Душанба куни Қирғизистоннинг Ўш вилояти Қорасув ҳудудидаги уйлардан бирида Қирғизистон билан Ўзбекистонни боғловчи ер ости туннели топилди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига таяниб, Кактус Медиа хабар берди.

Маълум бўлишича, 13 метр чуқурликда жойлашган туннелдан 2 метрга 1,7 метр ўлчамдаги йўлак орқали ўтилади. Кириш жойидан чиқиш йўлигача бўлган умумий масофа 177 метрни ташкил қилади.

«Ер ости туннели жойлашган уй эгаси Қирғизистон фуқароси М.И.М. ўтган йилнинг сентябрь ойида Рустам исмли шахс билан бирга икки давлат ўртасида туннел қазиш бўйича келишиб олган. Улар туннел орқали Қирғизистондан Ўзбекистонга валюта ва товарлар олиб ўтишни режалаштиришган», — дейилади хабарда.

Хабарда айтилишича, гумондор ўз айбини инкор этмаган ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, охирги бир ой ичида илк марта 24 май куни Қирғизистон билан Ўзбекистонни боғловчи 270 метрлик ер ости туннели топилганди. Унинг ёрдамида икки мамлакатга бемалол ўтиш мумкинлиги, туннелни қазиганликда гумон қилинаётган шахс эса руҳий касалликлар шифохонасида эканлиги айтилган.

Шунингдек, 7 июнь куни ҳам Қирғизистон хавфсизлик кучлари томонидан Ўзбекистон билан чегарада 155 метрлик ер ости туннели аниқлангани хабар қилинган.