Тошкент ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти «Халқ назорати» хизматида пойтахт туманлари рейтингини ишга туширди. Ушбу рейтинг шаҳар муҳити, ободонлаштириш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш муаммоларини ҳал этишга масъул бўлган туман ҳокимликлари ва хизматларнинг фаолиятини баҳолайди. Лойиҳани ишлаб чиқувчилар хизматлар қандай баҳоланиши, рейтинг нима учун зарурлиги ва туман ҳокимликларини яхшироқ ишлашга нима рағбатлантираётгани ҳақида гапириб беришди.

Рейтинг нима учун керак?

«Халқ назорати» хизмати Тошкентдаги туман ҳокимликлари ҳамда «ободонлаштириш» ва «водоканал»дан тортиб, жамоат транспортигача бўлган 20 дан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатувчи ташкилотлар рўйхати ўрин олган. Пойтахт аҳолиси ушбу хизмат ҳақида турлича фикрга эга: портал кимларгадир муаммоларни ҳал қилишга ёрдам берган бўлса, бошқаларнинг аризалари ечимини топмасдан қолмоқда.

Департаментнинг математик моделлаштириш бўйича мутахассиси, рейтингларни ҳисоблаш методологиясини ишлаб чиқувчи Дониёр Гулимовнинг тан олишича, хизмат жамоаси ҳам инсоф билан қилинмаган ижрога дуч келмоқда. Агарда фикр-мулоҳазалар мавҳум бўлса, қандай қилиб «Халқ назорати»ни холис баҳолаш ва тизимли муаммоларни аниқлаш мумкин?

Тизим аҳолидан келиб тушган мурожаатлар асосида туман ҳокимликлари ва хизматлар фуқароларнинг муаммоларини қанчалик тез ва виждонан ҳал этаётганига баҳо беради. Рейтинг еттита кўрсаткичдан иборат бўлиб, уларнинг йиғиндисига кўра ҳар бир туманга 1 дан 10 гача балл қўйилади. Кўрсаткичлар долзарб бўлиб туриши учун улар ҳар уч дақиқада янгиланади.

Тошкент ҳокимининг ахборот технологияларини жорий этиш бўйича ўринбосари — Рақамли ривожланиш департаменти директори Алексей Хеннинг «Газета.uz»га маълум қилишича, рейтинг туфайли туман ҳокимликлари раҳбарлари нафақат ўз ўринбосарлари ва туман бўлимлари фаолиятини ҳам кўришлари мумкин бўлади, балки туман рейтингини пастга туширадиган мутасаддиларнинг ким эканлигини ҳам аниқлашлари мумкин.

«Барча ҳокимлар яхши ишлаяпмиз, деб ўйлайди. Аммо улар 360 даражани кўра олмайдилар. Ҳокимнинг эътиборидан четда қолган ёки умуман йўқ хизматлар бор. Рейтингда ҳокимлар қандай ишлашини кўрсатади. Эҳтимол, кимдир унга муаммолар борлигини тушунтира олмас. Балки гап нафақат кимдир яхши ишламаслигида, балки пул, ходимлар, жиҳозларнинг етишмаслигидадир», — деди Алексей Хен.

Рейтинг фалсафаси рақобат тамойилига асосланади. Шаҳар ҳокимлиги туман ҳокимликларига хизмат кўрсатишни синовдан ўтказишни эълон қилганидан сўнг, ёпилган (ҳал бўлган) мурожаатлар улуши кескин ошди, деди у.

«Ҳамма ҳам барчадан яхшиси бўлишни хоҳлайди. Эълондан кейин [туман ҳокимликларининг] шижоати ошиб кетгандек бўлди. Шаҳар ҳокими ҳаммасини кузатаётганини, кўриб турганини айтди», — дея қўшимча қилди ҳоким ўринбосари.

«Халқ назорати» бўлими бошлиғи ва хизмат бош модератори Артур Мустафиннинг сўзларига кўра, туман ҳокимлари билан бўлиб ўтган йиғилишдан икки ҳафта ўтгач, ёпилган мурожаатлар улуши 73 фоиздан 85 фоизга ошган, муддати ўтиб кетган мурожаатлар эса 22% дан 5,7% гача камайган.

