Ўзбекистондаги 143 та маданият ва истироҳат боғларидаги барча 1879 та йирик ва кичик ҳажмдаги аттракцион текширувдан ўтказилди.

«Газета.uz»га Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси хабар беришича, шундан 574 та аттракцион техник носоз эканлиги аниқланган.

Барча аттракционларнинг 450 га яқини истироҳат боғлари тасарруфида бўлса, қолганлари хусусий тадбиркорларга тегишли бўлиб шартнома асосида фойдаланилади.

Техник носоз деб топилган аттракционлар фаолияти чекланиб, ишлатмаслик чоралари кўрилгани айтилмоқда.

Ҳудудлар кесимида:

  • Қорақалпоғистоп Республикасида 12 та маданият ва истироҳат боғларида жами 104 та аттракцион бор. Аттракционларнинг деярли ярми — 50 таси техник носоз ҳолатда.
  • Андижонда 16та маданият ва истироҳат боғлари, унда 259 та аттракцион мавжуд. Шундан 69 таси носоз.
  • Бухорода мавжуд 9 та маданият ва истироҳат боғидаги 115 та аттракционнинг — 27 тасида нуксонлар бор.
  • Жиззахда эса 67 та турли аттракционлар мавжуд бўлиб, у 7 тамаданият ва истироҳат боғида жойлашган. Уларнинг 46 таси техник носоз ҳолатда.
  • Қашқадарёда 12 та боғда ўрнатилган 135 та турли аттракцион бор. Шундан 44 таси техник носоз, 73 таси таъмирталаб ҳолатда.
  • Навоийдаги 6 та маданият ва истироҳат боғида 69 та ҳар хил турдаги аттракцион бор. Шундан 13 таси таъмирланмокда, 20 таси эса яроқсиз — уларнинг электр тармоқларидан узиб қўйилди.
  • Наманганда эса 9 та мадаиият ва истироҳат боғи бор. Ундаги 159 та аттракционнинг 73 таси техник носоз ҳолатда.
  • Самарқандда маданият ва истироҳат боғи 9 та. Ундаги аттракционлар — 167 та, шундан 41 таси техник носоз.
  • Сирдарёдаги 2 маданият ва истироҳат боғининг 38 та аттракционида — 6 таси техник носоз.
  • Сурхондарёда жами 146 та ҳар хил турдаги аттракцион 10 та маданият ва истироҳат боғида жойлашган. Шундан 11 таси техник носоз.
  • Фарғонада олиб борилган мониторинг ишлари натижаларига кўра вилоятнинг 19 та маданият ва истироҳат боғларида жами 257 та ҳар хил турдаги аттракцион мавжуд. Уларнинг 87 таси техник носоз деб топилган.
  • Хоразмда ҳам жами 10 та маданият ва истироҳат боғи бор. Аттракционлар 112 та. Шундан 39 таси носоз, 32 таси таъмир талаб, 17 таси кўлбола усулда ясалган.
  • Тошкенг вилоятидаги 7 та маданият ва истироҳат боғларида жами 52 та ҳар хил турдаги аттракцион мавжуд. Аттракционларнинг 22 таси техник носоз ҳолатда.
  • Тошкент шаҳрида 7 та маданият ва истироҳат боғи бор. Ундаги 52 дона аттракционнинг 39 таси техник носоз ҳолатда.

Маълум қилинишича, аниқланган камчиликлар бўйича далолатномалар расмийлаштирилган. Камчилик аниқланган аттракционлардан фойдаланмаслик шарти ҳамда камчиликлар бартараф қилингунга қадар тўхтатиб қўйиш бўйича маҳаллий давлат органларига ахборотномалар киритилган. Шунингдек, маданият ва истироҳат боғлари раҳбарларига 116 та тақдимномалар киритилган.

Маълумот учун, «Аттракционлардан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш қоидалари» Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг қарорида белгиланган. Бироқ, «Аттракционлардан хавфсиз фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида»ги қарор лойиҳаси ҳали ҳам вазирлик ва идоралар томонидан билдирилган таклиф ва эътирозларни инобатга олган ҳолда Адлия вазирлигига киритиш учун қайта кўриб чиқилмоқда.