Самарқанд шаҳридаги Қорасув массивида кўп қаватли уй-жойларнинг лойиҳачиси Univer Pro Stile ва пудратчиси Agromir Buildings компаниялари мансабдор шахслари жавобгарликка тортилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Қурилиш вазирлиги хабар берди.

9 июн куни 15 қаватли уйнинг 81-хонадонда яшовчи бир ярим ёшли қизалоқ 10-қаватдаги балкондан пастга тушиб кетиб, олган тан жароҳатлари оқибатида вафот этганди. 2019 йилдан бери уйлар қурилаётган бу массивда 12, 14, 15, 16 ва 25 қаватли уйлар мавжуд.


Қорасув массивидаги кўп қаватли уйлар Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 ва 2021 йилларда ушбу массивга ташриф буюрганди. Ўтган йили апрел ойида президент матбуот хизмати Agromir Buildings икки йил ичида 3588 хонадонга мўлжалланган баландлиги 12, 14 ва 15 қаватли 47 та уй-жой қурганини, яна еттита 16 қаватли ва иккита 25 қаватли уй-жой қуриш режалаштирилгани ҳақида хабар берганди. Ўшанда уйлар «Туркиянинг замонавий технологияси асосида» қурилаётгани қайд этилганди.

Қурилиш вазири Ботир Зокиров сўнгги йилларда Ўзбекистонда илгари имкони бўлмаган кўп қаватли уйлар қуриш муваффақиятли ўзлаштирилганини таъкидлаганди.

Қурилишдаги қоидабузарликлар

Қурилиш вазирлиги ҳабарида қайд этилишича, 13 июнь куни содир бўлган фожиали воқеадан сўнг қурилиш соҳаси назорати бўйича ҳудудий инспекция вакиллари воқеа жойига борган. Улар уйнинг балконларини ўрганиб чиқиб, панжаранинг бир қисми лойиҳа ҳужжатларида кўрсатилган 150 мм ўрнига 165 дан 170 мм гача кўтариб қурилгани аниқланган. Kun.uz`нинг ёзишича, айнан шу оралиқдан қизалоқ тушиб кетган.

Вазирлик маълум қилишича, қурилиш ишлари сифати масъул инспекция томонидан мунтазам ўрганилиб, лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ қурилиш-монтаж ишлари олиб борилган. Қурилиш учун 2019 йил 23 апрель, 21 ноябрь, ҳамда 20 декабрда, шунингдек, 2020 йил 21 январь ва 7 декабрь саналарида ёзма кўрсатмалар берилган.

Agromir Buildings 2019 йил 30 мартда ҳудудий қурилиш инспекциясидан рўйхатдан ўтган. Лойиҳа-смета ҳужжатлари Самарқанд шаҳар Бош қурилиш бошқармаси архитектура-шаҳарсозлик кенгашининг 2019 йил 14 февралдаги хулосаси олингач Univer Pro Stile томонидан ишлаб чиқилган.

Ўша йилнинг 28 март куни «Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси» давлат унитар корхонаси Самарқанд вилояти филиалининг ишчи лойиҳаси бўйича йиғма эксперт хулосаси олинди, дейилади хабарда.

Май ойида Қурилиш вазирлиги массивдаги 25 қаватли иккита уй қурилиши деярли қуриб битказилганига қарамай, Agromir Buildings уларни қурилиш соҳасини назорат қилиш ҳудудий инспекциясида рўйхатдан ўтказмагани ва бу борада ижобий эксперт хулосаси олинмагани ҳақида хабар берганди. Масъул шахслар маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддаси 7-қисми (объектларни давлат экспертизасининг лойиҳа-смета ҳужжатларига, шу жумладан иш ҳужжатларига доир ижобий хулосасисиз, шунингдек қурилиш соҳасида назорат қилиш ва йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияларининг рухсатномасисиз қуриш — жисмоний шахсларга БҲМнинг 25 бараваридан 30 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — БҲМнинг 50 бараваридан 70 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади) билан жавобгарликка тортилди.

Қурилиш вазирлиги ушбу компания яна 22 та шундай уй қуришни режалаштираётганини, ўша пайтда ҳам рухсат олмаганини таъкидлаганди

Баланд уйларнинг нимаси ёмон?

«Газета.uz» кўп қаватли турар-жой бинолар одамлар фаровонлиги ва руҳий саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши бўйича ўтказилган тадқиқотлар ҳақида ёзганди. Бундай бинолар қўрқув, норозилик туйғуларининг ўсишига олиб келади, стрессга чидамлигига салбий таъсир қилади. Шунингдек, бундай уй-жойлар хулқ-атвордаги муаммоларга, ёмон ижтимоий муносабатларга, ўз жонига қасд қилишга ва болаларнинг ривожланишга — салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Кўп қаватли бинолар мавжуд инфратузилмага оғирлик олиб келади, транспорт муаммоларини кучайтиради ва шаҳарнинг меъморий қиёфасини бузиши мумкин.

Паст қаватли биноларда ёки ҳовли уйларда яшовчи одамлар кўп қаватли биноларда яшовчи одамларга қараганда қўшниларига икки баравар кўпроқ ёрдам беришади. Қўшнилар ва жамиятга тегишлилик ва алоқадорлик ҳисси инсон саломатлиги ва бахтининг муҳим элементлари ҳисобланади. Ишонч даражаси юқори бўлган шаҳарларда бахт ва ЯИМнинг ўсиши ҳам анча юқори.

Фото: Kun.uz.

Kun.uz репортажида воқеа содир бўлган жой аҳолиси узоқ вақтдан бери хавфсиз бўлмаган балконлар ҳақида хавотирларини билдириб келган. Баъзи оилалар ўз панжараларини қайта ўрнатмоқчи бўлишганда, бошқарув компанияси биноларнинг умумий кўринишини бузмаслик учун уларга рухсат бермаган. Айтилишича, аҳолига балконларида кийимларини қуритиш ҳам тақиқланган.

Нашрларнинг аҳолига таяниб ёзишича, тахминан бир йил аввал бир аёл баланд қаватдан қулаб тушиб, вафот этган. 80-уйда яшовчи бола учинчи қаватдан қулаб тушиб, тирик қолган. Квартирани ижарага олган бу оила кўчиб кетган.