БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет Афғонистон муваққат ҳукуматини аёлларга тизимли зулм ўтказиш, шунингдек, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларни таъқиб қилиш ва ҳибсга олиш сиёсатидан воз кечишга чақирди. У бу ҳақда 15 июнь куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши йиғилишида айтиб ўтди.

Комиссар мамлакатдаги аҳолининг 93% чуқур иқтисодий, ижтимоий, гуманитар ва инсон ҳуқуқлари инқирози шароитида тўйиб овқатланмаслигини таъкидлади. Қолаверса, у аёлларнинг фақат зарурат бўлган ҳолдагина юзларини ёпиб ташқарига чиқишлари мумкинлиги, акс ҳолда уларнинг эркак қариндошлари жазога тортилиши белгиланган фармойишни қоралади. Aввалроқ, афғон ҳукумати ўрта мактаб ўқувчиларининг мактабларга қайтишини кечиктиришга қарор қилганди, Мишель Бачелетнинг сўзларига кўра, бу 1,1 миллион ўқувчи қизнинг ҳуқуқларига таъсир қилган.

«Бунга баҳо беришимга рухсат этинг: биз бугун Афғонистонда гувоҳ бўлаётган нарса — бу аёлларга нисбатан институционал систематик зулм ўтказишдир», — деди Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар.

У март ойида мамлакатга ташрифи чоғида мамлакат расмийлари, шунингдек, гендер тенглигига эришиш учун барча саъй-ҳаракатларни сафарбар қилаётган жасур ва фаол афғон аёллари, шу жумладан, шифокорлар, журналистлар ва амалга ошираётган нодавлат ташкилотлар аъзолари билан учрашганини эсга олди. «Ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган бу аёлларнинг жасорати мени ҳайратда қолдирди», — деди Мишель Бачелет.

«Бугунги кунда ишсизлик ортиб бораётган бир шароитда афғон хонадонларининг 93 фоизи озиқ-овқат таъминотидан маҳрум бўлган, айниқса оила бошлиғи аёллар, қариялар, ногиронлар ва болалар бўлган аҳолининг энг заиф қатламларига ҳалокатли таъсир кўрсатмоқда. Афғонистон аҳолисининг деярли ярми — 19,7 миллион киши очарчилик ёқасида», — деди БМТ вакили.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Афғонистонда қарийб 18,1 миллион киши, жумладан, 3 миллион нафари беш ёшгача бўлган болалар тиббий ёрдамга муҳтож.

БМТнинг Афғонистонда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Ричард Беннет 26 май куни 11 кунлик ташрифидан сўнг Кобулда мамлакат инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ жиддий муаммоларга дуч келаётганини таъкидлаганди. У расмийларни аёлларга қўйилган чекловларни бекор қилишга, хусусан, аёлларнинг меҳнат фаолиятига тўсиқларни, уларнинг ҳаракат ва сўз эркинлигидаги чекловларни олиб ташлашга, қизлар учун аввалроқ ёпилган мактабларни очишга чақирди.

2021 йил декабрь ҳолатига кўра, Афғонистонда аёлларнинг ишлашини тақиқлаш бир миллиард долларлик иқтисодий йўқотишга олиб келган. Бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг деярли 5 фоизини ташкил қилади.