«Авваллари ҳокимлар [хизмат орқали келиб тушаётган фуқароларнинг мурожаатлари] устида учиб юргандек туюларди. Ҳоким билан гаплашасиз, маълум бир ўсиш бор, кейин яна пасайиш. Очиқ баҳоланаётгани, улар фаолиятига ўринбосарлари, хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг ишига қараб баҳо берилаётганини, бунинг учун жавоб беришларини кўрган ҳокимларда катта қизиқиш пайдо бўлди. Ҳозир бу масалани шахсан ўзлари назорат қилишади», — дейди Артур Мустафин.

Унинг қўшимча қилишича, «Халқ назорати» хизмати аввалроқ «Рақамли Тошкент» дастурини амалга ошириш доирасида давлат раҳбари Шавкат Миризиёевга тақдим этилган эди.

«Шубҳасиз, ҳокимлар президент ўз тумани нима учун охирги ўринда эканини сўрашини хоҳлашмайди».

Рейтинг қандай тузилади?

Рейтинг еттита кўрсаткичдан таркиб топади.

Ёпилган аризалар — туман муваффақиятли ҳал қилган аризалар улуши. Ишни ёпиш учун ариза берувчи муаммонинг ечимини тасдиқлаши керак. Истиснолар модератор томонидан мажбурий равишда ёпилган сўровлардир. Дониёр Гулимов буни ижрочи ўз вазифасини бажарган ва буни исботлай оладиган, аммо фуқаро норози бўлган ҳолатлар билан изоҳлайди. Мисол учун, бир киши люкни ёпишни сўради. Пудратчи муаммони ҳал қилади, бироқ фуқаро бунга рози бўлмай, йўлнинг ўтиш қисмидаги чуқурликни тўғрилаб беришни ҳам сўрайди. Агар модератор мурожаатда кўрсатилган муаммо ҳал қилинганини кўрса, аризани мажбуран ёпади.

Муддати ўтган аризалар туманда қанча мурожаатлар ўз вақтида ҳал этилмаганини кўрсатади. Икки хил «кечиктириш» мавжуд: жорий ва ўтган йил учун. Муддати ўтган мурожаатлар рейтингга салбий таъсир қилади. Пасайтирувчи коэффициенти 1,5 ни ташкил қилади. Бундан ташқари, ўтган йилдан бери ёпилмаган ариза жорий йилда муддати ўтган иккита аризага тенг.

Тумандаги кескинлик айни пайтда ижро этилаётган мурожаатлар сонини кўрсатади. Бу ҳам 0,1 пасайиш коэффициенти билан салбий омил ҳисобланади. Дониёр Гулимов ушбу кўрсаткичнинг туманни умумий баҳолашга салбий таъсирини туманда кўриб чиқиш жараёнида бўлган кўп сонли мурожаатлар борлиги, демак, улар бунинг уддасидан чиқа олмаётгани билан изоҳлайди.

«Шу билан бирга, мурожаатлар сони аҳоли фаоллигига боғлиқ бўлиши мумкинлигини тушунамиз. Шунинг учун бизда шундай кўрсаткич бор».

Фаоллик 10 минг кишига тўғри келадиган мурожаатлар сонини кўрсатади. «Шундай қилиб, биз туманларга рейтингда бир хил шароит яратамиз, — дея қўшимча қилди Дониёр Гулимов. — Туман ҳокимлари бир туманда 400 минг, бошқа туманда 50 минг аҳоли яшаса, фаоллик тенг бўлмаслигидан норози». Шунингдек, Ўзбекистоннинг исталган вилояти ёки пойтахт туманида рўйхатдан ўтган фуқаролар «Халқ назорати»га пойтахтдаги муаммолар юзасидан мурожаат қилишлари мумкинлигини ҳам тушуниш керак. Бошқача қилиб айтганда, бирор киши Юнусобод туманида рўйхатга олинган, бироқ Яккасарой туманидаги камчиликлар юзасидан мурожаат юбориши мумкин. Бундай ариза Яккасарой тумани тузилмалари зиммасига тушади.

