Ядро қуролларининг умумий сони сўнгги бир йил ичида бироз камайди, бироқ кейинги ўн йилликда бу рақам ортиши мумкин. Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқотлари институтининг (SIPRI) «Қуролланиш, қуролсизланиш ва халқаро хавфсизлик» ҳисоботи муаллифлари шундай хулосага келди. Ҳисобот ҳар йили эълон қилиниб, унда ядро қуроли ва ядровий кучлар сиёсати соҳасидаги ҳозирги ҳолатга баҳо берилади.

Тўққизта ядровий давлат — АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Исроил ва Шимолий Корея ядро арсеналларини модернизация қилишда давом этмоқда.

SIPRI эслатмаси: Барча ҳисоб-китоблар тахминийдир. Россия ва АҚШ бўйича маълумотлар 2010 йилги Стратегик ҳужумкор қуролларни янада қисқартириш ва чеклаш бўйича чоралар тўғрисидаги шартномага мувофиқ, рақамлар шартномадаги ҳисоб-китоб қоидалари сабабли улар декларациясига мос келиши шарт эмас

  • «Ўрнатилган жанговар каллаклар» ракеталарга жойлаштирилган ёки тезкор куч базаларида жойлашган жанговар каллакларни англатади — SIPRI улардан 3 732 тасини ҳисоблаган, шундан 1 744 таси АҚШга, 1 588 таси Россияга, 120 таси Буюк Британияга (2021 йилда Буюк Британия жанговар шай ҳолатидаги ёки ракеталарга ўрнатилган каллакларсонини энди ошкор қилмаслигини маълум қилди), 280 таси Францияга тегишли.
  • «Сақланаётган жанговар каллаклар» деб (жами 5708 та) уларни жанговар шай ҳолатга келтиришдан аввал айрим тайёргарликларни (масалан, ташиш ва учириш ускунасига жойлаштириш каби) талаб қиладиган сақланаётган захира жанговар каллакларга айтилади. Бундай жанговар каллаклар АҚШда 1964 та, Россияда 2889 та. Буюк Британияда 60, Францияда 10, Хитойда 350, Ҳиндистонда 160, Покистонда 165, Исроилда 90 ва Шимолий Кореяда 20 тани (КХДР эгалик қилаётган амалда йиғилган жанговар каллаклар сонига тааллуқли) шундай жанговар каллаклар мавжуд.
  • «Умумий захира» (барча мамлакатларда 9440 та жанговар каллак, улардан 3708 таси АҚШда ва 4477 таси Россия Федерациясида) қуролли кучлар томонидан фойдаланиш учун мўлжалланган каллакларга тегишли.
  • Инвентаризация маълумотлари омборларда сақланадиган барча снарядларни ва демонтаж қилишни кутаётган фойдаланишдан чиқарилганларни ўз ичига олади.

Қуролларни кўпайтириш режалари ҳақидаги баёнотлар

2021 йилда Буюк Британия ўн йилликлар давомида олиб борилган босқичма-босқич қуролсизланиш сиёсатига зид равишда жанговар каллакларнинг умумий захираси бўйича чегарани ошириш қарорини эълон қилди, деб ёзади SIPRI. Хитой ва Россияни ядровий соҳада шаффофлик йўқлиги учун танқид қилган Буюк Британия мамлакатдаги ядро қуроллари захиралари, ўрнатилган жанговар каллаклар ёки жойлаштирилган ракеталар ҳақидаги маълумотларни энди ошкор қилмаслигини билдирди.

2021 йил бошида Франция учинчи авлод баллистик ракеталари бўлган атом сув ости кемасини яратиш дастурини расман бошлади. Шарҳда қайд этилишича, Ҳиндистон ва Покистон ўзларининг ядровий арсеналларини кенгайтираётганга ўхшайди ва 2021 йилда ҳар икки давлат ядровий етказиб бериш тизимларининг янги турларини жорий қилди ва ривожлантиришни давом эттирди.

Ядро қуроли борлигини ошкора тан олмайдиган Исроил ҳам гўёки ўзининг ядро арсеналини модернизация қилмоқда.

