15 июнь куни соат 21:00да Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида Ўзбекистон ва Япония олимпия жамоалари Осиё кубоги ярим финал учрашувида финал йўлланмаси учун курашади.

Сешанба куни Осиё футбол конфедерацияси Ўзбекистон олимпия жамоасини Ироқ билан ўйинда мухлисларнинг хатти-ҳаракати учун жазолади ва учрашувни томошабинларсиз ўтказиш бўйича қарор қабул қилди, 500 нафарга яқин япониялик ишқибозларга эса стадионга кириш ҳуқуқи берилди.

AFC Asian Cup видеосидан кадр

Бундан ташқари, Ўзбекистон олимпия жамоасининг асосий дарвозабони Абдувоҳид Неъматов чорак финалдаги Ироқ билан ўйинда рақиб футболчисига тирсаги билан зарба бергани учун уч ўйинга дисквалификация қилинди. Аммо бош мураббий Тимур Кападзе захирадан майдонга тушган ва Ироқ жамоасини пенальтилар сериясида мағлуб этишга ёрдам берган Владимир Назаровга тўлиқ ишонишини айтди.

«Неъматовнинг йўқлиги — катта йўқотиш, аммо Назаров Ироққа қарши баҳсда яхши ҳаракат қилди. Футболда ҳамма нарсага тайёр туриш керак. Жамоада барча бир-бирини тўлдира олиши лозим. Қўшимча бўлимлар ва пенальтиларга ҳам тайёргарлик кўряпмиз. Бунда руҳият асосий роль ўйнайди. Ҳар тарафлама шай бўлишимиз керак. Ўйлайманки, шогирдларим барчасини уддалашади», — деди Кападзе.

Шунингдек, учрашувни марказий ҳимоячи Алибек Давронов сариқ карточкалари ва ярим ҳимоячи Иброҳим Иброҳимов жароҳати сабаб ўтказиб юборади. Ўнг қанот ҳимоячиси Элдор Бегимов ўзини бироз ноқулай ҳис қилмоқда. Тахминларга кўра, у қайдномада бўлади ва керак бўлса, захирадан ўйинга қўшилиши мумкин.

2018 йилги U23 Осиё кубоги чорак финалида ҳам Ўзбекистон ва Япония олимпия жамоалари тўқнаш келган ва ўйин 4:0 ҳисобида якунланган, турнирда Ўзбекистон олимпия жамоаси Осиё чемпионлигини қўлга киритган эди.

Аммо ҳозир Япония бошқа даражада, буни чорак финалда амалдаги Осиё чемпиони Жанубий Корея устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозонганидан ҳам билса бўлади.

«Ярим финалгача бўлган йўлимиз осон бўлмади, — деди Тимур Кападзе. — Энди финалга чиқиш учун олдинги ўйинлардагидан кўра кўпроқ меҳнат қилишимиз керак. Ироққа қарши 120 дақиқадан кўпроқ ўйнадик ва Япония билан баҳсдан олдин ўзимизни тиклаб олишимиз, 100% тайёр бўлишимиз керак».

Ўзбекистон олимпия жамоасининг Япония билан ўйин олдидан машғулоти. Фото: ЎФА

Унинг сўзларига кўра, Япония кучли жамоа, Ўзбекистон эса уларнинг ҳужум хавфини яхши билади.

«Ҳар бир жамоанинг заиф томонлари бор, шунинг учун биз ундан фойдаланишимиз керак. Тактик режамизни ошкор қилмайман, лекин биз руҳий ва жисмонан тайёргарлик кўришимиз шарт», — деди бош мураббий.

Япония ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Го Оиванинг айтишича, Жанубий Корея устидан қозонилган ғалабага қарамай, жамоаси ҳали ҳеч нарсага эриша олмаган.

«Ярим финалга чиқиш — жуда бахтли лаҳза. Лекин ҳали ҳеч нарсага эришганимиз йўқ, финалга чиқишимиз учун Ўзбекистон билан ўйнашимиз керак. Бизни мезбонларга қарши жуда қийин ўйин кутмоқда. Уларда юқори савияли жамоа бор ва бу бизга муаммо туғдиради», — деди мураббий.

Унинг фикрича, Ўзбекистон қаршилигига қарамай, Япония ўзининг ҳужумкор ўйин услубини сақлаб қолади.

«Олдинга ўйнаш — бу бизнинг услубимиз ва жамоавий тушунчамиз. Мен жамоани қабул қилганимдан бери бизнинг ёндашувимиз шу. Шу боис, мен ва жамоа учун энг қулай бўлган ёндашув билан ўйнашда давом этишимиз муҳим. Мақсадларни белгилашда бизда ишончсизлик йўқ. Аслида чемпионликни қўлга киритиш ҳар доим бизнинг устувор вазифамиз бўлиб келган ва биз бу жамоа олдига шундай мақсад қўйганмиз», — деди Го Оива.

Статистика

Япония U23 жамоаси Осиё кубоги ярим финалигача тўртта ўйин ўтказиб, уларнинг учтасида ғалаба қозонди — Бирлашган Араб Амирликлари (1:2), Тожикистон (3:0) ва Жанубий Корея (0:3) ва биттасида Саудия Арабистони билан (0:0) дуранг ўйнади. Жамоа мусобақа давомида жами саккизта гол уриб, ўз дарвозасидан фақат битта гол ўтказиб юборди.