Дониёр Гулимовнинг сўзларига кўра, аҳоли фаоллиги кўрсаткичини турлича талқин қилиш мумкин. Масалан, фаоллик Янгиҳаёт туманида 10 минг аҳолига 18, Мирзо Улуғбек туманида 37 тани ташкил этган бўлса, салбий нуқтаи назардан қараганда, кейинги туманда ҳам муаммолар кўпроқ дегани. Аммо бу Мирзо Улуғбек туманида фаол фуқаролар кўпроқ эканини ҳам кўрсатади: улар «Хулқ назорати» нима эканлигини билишади, мурожаатлар жўнатишади ва ўз шаҳрини янада қулайроқ қилишга интилишади. Аҳоли фаоллиги у ёки бу ҳудуддаги фуқароларнинг ўзига тўқлиги ва аҳолининг хизматдан хабардорлигига ҳам боғлиқ бўлиши мумкинлиги сабабли, фаоллик коеффициэнти атиги 0,1 ни ташкил қилади.

«Агар фаоллик коэффициентини тўлиқ қўлласак, кўп мурожаат тушган соҳалар олдинга чиқади. Лекин бу мутлақо тўғри эмас, чунки ёпилганаризалар кўпроқ, муддати ўтган аризалар эса озроқ фоиз бўлганлар олдинда бўлиши керак, — дея қўшимча қилди Дониёр Гулимов. — Биз рейтингни барқарорлаштириш учун юқорига ва пастга коэффициентини қўллаймиз, чунки барча омиллар тенг бўлиши мумкин эмас».

Қуруқ расмиятчилик — туман ҳокимликлари ва хизматларнинг «бўш» жавоблари сони. Ижрочи фуқарога муаммони ҳал қилмасдан туриб ҳал бўлди, дея уч ёки ундан ортиқ марта жавоб берган бўлса, қуруқ расмиятчилик ҳисобланади. «Масалан, туманлардан бирида хизмат: „Пул бўлганда асфальт ётқизамиз. Сиз айтаётган чиқиндиларни эса олиб ташладик“, деб жавоб қилади. Фуқаро эса чиқинди ҳақида умуман ҳеч нарса ёзмаганини айтади. Хизматга кўплаб мурожаатчилар шу каби жавобларни жўнатишди», — деди Дониёр Гулимов.

Қуруқ расмиятчиликлар сони йил давомида туманда йиғилиб боради ва унинг рейтингига салбий таъсир кўрсатишда давом этади. Бу кўрсаткич кейинги йил бошида нолга қайтарилади. Масалан, 13 июнь ҳолатига кўра Яшнобод туманида 235 та қуруқ расмиятчилик ҳолати мавжуд. Бу кўрсаткич туман рейтингини йил охиригача пастга тортиб туради. Туман жуда кўп мурожаатларни қабул қилиб, ҳал этса, вазиятни ўнглаши мумкин. Қуруқ расмиятчилик улуши ёпилган мурожаатларга нисбатан жуда оз бўлиши мумкин ва туман шу орқали ўз рейтингини кўтара олади.

Туманнинг мураккаблиги ҳудудда аҳоли муаммоларини ҳал қилиш қанчалик қийинлигини ҳисобга олади. Дониёр Гулимовнинг айтишича, мутахассислар ҳудуднинг мураккаблигини намоён этадиган кўп қаватли уйлар, квартиралар сони, биноларнинг ўртача ёши каби бир қанча кўрсаткичларни кўздан кечиришди. Жамоа биринчи вариантни танлашга қарор қилди, чунки ҳудудда кўп қаватли бинолар қанча кўп бўлса, барчасини назорат қилиш шунчалик қийин бўлади. Туманларнинг мураккаблиги 1 дан 10 гача бўлган шкала бўйича баҳоланади.

Вазифашунослик ижрочилар меҳнатининг самарадорлигини белгилайди. Ушбу кўрсаткични ҳисоблаш учун жорий ва ўтган йилги муддати ўтган мурожаатларни ҳисобга олмаган ҳолда модератор қуруқ расмиятчиликни ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқмаган аризаларсиз умумий мурожаатлар сонига нисбатан ёпилган аризалар фоизини тавсифловчи формуладан фойдаланилади.

