14 июнь куни президент «Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга имзо чекди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.

Унга кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида, шу жумладан устав капиталида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган тадбиркорлик субъектларида ва давлат унитар корхоналарида очиқликни таъминлаш бўйича ишларнинг самарадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси жорий этилади.

Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражаси қуйидаги 8 та индикатор асосида баҳолаб борилади:

  • давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлашга масъул бўлган ходимлар фаолиятининг самарадорлиги;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтларида ахборотларни жойлаштириш ва электрон давлат хизматлари кўрсатиш ҳолати;
  • ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни қонунчиликда белгиланган ахборот ресурсларида эълон қилиш ва жамоатчилик олдида ҳисобдорлик тизимининг йўлга қўйилиши;
  • бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлашга оид маълумотларнинг расмий веб-сайтда жойлаштирилиши;
  • Очиқ маълумотлар порталида маълумотлар жойлаштирилиши;
  • оммавий коммуникация технологияларининг жорий қилиниши;
  • коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишда очиқлик тамойилларидан фойдаланиш ҳолати;
  • жамоатчилик кенгаши фаолиятининг самарадорлиги.

Фармонга мувофиқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳар йил якуни бўйича Давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлик индекси шакллантирилади ва «eanticor.uz» электрон платформаси ва ОАВ орқали очиқ эълон қилиб борилади.

Давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлик даражаси «0» баллдан «100» баллгача рейтингда баҳоланиб, қуйидаги тоифаларга ажратилади:

  • 71 баллдан 100 баллгача — «яшил»
  • 55 баллдан 71 баллгача — «сариқ»
  • 55 баллдан паст — «қизил»

Очиқлик даражаси энг юқори деб топилган давлат органи ёки ташкилотининг соҳага масъул ходимларини рағбатлантириш, аксинча, салбий бўлганларини қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик масаласи ҳал этилади.

Агентликка давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида қуйидаги қўшимча ҳуқуқлар берилди:

  • давлат органлари, ташкилотлари ва уларнинг мансабдор шахсларига очиқлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларнинг бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантириш эълон қилиш;
  • очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларнинг бузилишига олиб келган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритиш;
  • расмий веб-сайт ва бошқа ахборот ресурсларида эълон қилинган очиқ маълумотларнинг ҳаққонийлигини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиб олиш ҳақида сўровнома юбориш.

Ҳужжатда белгиланишича, 2022 йил 1 августдан бошлаб давлат бюджети ҳамда халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар бўйича маълумотлар тегишли ташкилотларнинг расмий веб-сайтларда эълон қилиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Сенатининг 27-ялпи мажлисида давлат органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этишни назарда тутувчи ўзгартишлар маъқулланганди.

Унга кўра, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги 215−7-моддасига киритилган маълумотларни эълон қилмаганлик ёки тўлиқ эълон қилмаганлик учун мансабдор шахсларга БҲМнинг 3−5 бараваригача (900 минг сўмдан 1,5 млн сўмгача) миқдорда жарима солишни назарда тутади.

Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштириладиган ижтимоий аҳамиятга эга маълумотлар рўйхати, эълон қилиш шартлари ва тартибига риоя қилмаслик ёки маълумотларни бузиш маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, бу БҲМнинг 5−10 бараваригача (1,5 млн сўмдан 3 млн сўмгача) жарима солинишига сабаб бўлади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бундай ҳуқуқбузарликлар юзасидан маъмурий баённомалар тузиб, кўриб чиқиш учун судга юбориши мумкин.

Сенат раиси Танзила Нарбаева буни давлат идораларининг жамият учун очиқлиги ва шаффофлиги йўлидаги «яна бир муҳим қадам» деб атади.

Июнь ойидан бошлаб давлат органлари ўз фаолияти, жумладан, харидлар, хизмат сафарлари, хизмат автомашиналари ва уй-жойлар бўйича 33 турдаги очиқ маълумотлар тўпламини эълон қилиб бориши шарт.