.vetgov.uz сайти орқали бериш йўлга қўйилмоқда.

Бошқаларнинг номига микрокредитни расмийлаштириб, пулларни ўзлаштириш кучайиб боряпти — ИИВ

ИИВ Киберхавфизлик маркази раҳбари сўнгги уч йилда кибержиноятлар сони 8,3 бараварга ортиб кетганини маълум қилди. «Ҳозирги кунда банк мижозларининг шахсий маълумотларини олган ҳолда микрокредит расмийлаштириш ҳолатлари жуда кучайиб боряпти», — деди Беҳзод Мамажонов.

Танзила Нарбаева АҚШ расмийлари билан учрашди

Сенат раиси Танзила Нарбаева АҚШ давлат котибининг фуқаролик хавфсизлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича ўринбосари Узра Зея, Демократлар партиясидан конгрессмен Ами Бера ва АҚШнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича комиссиясининг катта сиёсий маслаҳатчиси Женис Хелвиг билан учрашди.

Самарқанд вилоятида аёл киши «самосуд» қилинди

Самарқандда дала майдонида она-бола биргаликда бошқа бир аёлни «самосуд» қилгани айтилмоқда. Видеода йигит токқайчи ушлаб олгани, аёл эса жабрланувчининг бош қисмига ураётганини кўриш мумкин. Самарқанд вилоят ИИБ ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Инфляция даражаси энг юқори бўлган мамлакатлар — тарих ва бугун

Иқтисодиёт тарихида гиперинфляция ҳолатлари кўп бор юз берган. Аммо бу каби ҳолатлар ҳозирги кунда ҳам турли мамлакатларда рўй бермоқда. Пулнинг қадрсизланиши, айнан ҳозирги халқаро вазият фонида яна долзарб мавзуга айланмоқда.