Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси пойтахтда йигит ва қиз калтакланган ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати маълум қилди.

Иш Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўзига қонун билан берилган ваколатлар доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни қасддан содир этиши, фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса) доирасида очилган.

«Ҳозирча [ҳодиса] факти бўйича иш қўзғатилган. Тергов давомида ходимларнинг хатта-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 10 июнь куни Эллона Фирсова «Газета.uz»га ўзи ва дўсти Александр Соленко ички ишлар ходимлари томонидан калтакланганини айтганди. Уларга мия чайқалиши, бурун суякларининг синиши, кўкаришлар ташхиси қўйилган.

ИИВ матбуот котиби ИИБ ходимлари калтаклашганини айтган йигит ва қиз «гиёҳвандлик воситаларига алоқадорлик, шунингдек, профилактик назорат бузилиши» бўйича гумонланиб, текшириш учун бўлимга олиб борилганини маълум қилди. У «бошиданоқ фуқаролар ўзини ноўрин тутганини» айтиб, ходимлар бодикамерасидаги видеодан кесиб, монтаж қилинган тавсирларни эълон қилганди.