Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Қозоғистонда чоршанба куни эрта тонгда юз берган ЙТҲ бўйича қўшимча маълумот берди.

Унда таъкидланишича, Қозоғистоннинг Жамбил вилоятидан ўтувчи «Ғарбий Европа- Ғарбий Хитой» республика аҳамиятидаги автомобил йўлининг 544 кмда юк мошинасида ёнғин бошланиши натижасида транспорт қатнови тўхтаган.

«Дастлабки маълумотларга кўра, ўзбекистонлик ҳайдовчи бошқарувидаги бошқа юк мошинаси бошқарувни йўқотиб, тўхтаб турган 4 та мошинага урилиши натижасида ушбу мошиналар ёниб кетган», — дейилади хабарда.

Қозоғистон ОАВлари шундан 2 таси автобус, DAF юк машинаси ва Audi автомобили эканини қайд этди. Полиция эса йўлнинг 554 километрида 3.4. — «Юк машиналари ҳаракатланиши тақиқланади» йўл белгиси ўрнатилганини, бу эса юк машиналарига «Куюк» янги довони орқали тушишга рухсат бермаслигини таъкидламоқда. Ҳайдовчилар эса мазкур тақиқни чеклаб ўтишади.

Ушбу ҳодисалар оқибатида 1 киши вафот этган, 10 киши (шундан 3 нафари Ўзбекистон фуқароси) эса тан жароҳати олган.

Жароҳат олганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага ётқизилган. Вафот этганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ.

Ҳозирги вақтда ҳодиса Ўзбекистоннинг Олма-отадаги Бош консулхонаси меҳнат миграцияси масалалари бўйича атташеси томонидан назоратга олинган.