Ўзбекистон U23 жамоаси эса Осиё кубоги ярим финалигача учта ғалаба ва битта дурангга эришди. Гуруҳ босқичида ўзбекистонликлар Қатар (6:0) ва Туркманистонни (1:0) мағлуб этган бўлса, чорак финалда Ироқ олимпия жамоаси пенальтилар сериясида таслим этилди. Гуруҳ босқичининг 3-турида эса Эрон билан (1:1) дуранг ўйналди. Жамоа ўз дарвозасидан 3 та гол ўтказиб юборди ва 10 та гол урди.

Ўзбекистон ва Япония олимпия жамоалари бунгача икки марта тўқнаш келишган. Ва уларнинг биринчисида, 2018 йилги Осиё кубоги чорак финалида ўзбекистонликлар 4:0 ҳисобида зафар қучган бўлса, ўша йили ўтказилган ўртоқлик учрашувида дуранг (2:2) қайд этилган.

Осиё кубогида Ўзбекистон олимпия жамоасининг энг яхши тўпурарлари — ярим ҳимоячи Жасур Жалолиддинов ва Улуғбек Ҳошимов (иккитадан гол) ҳисобланади. Япония олимпия жамоаси таркибида эса турнирда энг кўп голни ярим ҳимоячи Юито Сузуки (3) ва ҳужумчи Мао Хосоя (2) урган.

Transfermarkt маълумотларига кўра, Япония U23 жамоаси сўнгги 9 ўйинда ўртача 2,56 очко жамғарган бўлса, Ўзбекистон олимпиячилари сўнгги 10 ўйинда ўртача 2,1 очко жамғарган.

Япония қандай ўйнайди?

Журналист Николай Егоричев ўзининг Телеграм-каналида Япония жамоасининг ўйин услуби ҳақида ёзди. InStat маълумотларига кўра, японияликлар рақибларининг xG кўрсаткичи (эҳтимолий голлар) атиги 1,78ни ташкил қилди. «Соддароқ қилиб тушунтирадиган бўлсак, японларнинг рақиблари деярли вазият яратмаган. Фақатгина умуман гол ўтказмай, ярим финалга чиққан Саудия Арабистони улардан яхши кўрсаткич (1,1) қайд этган», — деб ёзади у.

Япония олимпия жамоаси ҳаводаги ютилган курашлар (56%) ва ҳимояланишда устун келган эпизодлар сони (58%) бўйича турнирнинг энг яхши жамоалари қаторига киради. Бу рақамларда — Анри Часенинг ҳиссаси катта. Ҳимоячи яқинда 18 ёшга тўлганига қарамай, аллақачон ақлли ўйин намойиш этмоқда.

«Умуман олганда, японлар „вертикал футбол“ ўйнайди, яъни рақиб жарима майдонига тўпни имкон қадар тез олиб боришга ҳаракат қилишади. Аммо бу бор кучи билан тўпни олдинга тепиб юборади, дегани эмс. Бўш зона излаш борасида Япония олимпиячиларига тенг келадигани йўқ десак, муболаға бўлмайди. Японлар рақиб ҳимоясини майдон марказига яқин ҳудудгача чиқишга мажбур қилишади. Бундан кейин бўш зонага „очилиш“ ва ўша футболчига кескинлаштирувчи узатма амалга оширилади. Японияликлар тўпни бекорга ва шунчаки олиб юрадиган жамоалардан эмас», — дея қайд этади журналист.

Осиё Кубоги U23 мусобақасида японияликлар 1459та узатма беришган, бу ўртача кўрсаткич. Бу борада Австралия (1984), Жанубий Корея (1899) ва Ўзбекистон (1885) етакчи саналади.

«Японияга қарши «юқори прессинг»да ўйнашнинг деярли иложи йўқ. Ўзбекистон олимпиячилари ҳимоячилари жуда юқорига ўтиб кетмасликлари зарур. Акс ҳолда, японлар бўш зонага эга бўлиб, тезкор қарши ҳужумга ўтишлари эҳтимолдан ҳоли эмас», — дея огоҳлантиради у.

Японларнинг ҳужум гуруҳи ўйинчилари жуда тезкор. Шу билан бирга, улар камдан-кам ҳолларда алдамчи ҳаракатлар амалга оширадилар — бор йўғи 66 уриниш (54%и муваффақиятли) — бу турнирдаги барча жамоалар орасида энг ёмон кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.

«Япония жамоаси паслар ва жамоавий ўзаро ҳаракатлар билан тўпни ўйинга киритишга уринишади. Японлар деярли ҳаводан пас бермай, комбинацияни ердан амалга оширишади. Япония олимпиячилари майдоннинг рақиб томонидаги учдан бирига 123 марта етиб борган. Ўзбекистон терма жамоасида эса бу кўрсаткич — 199 тани ташкил этади. Рақиб жарима майдончасига ёриб кириш японларда — 40та. Ўзбекистонда бунақаси 68 марта юз берган. Шунинг учун, xG кўрсаткичи паст (эҳтимолий голлар) — 3,08. Шу билан бирга, японлар турнирда 8 та гол уришга муваффақ бўлишди! Бу ўзаро ўйинда ҳам муҳим роль ўйнайди», — деди Николай Егорычев

Маълумот учун, иккинчи ярим финалда Австралия U23 ва Саудия Арабистони U23 жамоалари ўзаро беллашади. Ўйин 15 июнь куни соат 18:00 да «Пахтакор» марказий стадионида бошланади.