Футбол бўйича 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги ярим финал баҳсларида Ўзбекистон U23 жамоаси Япония олимпиячиларини мағлуб этди. 15 июнь куни Тошкентдаги «Миллий» («Бунёдкор») стадионида бўлиб ўтган учрашув 2:0 ҳисобида якунланди.

Учрашувнинг 60-дақиқасида ярим ҳимоячи Жасур Жалолиддинов жарима майдончаси ташқарисидан тўпни рақиб дарвозасига йўллаб, ҳисобни очди (видео). 89-дақиқада ҳужумчи Ҳусан Норчаев ўйинга иккинчи гол билан нуқта қўйди.

Тимур Кападзе шогирдлари финалда иккинчи ярим финал учрашувида Австралия U23 жамоасини мағлуб этган (2:0) Саудия Арабистони олимпиячилари билан тўқнаш келишади. Осиё чемпионлиги учун баҳс 19 июнь куни соат 18:00да «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтади.

Статистика

Видео

Фото

Стадионга маҳаллий томошабинлар киритилмагани сабабли ўзбекистонлик мухлислар учрашувни «Бунёдкор» ўйингоҳи ёнига ўрнатилган катта монитор орқали томоша қилишди.

Стадиондаги ўйинни Ўзбекистон футбол ассоциасияси президенти, Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари Абдусалом Азизов, спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов, президентнинг куёви Отабек Умаров, миллий терма жамоанинг собиқ сардори Одил Аҳмедов ва бошқалар томоша қилиб боришди.