4−12 июнь кунлари Франциянинг Шатору шаҳрида пара ўқ отиш бўйича Жаҳон кубоги ўтказилди. Унда ўзбекистонлик спортчи совриндорлар қаторидан жой олиш билан бирга Париж-2024 учун лицензияни қўлга киритди. Бу ҳақда Миллий паралимпия қўмитаси хабар берди.

Ўзбекистонлик пара ўқ отувчи Сервер Ибрагимов эркаклар ўртасида 50 метрга тўппончадан отиш бўйича баҳсларда 200.7 очко жамғарган ҳолда бронза медалига, 10 метрга пневматик тўппончадан отиш бўйича баҳсларда эса 217.1 очко жамғариб кумуш медалга сазовор бўлди.

«Сервер Ибрагимов ушбу натижаси билан Ўзбекистон делегацияси ҳисобига 2 та медални ёздириб қўйиш билан бир қаторда, 2024 йил Парижда бўладиган XVII ёзги Паралимпия ўйинларига тўғридан-тўғри лицензияни ҳам қўлга киритди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, Ибрагимов Париж-2024га лицензия қўлга киритган илк ўзбекистонлик спортчига айланди.

Маълумот учун, Сервер Ибрагимов пара ўқ отиш бўйича бир неча бор Жаҳон ва Осиё чемпионатлари совриндори ҳамда Рио-2016 ёзги Паралимпия ўйинлари бронза медали соҳиби ҳисобланади.