Келгуси йилдан техникумдан олийгоҳга имтиҳонсиз кириш механизми бекор қилинади

Президент 2023 йилдан бошлаб техникумдан олийгоҳга имтиҳонсиз кириш механизми бекор қилинишини таъкидлади. ОТМлардаги камида 60 та йўналиш техникумларга ўтказилади. Шунингдек, 1 январдан илмий даражаси бор техникум ўқитувчиларининг иш ҳақи олийгоҳ педагоглариникига тенглаштирилади.

Касб-ҳунар мактаблари ва техникумларда ҳам дуал таълим тизими жорий қилинади

Президент 57 та профессионал таълим муассасасида жорий этилган дуал таълим шакли ўз самарасини бергани — педагогика коллежи ўқувчилари 2 кун ўқиб, 4 кун боғчада амалиёт ўтагани ва ойлик олганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ушбу тажриба касб-ҳунар мактаблари ва техникумларда ҳам йўлга қўйилади.

Ёзда ёнғинлар кондиционер, музлаткич ва қуруқ ўтлар сабаб келиб чиқмоқда — ФВВ

Йил бошидан бери 3449 та ёнғин содир бўлиб, унда 82 киши жабрланган, 48 киши эса ҳалок бўлган. ФВВ ёз ойи бошланиши билан ёнғин билан боғлиқ вазият ҳам фаоллашганини қайд этди. Таъкидланишича, аксарият ёнғинларга кондиционер, музлатгич ва қуруқ ўтлар ёқилиши сабаб бўлмоқда.

Диний таълим муассасалари учун қабул санаси маълум қилинди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўз тасарруфидаги диний таълим муассасалари учун қабул санаси ва абитуриентлардан талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхатини эълон қилди.

«Тошкент — мамлакатдаги энг коррупциялашган ҳудудлардан бири» — Антикоррупция агентлиги директори

Антикоррупция агентлиги раҳбари Тошкент Ўзбекистондаги энг коррупциялашган ҳудудлардан бири эканини айтди. Пойтахтда коррупцияга оид жиноятлар сони йил давомида уч баробарга ошган. Бундан ташқари, интернетда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги хабарларнинг ярми пойтахт ҳиссасига тўғри келади.

Тошкент шаҳридаги аттракционларнинг 75 фоизи носозлиги аниқланди

Ўзбекистондаги барча маданият ва истироҳат боғларидаги 1879 та аттракционнинг 574 таси техник носоз эканлиги аниқланди. Шундан энг кўпи Қорақалпоғистон, Андижон, Фарғона, Қашқадарё ва Наманган ҳиссасига тўғри келмоқда. Пойтахтда эса 52 дона аттракционнинг 39 таси (75%) яроқсизлиги маълум бўлди.

Тошкентда автобус чироқ устунига урилди

Тошкентнинг Бунёдкор кўчасида 56-йўналишдаги «Isuzu» автобуси пиёдалар ўтиш жойида тўхтаган автомобиль билан тўқнашиб кетишдан қочишга уриниб, чироқ устунига урилди. Автобусда йўловчилар бўлмаган ва ҳеч ким жароҳат олмаган. Мазкур пиёдалар ўтиш жойида ЙТҲ мунтазам содир бўлади.

Қозоғистондаги йирик аварияга ўзбекистонлик юк машинаси ҳайдовчиси сабаб бўлгани айтилмоқда

Қозоғистонда ичида 31 нафар ўзбекистонлик бўлган автобус ёниб кетишига сабабчи бўлган юк машинасини Ўзбекистон фуқароси бошқаргани айтилмоқда. У юк автомобиллари ҳаракати тақиқланган довондан ўтаётганда бошқарувни йўқотган ва тўхтаб турган 4 та транспорт воситасига урилган.

Тошкентда жуфтлик калтакланган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Прокуратура Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида йигит ва қиз калтакланган ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатди. Жуфтлик уларга туман ИИБ ходимлари жароҳат етказганини таъкидлаганди.

Олий таълим вазирлигида янги вазир ўринбосари лавозими жорий қилинди

Президент Олий таълим вазирлигида янги вазир ўринбосари лавозими жорий қилингани ва унга Бухоро шаҳар мономарказ раҳбари Садоқат Сиддиқова тайинланганини маълум қилди. У касб-ҳунар мактаблари ва техникумларни бошқариш ҳамда методик таъминлашга масъул бўлади.

Самарқанднинг икки туманида ҳоким алмашди

Самарқанд вилоятининг Қўшработ ҳамда Иштихон туманларига янги ҳокимлар тайинланди.

Диёрбек Эрматов оғир атлетика бўйича ЖЧда учта медални қўлга киритди

Ўзбекистонлик оғир атлетикачи Диёрбек Эрматов ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иккита кумуш ва битта бронза медалини қўлга киритди.

«Ўзбекистон — минтақада етакчи, унинг хавфсизлиги — минтақа хавфсизлигидир» — АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари

АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари Майкл Курилла Ўзбекистонга ташрифини ҳар бир мамлакат тўқнашаётган хавф-хатарлар ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш имкониятлари ҳақида суҳбатлашишни кўзда тутган «тинглаш сафари»нинг бир қисмига қиёслади. У махсус кучлар ўртасида ҳамкорликни кучайтиришни таклиф қилди.

Ўзбекистонда Очиқлик индекси жорий этилади

Президент фармони билан Очиқлик индекси жорий этилади. Унга кўра, 8 та индекатор бўйича энг юқори балл тўплаган ташкилотлар рағбатлантирилади, салбий кўрсаткич қайд этганлар эса жавобгарликка тортилади. Қолаверса, очиқликни таъминлаш борасида Антикоррупция агентлигига қўшимча ваколатлар берилмоқда.

Қизалоқ 10-қаватидан тушиб кетган уйнинг қурувчилари жавобгарликка тортилади

Самарқандда қизалоқ 10-қаватидан тушиб кетган уйнинг лойиҳачи ва қурувчилари жавобгарликка тортилади. Балкондаги панжаранинг пастки очиқ қисми лойиҳага қараганда каттароқ эканлиги аниқланди. «Газета.uz» кўп қаватли уйларнинг камчиликлари ҳақида ёзганди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Глобал беқарорлик шароитида Ўзбекистоннинг ЖСТ ва ЕОИИга қўшилиш бўйича позицияси қандай бўлиши керак?

ЖСТ ёки ЕОИИдан исталган биттасига аъзо бўлиш иккинчисига аъзо бўлишни осонлаштиради ва Ўзбекистон савдо сиёсатини ҳозиргига қараганда сезиларли даражада эркинлаштиради. Бироқ, биринчи ЖСТга аъзо бўлиш мамлакатга устунроқ мавқе бериши эҳтимоли юқори, деб ёзади иқтисодчи Миркомил Холбоев.