Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2023 йилги Осиё кубогининг сўнгги саралаш босқичида Таиланд терма жамоаси устидан ғалаба қозонди. 15 июнь куни Наманган шаҳридаги «Марказий» стадионида бўлиб ўтган учрашув 2:0 ҳисобида якунланди.

Ўйиндан олдин иккала терма жамоа ҳам Осиё кубоги-2023 мусобақаси иштирокчисига айланиб бўлишган эди. Шундай бўлсада, Сречко Катанец шогирдлари майдонга ғалаба учун чиқишди. Бу ўйиннинг боришидан сезилиб турди. Беллашув C гуруҳидаги ғолиб номини аниқлаб берди.

Баҳснинг 8-дақиқасида ярим ҳимоячи Жалолиддин Машариповнинг аниқ зарбасидан сўнг ҳисоб очилди. 15-дақиқада ярим ҳимоячи Азиз Турғунбоев фарқни иккитага оширди. Ўйин якунигача бошқа ҳисоб ўзгармади. Аҳамиятли томони иккала голга ҳам узатмани Элдор Шомуродов амалга оширди.

Шу тариқа, гуруҳлар ғолиблари ва ўз гуруҳларида иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар орасидан энг яхши бешта терма жамоа Осиё кубоги финал турнирига йўл олди.

Видео

Фото