Португалиянинг Мадейра шаҳрида 12−18 июнь кунлари пара сузиш бўйича Жаҳон чемпионати ўтказилмоқда. МОҚнинг хабар беришича, мусобақанинг биринчи кунида ўзбекистонлик пара сузувчи Ислам Асланов совриндорлар қаторидан ўрин олди.

Асланов эркаклар ўртасидаги 100 метрга баттерфляй усулида сузиш баҳсида 56.94 сония натижа билан маррага 3-бўлиб етиб келди ва бронза медалига сазовор бўлди. Бу йўналишда украиналик пара сузувч Алексей Вирченко 56.12 сония натижа билан ғолиб бўлган. Кумуш медалини эса 56.34 сония натижа билан Франция вакили Алекс Порталь қўлга киритди.

Энди Ислам Асланов 14 июнь куни 100 метрга фристайл усулида сузиш беллашувларида, 16 июнь куни эса 50 метрга фристайл усулида сузиш баҳсларида қатнашади.

Эслатиб ўтамиз, Ислам Асланов Токиода бўлиб ўтган Паралимпия ўйинларида 100 метр масофага баттерфляй усулида сузиш бўйича бронза медалини қўлга киритган эди.