Ўзбекистонда шакарнинг ўртача биржа нархи сўнгги уч кунда 26,1 фоизга тушди, деб хабар берди Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (ЎзРТХАБ) матбуот хизмати.


10−14 июнда биржадаги савдоларга кўра, шакарнинг барча категорияси бўйича шаклланган ўртача кунлик нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 14,55 млн сўмдан 10,75 млн сўмгача пасайди. Савдоларнинг сўнгги соатларида эса нарх 9,7 млн сўмгача тушди.

Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларига жами 6004 тонна шакар қўйилган, улардан барча ҳажми сотилди. Бунда биржа орқали «Хоразм шакар» — 3000 тонна, «Ангрен шакар» эса — 3004 тонна шакар сотди.

«Шакарни биржада харид қилишда талаб даражасидан келиб чиққан ҳолда, ҳудудлар ўртасида мутаносиб тақсимот шаклланмоқда», — дейилади хабарда.


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, 1 июндан 10 июнга қадар шакарнинг биржадаги ўртача нархи 12,5 млн сўмдан 14,5 млн сўмгача, товарнинг бир тоннаси 8,23 млн сўмга сотилган 1 март санасидан бошлаб эса — 76,1 фоизга ошди. Ушбу 10 кун давомида савдолар биржага товарларни қўйиш ҳажми — 3000 дан 2002 тонначага камайиши фонида бўлиб ўтди, яъни, заводлар биржага камроқ шакар қўйди.

Ўзбекистонда сўнгги ойларда шакар нархининг кескин ошиши кузатилмоқда. Иқтисодий ривожланиш вазирлиги бу асосан ташқи омиллар таъсири остида содир бўлаётганини маълум қилганди. Шунга қарамасдан, вазирлик республикада шакар танқислиги мавжуд эмаслиги, йил якунигача етарли даражада захиралар яратилганини таъкидлаганди.

«Бозор иқтисодиёти шароитида ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётининг минтақа ва бошқа давлатлар иқтисодиётлари билан ташқи савдо борасида ҳамкорликнинг кенгайиб ва эркинлашиб бориши ҳолатида мамлакат ичидаги нархларни қўшни давлатлардагига нисбатан кескин фарқ қилувчи даражада сақлаб туришнинг деярли имкони бўлмайди», — дейилганди вазирлик баёнотида.