Чоршанба куни Самарқанд вилояти Қўшработ тумани ҳокими лавозимига Шакарбоев Дилшод Давронович номзоди тасдиқланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Дилшод Шакарбоев.

Мазкур тайинловга қадар Дилшод Шакарбоев Самарқанд вилояти Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.

Қўшработ тумани ҳокими вазифасида фаолият олиб борган Ҳиммат Оқбўтаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан ўз аризасига асосан эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.

Шу куни вилоятнинг Иштихон тумани ҳокими лавозимига Рузиев Фазлиддин Киранович номзоди тасдиқланди.

Фазлиддин Рузиев.

Мазкур тайинловга қадар Фазлиддин Рузиев Вазирлар Маҳкамасининг Маҳаллий саноатни ва кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари котибияти мудирининг ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.

Иштихон тумани ҳокими вазифасида фаолият олиб борган Шухрат Негматов бошқа ишга ўтиши муносабати билан ўз аризасига асосан эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.