2022−2023 йилларда Ўзбекистондаги барча сайёҳлик объектларида, шунингдек, аэропортлар, вокзаллар ва автовокзалларда Вазирлар Маҳкамаси топшириғига мувофиқ «санитария инқилоби» амалга оширилиши режалаштирилмоқда, деб хабар берди Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати.

Туризм ва маданий мерос вазири ўринбосари Ботир Шаҳриёров бошчилигидаги йиғилишда Ўзбекистондаги барча туристик объектлар, жумладан, маданий мерос объектлари, зиёратгоҳлар, сайёҳлик зоналари, дам олиш масканлари, спорт ва дам олиш масканлари, маданият ва истироҳат боғларида ҳожатхоналар мавжудлиги, санитария ва шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқлиги текширилиши айтилди.

Турли вазирлик ва идоралар ходимларидан иборат республика ишчи гуруҳи июндан сентябргача мазкур объектларнинг барчасида ўрганишлар олиб боради. Санитария иншоотлари бўлмаган жойларда улар қурилади. Жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар, ёш болали ота-оналар учун зарурий шарт-шароитлар яратилганлигига эътибор қаратилади.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг март ойида ҳукуматнинг «Йўлбўйи ва туристик инфратузилмани янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Ҳужжат билан, 27 та маданий мерос объектлари ва маданий-кўнгилочар муассасалар, шунингдек, 125 та АГТКШга туташ ҳудудларда санитария иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш рўйхатлари тасдиқланди.

2018 йил бошида Туризм вазирлиги (ўша пайтда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси) бутун Ўзбекистон бўйлаб жамоат ҳожатхоналари ҳолатини яхшилаш режасини эълон қилган эди. Мамлакатда ҳожатхоналарни инвентаризация қилиш ва умумий ҳожатхоналар тармоғини қуриш бўйича ҳужжат ишлаб чиқилди.

2019 йил кузида ҳукумат қарори қабул қилинди, унга кўра, 2020 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистондаги барча ёқилғи қуйиш шохобчалари санитария ҳамда шаҳарсозлик норма ва қоидаларига жавоб берадиган 24 соатлик жамоат ҳожатхоналари билан жиҳозланиши керак.