Шимолий Корея миллий хавфсизлик стратегиясининг марказий қисми сифатида ҳарбий ядро дастурига устувор аҳамият беришда давом этмоқда. Шимолий Корея 2021 йилда ядро портлашлари ёки узоқ масофали баллистик ракеталарни синовдан ўтказмаган бўлса-да, SIPRI ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирда мамлакатда 20 тагача жанговар каллак йиғилган ва 45−55 та каллак ишлаб чиқариш учун етарли материаллар мавжуд.

«Агар ядровий давлатлар қуролсизлантириш бўйича зудлик билан ва аниқ чоралар кўрмаса, у ҳолда дунёда ядро каллаклари захиралари яқин орада совуқ урушдан бери биринчи марта кўпайиб бошлаши мумкин», — дейди институтнинг кичик илмий ходими Мэтт Корд.

Институт «ядро дипломатиясининг аралаш сигналлари»ни қайд этади. Ядро қуролларини тақиқлаш тўғрисидаги шартнома 2021 йил январь ойида 51 та давлат томонидан (АҚШ, Россия ёки Хитойни ҳисобга олмаганда) ратификация қилиниб, кучга кирди, АҚШ ва Россия ўртасида қуролланиш устидан назорат тўғрисидаги охирги икки томонлама келишув муддати яна беш йилга узайтирилди, бошқа муҳим ҳодисалар ҳам бўлиб ўтди.

2021 йил давомида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ядро қуролига эга доимий аъзолари — Хитой, Франция, Россия, Буюк Британия ва Қўшма Штатлар 2022 йил 3 январда эълон қилинган қўшма баёнот устида ишладилар. Унда «ядро урушида ғалаба қозониб бўлинмаслиги ва ҳеч қачон амалга ошмаслиги» тасдиқланди. «Бешлик», шунингдек, ядро қуролини тарқатмаслик, қуролсизланиш ва қуролларни назорат қилиш бўйича келишувлар ва мажбуриятларни, шунингдек, 1968 йилдаги Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома бўйича ўз мажбуриятларини ҳурмат қилиш ва ядро қуролидан холи дунё мақсадига эришишга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.

Шунга қарамай, бешликнинг барча аъзолари ўзларининг ядровий арсеналларини кенгайтириш ёки модернизация қилишда давом этмоқдалар ва ўзларининг ҳарбий стратегияларида ядро қуролининг аҳамиятини ошираётганга ўхшайди. «Россия ҳатто Украинадаги уруш контекстида ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимоли билан очиқ таҳдид қилди», деб ёзади SIPRI қандай баёнотларни назарда тутганига аниқлик киритмаган ҳолда. Эслатиб ўтамиз, 27 февраль куни Россия президенти Владимир Путин тийиб турувчи кучларни махсус жанговар навбатчилик режимига ўтказишни буюрган — улар орасида стратегик ядровий кучлар ҳам бор.

Институт шарҳида айтилишича, Россия ва АҚШ ўртасидаги стратегик барқарорлик бўйича икки томонлама музокаралар уруш туфайли тўхтаб қолган ва бошқа ядровий кучларнинг ҳеч бири қурол назорати бўйича музокаралар олиб бормаяпти.

«Ўтган йили ядровий қуролларни назорат қилиш ва ядровий қуролсизланиш соҳасида сезиларли ютуқларга эришилган бўлса-да, ядро қуроли хавфи ҳозир Совуқ уруш авж олган пайтдан бери ҳар қачонгидан ҳам юқорироқ кўринади», деди SIPRI директори Дэн Смит.

«Дунёнинг буюк державалари ўртасидаги муносабатлар инсоният ва сайёрамиз фақат халқаро ҳамкорлик орқали ҳал қилиниши мумкин бўлган кўплаб жиддий ва долзарб умумий муаммоларга дуч келаётган бир пайтда янада ёмонлашди», деди SIPRI бошқаруви раиси Стефан Лёвен.

Юқоридагилардан ташқари, SIPRI Йилномаси 2021 йилда оддий қуролларни назорат қилиш соҳасидаги ўзгаришлар, қуролли можаролар ва можароларни бошқариш бўйича минтақавий шарҳлар, ҳарбий харажатлар, халқаро қурол етказиб бериш ва ишлаб чиқариш бўйича маълумотлар ва бошқаларни ҳам ўз ичига олади.