13 июнь куни Нью-Йоркда Ўзбекистон ҳамда Антигуа ва Барбуда дипломатик муносабатларни ўрнатиши тўғрисида қўшма коммюнике имзоланди, деб хабар берди «Дунё» ахборот агентлиги.

Ҳужжатни икки давлат ҳукуматлари номидан Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Иброҳимов ва Антигуа ва Барбуданинг БМТдаги доимий вакили Уольтон Альфонсо Вебсон имзолади.

Антигуа ва Барбуда Ўзбекистон дипломатик алоқалар ўрнатган 141-давлат бўлди. Орол давлат Кариб денгизининг ғарбий қисмида жойлашган ва у Британия Ҳамдўстлиги, шунингдек Америка Давлатлари Ташкилотига аъзо.

Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари доирасида қўшма ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар. Ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини излаш учун икки томонлама алоқаларни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

«Ҳукуматимиз дунё бўйлаб халқаро муносабатларни кенгайтиришдан жуда мамнун, Ўзбекистон эса янги оиламизни кенгайтирган глобал аъзо ҳисобланади. Биз ушбу келишув Антигуа ва Барбуда ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги ижтимоий ва маданий алоқаларимизни мустаҳкамлашга кўмаклашишига ишонамиз ҳамда глобал бирдамлик ва глобал тинчлик йўлида биргаликда ишлаётганимиз учун иқтисодий жиҳатдан ҳам алоқаларни мустаҳкамлашга умид қиламиз», — деди Уольтон Альфонсо Вебсон.

Эслатиб ўтамиз, 10 май куни Ўзбекистон Сент-Винсент ва Гренадин ороллари билан дипломатик муносабатлар ўрнатганди.