Душанба куни бўлиб ўтган 27-ялпи мажлисда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати «Инсон аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида»ги (шу йилнинг май ойидан кучга кирган) қонун қабул қилингани муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритишни маъқуллади. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Мажлисда трансплантация тўғрисидаги қонун қабул қилингандан сўнг кўплаб ватандошлар томонидан буйрак ва жигар трансплантацияси масаласида мурожаатлар сони ортиб бораётганлиги таъкидланди. Шу билан бирга, кўплаб одамлар органлар ва тўқималарни олиш мақсадида одам ўғрилаш ёки одам савдоси хавфидан ташвишда эканлигини билдирмоқда.

Қабул қилинган қонун трансплантация соҳасида қонунчилик нормаларини бузганлик учун Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига, шунингдек, «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги ҳамда «Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Жумладан, ҳужжатда инсон аъзолари ва тўқималарини олиш, трансплантация қилишнинг белгиланган шартлари ҳамда тартибини бузганлик, шунингдек, вафот этган одамнинг аъзоларини ёки тўқималарини у тириклигида унинг розилигини олмай туриб, илмий ёки таълим мақсадларида бузилмайдиган ҳолда сақлаш учун олганлик, инсон аъзоларининг ва тўқималарининг олди-сотдиси билан шуғуллаганлик, инсоннинг трансплантация қилинадиган аъзоларини ва тўқималарини Ўзбекистондан ташқарига олиб чиққанлик учун жавобгарлик белгилаш назарда тутилган.

Бундан ташқари, инсон аъзолари ва тўқималарини олиш мақсадида одам ўғирлаганлик ёки одам савдоси билан шуғулланганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда.

Сенат матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, Жиноят кодекси учта модда билан тўлдирилмоқда:

115−1-модда «Шахсни трансплантация қилиш учун тана аъзолари ва (ёки) тўқималарини кўчиришга розилик беришга мажбурлаш»

Инсонни ундан тана аъзоси ва (ёки) тўқималарни трансплантация қилиш учун олишга рози бўлишига мажбурлаш, зўрлик қўллаш ёки уни қўллаш билан таҳдид қилиш билан содир этилган бўлса, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилдан 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш билан 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Худди шундай ҳаракатлар ночор аҳволда ёки моддий, хизмат ёки бошқа қарамликда бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса,5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

133−1-модда «Инсон тана аъзолари ва (ёки) тўқималарини сотиб олиш ва сотиш»

Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини сотиб олиш ва сотиш 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилдан 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ўша ҳаракатлар: а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан; б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

133−2-модда «Инсоннинг трансплантация қилинган тана аъзолари ва (ёки) тўқималарини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиш»

Трансплантация қилинган органлар ва (ёки) инсон тўқималарини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиш 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилдан 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

135-модда «Одам савдоси» — инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини олиб қўйиш мақсадида одам савдоси билан шуғулланиш 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади, деган қоида билан тўлдирилди.

137-модда «Одам ўғирлаш» — эса инсон тана аъзолари ва (ёки) тўқималарини олиб қўйиш мақсадида одам ўғирлаш 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши билан тўлдирилди.

Янгиланган 133-модда эндиликда «Одам тана аъзолари ва (ёки) тўқималарини олиб қўйиш ва трансплантация қилиш шартлари ва (ёки) тартибини бузиш» деб номланди. Унга кўра, бир гуруҳ шахслар томонидан, шунингдек, инсон томонидан ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, олдиндан келишувга кўра инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини олиб қўйиш ва трансплантация қилишнинг белгиланган шартлари ва (ёки) тартибини бузиш — 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Йиғилишда мазкур ўзгартиришлар аввалроқ сенаторлар томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда илмий доиралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ билан биргаликда кўриб чиқилгани таъкидланди.