Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев душанба куни жамоат транспорти тармоғини кенгайтириш ва Тошкент метрополитени инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар билан танишди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Давлат раҳбарига ер усти ҳалқа метросининг иккинчи босқичини давом эттириш, замонавий қурилиш усулларини жорий этиш, метрополитеннинг ҳаракат таркибини модернизация қилиш, йўловчи ташиш ҳажмини янада ошириш бўйича режалаштирилган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Лойиҳанинг иккинчи босқичи доирасида жорий йил охиригача бешта, кейинги йил «Наврўз» байрамига қадар яна иккита бекат қуриш режалаштирилган. Бу линия 62 та маҳалланинг 250 мингга яқин аҳолисини метро хизматлари билан қамраб олади. Лойиҳанинг умумий қиймати 91,37 млн долларга баҳоланмоқда, бироқ бундан бир ҳафта олдин бу ишларга бошқа сумма — 127,5 млн доллар маблағ кетиши эълон қилинган эди.


Фото: президент матбуот хизмати.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Президентга мазкур лойиҳа тақдимотини ўтказди. «Ўзбекистон 24» телеканали тақдим этган слайдлар узунлиги 8,5 км бўлган бешта (7 дан 12 тагача) бекатларни қуриш учун 462,3 млрд сўм (43,27 млн доллар) талаб қилинишини кўрсатмоқда. Шундан 332,3 млрд сўм (31,1 млн доллар) маблағ давлат буджети, 130 млрд. сўм (12,17 млн доллар) эса банк кредитларидир.

Қурилиш ишларини сентябрь ойида якунлаш, сентябрь-ноябрь ойларида синовдан ўтказиш ва 2022 йил декабрда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Узунлиги 3,8 км бўлган кейинги иккита бекат (12−14-бекатлар) учун 347 млрд сўм (32,5 млн доллар) керак бўлади, бу маблағ тўлиқ Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилиши режалаштирилган.

Бунда 120 та уй бузилиши ва 415 та дарахт олиниши кутилмоқда. Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси компенсация тўловлари учун мос равишда 160,2 млрд сўм (15 млн доллар) ва 6,4 млрд сўм (0,6 млн доллар) ажратади. Натижада иккита бекат лойиҳаси 48,1 млн долларга тушади.

Икки бекатнинг қурилиш ишлари декабрь ойида якунланиб, январь-март ойларида синовдан ўтказилиб, «Наврўз» байрамида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Фото: президент матбуот хизмати.

Раҳбарият аввалроқ «муаммоли» деб санаб ўтилган икки бекатли бўлимни муҳокама қилишганди. Ўшанда йўл ўтказгични қуриш учун 132 та бинони бузиш ва 300 дан ортиқ дарахтни кесиш талаб қилиниши таъкидланди. Ер ости линияси камроқ зарар кўрди, аммо бу қимматроққа тушди.

Давлат раҳбари жамоат транспортининг барча турларида одамларга қулайлик ва хавфсизлик устувор бўлиши кераклигини таъкидлади. Метрополитен учун 14 та янги поезд харид қилиш, 2022−2025 йилларга мўлжалланган йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари дастурини ишлаб чиқиш топширилди.