15 июнь куни соат соат 03:40 ларда Ўзбекистон фуқаролари бўлган йўловчи автобуси Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Жамбил тумани «Қизил тан» қишлоғида аварияга учради.

Ўзбекистон ФВВ Қозоғистон ФВВдан олган дастлабки маълумотларига кўра, аварияга «Алмата-Тошкент» автомобиль йўлининг 545 кмда трикотаж маҳсулотлари ортилган юк машинасининг ёниши оқибатида, автомобиль йўлида юзага келган тирбандлик сабаб бўлган.

«Алмата-Тошкент» йўналишида ҳаракатланаётган юк машинаси 2 та йўловчи ташиш автобуси ва 1 та енгил автомобиль билан тўқнашув содир этган. Тўқнашув оқибатида ушбу автотранспорт воситаларида ёнғин келиб чиққан, дейилади хабарда.

Ёнғин содир бўлган автобусларнинг бирида 31 нафар Ўзбекистон фуқаролари бўлган ва улардан 3 нафари ўрта даражада тан жароҳати билан Тараз шаҳар тиббиёт масканига олиб борилган. Ҳозирда ушбу фуқароларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Таъкидланишича, Қозоғистон масъуллари юзага келган мазкур бахтсиз ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жароҳатланганларга тез тиббий ёрдам кўрсатишда яқиндан кўмак бермоқда. Қолаверса, ҳолат юзасидан Ўзбекистон ФВВ Қозоғистон ФВВ ўртасида маълумот алмашинуви давом этмоқда.