Ўзбекистонда 5 ой давомида 3449 та ёнғин содир бўлиб, унда 82 киши жабрланган, 48 киши эса ҳалок бўлган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда ФВВ Бош бошқарма бошлиғи Ўлмас Музаффаров маълум қилди.

Таъкидланишича, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ёнғинлар сони 567 тага (2021 йилнинг 5 ойи давомида 4016 та), жабрланганлар сони 26 тага (108 та), ҳалок бўлганлар сони 6 тага (54 та) камайган.

Май ойи ва июнь ойининг биринчи ўн кунлигида ёнғинлар билан боғлиқ вазият фаоллашгани кузатилаётгани қайд этилди. Мазкур даврда содир бўлган ёнғинлар 981 тани ташкил этиб, 106 таси қуриган ўсимликларни ёниши, 665 таси аҳоли турар жойлари ва 210 таси бошқа объектларга тўғри келмоқда.

«Ёнғин келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинганда, аксарият ҳолларда аҳоли ясаш жойларидаги ёнғинлар маиший кондиционер ва музлаткичлардан ҳамда тозаланмаган қуруқ ўтларнинг ёнишидан келиб чиқмоқда», — деди Ўлмас Музаффаров.

Ўлмас Музаффаровнинг таъкидлашича, кондиционердан узоқ муддат қаровсиз фойдаланиш, электр таъминоти қоидаларига риоя қилмаслиги, биттага мўлжалланган қувват манбаларига бир нечта истеъмолчиларнинг уланиши, электр кабелларининг ҳаддан ташқари қизиб кетиши ва бунинг оқибатида қисқа туташув юзага келиши мумкин ва бу олов чиқишига олиб келади.

ФВВ фуқаролардан кондиционерларни ўрнатиш ишлаб чиқарувчи корхона кўрсатмаларига мувофиқ мутахассислар томонидан амалга оширилиши, электр симлари кондиционер қувватига бардош беришига эътибор беришларини сўради. Кондиционерни улашда алюминий симлардан фойдаланиш тавсия этилмайди, унинг ўрнига мис симлардан фойдаланиш керак, дейилади хабарда.

Электр симларидаги ортиқча юкланиш ва унинг қизиб кетишига йўл қўймаслик учун кондиционерни электр узаткия орқали улаш мумкин эмас. У фақат ушбу қурилма уланган розеткадан қувватланиши керак. Кондиционернинг электр таъминоти алоҳида кабел орқали тўғридан-тўғри умумий электр сими билан уланади. Худди шу талаблар маиший музлатгичлар учун ҳам қўлланилиши керак.

Қолаверса, кунлар қизиши муносабати билан корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, фуқаролар ўз ҳудудларини қуриган ўсимликлардан тозалаши, уларни ёқмасликлари керак, дея таъкидлади Ўлмас Музаффаров.