Туманнинг умумий рейтингдаги ўрни етти кўрсаткичнинг ўртача арифметик қийматидан ҳисобланади.

Бунинг натижасида фойдаланувчилар нафақат туман ҳокимининг қурилиш ёки уй-жой коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, балки шаҳарга хизмат кўрсатувчи 20 дан ортиқ ташкилотларнинг ҳар бир тумандаги бўлими фаолияти рейтингини ҳамда қайси ташкилотлар бутун шаҳар бўйича ўз вазифасини қай даражада яхши ёки ёмон бажараётганини ҳам кўришлари мумкин.

Рейтинг фуқароларга ҳам, туманлар раҳбариятига ҳам, хизматларнинг ўзига ҳам керак. Улар бошқа туманлар қандай ишлаётганини кўришлари ва ўзларининг заиф томонларини аниқлашлари керак — энг яхши туманларда ҳам шундай бўлади, — деди Дониёр Гулимов. Унинг сўзларига кўра, баҳолаш туманларни ўз кўрсаткичларини яхшилашга ундайди.

«Энг асосийси — бу ерда ҳеч нарсани айлантириб бўлмайди. Биздан кўрсаткичларни „айлантириб қўйиш“ сўралган. Лекин буни қандай қилиш мумкин? — дея савол беради Алексей Хен. — Бунинг учун кодлашни билиш, дастурчи бўлиш, мантиқни тушуниш ва ҳеч нарсани бузиб қўймаслик керак. Буни қилиш имконсиз».

Рақамли ривожланиш депртаменти режаларида туманларнинг ишлаш рейтингини мобил иловага ўтказиш, ўз вазифасини аъло даражада бажараётган хизматларни мукофотлаш тизимини жорий этиш, «Халқ назорати»нинг янгиланган версиясини ишга туширишдан иборат.

Унда, раҳбар Алексей Хеннинг сўзларига кўра, фойдаланувчилар ҳар бир илова бўйича изоҳларни ўқиб, фуқаролар ижрочиларга қандай баҳо берганини кўришлари мумкин бўлади. Бундан ташқари, яқинда Тошкент таркибига киритилган ҳудудларни қамраб олувчи янгиланган манзиллар реестри ҳам пайдо бўлади.

«Халқ назорати» хизматига мактабгача таълим ва халқ таълими, соғлиқни сақлаш тизимидаги бошқа хизматларни ҳам улаш режалаштирилган. Сўнгги яхшиланишлардан бири хизмат кўрсатувчи ташкилотлар рўйзатига Давлат архитектура-қурилиш назорати инспекциясининг ҳам киритилиши бўлди.

Бош модератор Артур Мустафиннинг сўзларига кўра, Қурилиш бош бошқармаси ва туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосарларининг ваколатлари айрим масалаларни ҳал этишда етарли бўлмаган. Ушбу тузилмалар Давлат архитектура-қурилиш назорати инспекциясининг ҳам ташкилотлар рўйхатига киритилишини сўрашган.

«Қурилиш вазирлигидаги қизиқарли ҳудудий тузилма, — дея тушунтиради Артур Мустафин. — Одатда вазирлик ва унинг ҳудудий бошқармалари бўлади. Туманда эса Қурилиш вазирлигининг учта раҳбари бор. Биринчиси — ҳокимнинг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари бўлиб, у вазирлик вакили бўлиб, расман шаҳарсозлик қоидаларига риоя этилиши учун жавобгар бўлиши керак. Иккинчи раҳбар — туманларда ўз идораларига эга бўлган Шаҳар қурилиши бош бошқармаси. Мутлақо автоном тарзда ишлайдиган Давлат архитектура-қурилиш назорати инспекцияси эса тўғридан-тўғри Қурилиш вазирлигига бўйсунади, на ҳокимликларга ва на қурилиш бошқармасига бўйсунади».

Ишлаб чиқиш гуруҳи «Халқ назорати» порталида туман рейтинги тамойилини давлат ташкилотларининг бошқа хизматларида ҳам татбиқ этишни таклиф қилмоқда.