Сенат алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тарқатилиши ва истеъмолини чеклашга оид қонунни рад этди

Сенат алкоголь ва тамаки маҳсулотларини тарқатиш ва истеъмолини чеклашга оид қонунни рад этди. Сенаторлар нормалардаги зиддият ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти етарлича ўрганилмаганини таъкидлади. Қонун маҳаллий пиво ва виноларни реклама қилишга рухсат берувчи қонунга мувофиқлаштирилиши кераклиги айтилди.

Буюк Британия экспорт вазири Тошкентда музокаралар ўтказди

Буюк Британия экспорт вазири Майк Фриер Тошкентга ташриф буюриб, ИТСВ, Молия вазирлиги, ОТМК ва Uzbekistan Airports билан музокаралар ўтказди. Уларда Ўзбекистон иқтисодиёти учун инвестиция жалб қилиш, мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Президент йил якунигача Европага экспорт қилувчилар сонини 579 тадан 2 мингтага етказишни буюрди

Шавкат Мирзиёев қуритилган мева экспорти учун 27 хил таҳлилнинг бирортаси Ўзбекистонда йўқлигини, тадбиркор эса ушбу муаммодан маҳсулотини Европага олиб боргач хабар топаётганини танқид қилди. Масъулларга Европага экспорт қилувчи тадбиркорлар сонини 579 тадан 2 мингтага етказиш вазифаси юклатилди.

Қирғизистон ва Ўзбекистонни боғловчи учинчи ерости туннели аниқланди

Қирғизистон хавфсизлик кучлари Ўш ҳудудидаги уйлардан бирида Ўзбекистонга олиб ўтувчи 177 метрлик махфий ерости туннели борлигини аниқланди. Бу сўнгги бир ой ичида топилган учинчи туннель ҳисобланади. Уни икки нафар шахс валюта ва товарлар олиб ўтиш учун қазиганлиги айтилмоқда.

Ўзбекистон «Росатом» билан АЭС қуриш харажатларини оптималлаштириш масаласини муҳокама қилмоқда — Шерзод Ходжаев

Ўзбекистон «Росатом» билан АЭС қуриш харажатларини камайтириш масаласини муҳокама қилмоқда, деди энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев. «Агар станцияда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг нархи бошқа манбалар билан рақобатбардош бўлмаса, лойиҳани давом эттиришдан маъно йўқ», — деди у.

Қашқадарёда сайёр касса ходимлари 100,5 млн сўмлик пенсия ва нафақани ўзлаштирди

Шаҳрисабз туманида сайёр кассанинг бухгалтер-назоратчиси ва кассири 150 нафар фуқаронинг март, апрель ва май ойлари учун пенсия ва нафақа пулларини ўзлаштиргани аниқланди. Улар текширув вақтида 100,5 млн сўмлик зарарни тўлиқ қоплаган. Гумондорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

«Ўрикзор» бозорида иссиқ сув қувури ёрилиб кетди

Учтепа туманидаги «Ўрикзор» бозори ҳудудида 800 мм диаметрли магистрал иссиқлик тармоғи қувури ёрилиб кетди. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги бунга куз-қиш мавсумига синов-тайёргарлик ишлари сабаб бўлганини маълум қилди.

Андижонда журналистнинг ишига аралашиш бўйича янги ҳолат содир бўлди

Андижонда ички ишлар ходими Human.uz журналистига бозорда шакар учун навбатда турганларни тасвирга олишига тўсқинлик қилди. ИИВ навбатда турган фуқаролар томонидан тасвирга олишга эътирозлар билдирилганини таъкидлади, бироқ нашр буни рад этиб чиқди. Жамоатчилик журналистни ҳимоя қилмоқда.

Sevimli телеканали журналистлари ИИО ходимлари томонидан калтакланганини маълум қилди

Sevimli телеканали Ўзбекистон-Ироқ ўйинини видеога олаётган тасвирчи бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари томонидан калтакланганини хабар қилди. Ходимлар кейин узр сўрашган ва воқеа ҳақида хабар бермасликни талаб қилишган. Телеканал янгиликни ўчириб ташлади.

ИИВ эса Sevimli телеканали тасвирчиси жанжал вақтида жароҳат олганини маълум қилди.

АОКА давлат органларини журналистларга ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақирди

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилган (Sevimli телеканали тасвирчисини калтаклаганини айтган) ИИВ ва Миллий гвардия ходимларига нисбатан чора кўрилишига умид билдирди. Агентлик барча давлат органларини журналистлар меҳнатини ҳурмат қилишга чақирди.

Қашқадарёда 25 метрли қудуққа тушиб кетган 6 ёшли бола қутқарилди

Душанба куни ФВВ ходимлари Чироқчи туманида чуқурлиги 25 метр бўлган артизан қудуғига тушиб кетган 6 ёшли болакай қутқариб олинди. Қутқариш ишларига экскаватор, грейдер ва бошқа техникалар жалб этилди. Ҳозирда боланинг аҳволи яхшилиги айтилмоқда.

Самарқандда ўғил ўз отаси ва акасини болта билан ўлдириб қўйди

Ургутда фуқаро ўзининг отаси ва акаси билан жанжаллашиб, уларни болта ва пичоқ билан уриб, ўлдириб қўйди. Шундан сўнг, у туман ИИБга бориб, айбига иқрор бўлган ва уларнинг жасадини уйининг томорқасига кўмиб юборганини айтган. Гумондорга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Козимжон Комилов Олий суд раислигига қайта тайинланди

Сенаторлар 2017 йилдан бери Олий суд раиси сифатида ишлаб келаётган Козимжон Комиловни президент тақдимномасига мувофиқ, лавозимга қайта сайлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

Ўзбекистон ва АҚШ МОда хавфсизликни мустаҳкамлаш масаласини муҳокама қилди

Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбарини қабул қилиб, Ўзбекистон Америка томони билан мудофаа соҳасида давлатлараро муносабатларни фаоллаштиришга тайёр эканини таъкидлади.

Ҳафта иссиқ бўлиши кутилмоқда

Ҳафта давомида қуруқ ва кам булутли об-ҳаво кузатилиши кутилмоқда. Ўзгидромет маълумотига кўра, кундузи ҳарорат +42 даражагача кўтарилади, кечалари эса +21 даража атрофида бўлади. Душанба ва сешанба кунлари тоғли ҳудудларда сел келиш хавфи мавжуд.

Ўзбекистонда референдум тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритилади

Депутатлар референдум тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритишни маъқуллади. Унга кўра, референдум ўтказувчи комиссиялар ваколатларини аниқлаштириш, комиссиялар қарорлари юзасидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш, кузатувчиларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш назарда тутилмоқда.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Озиқ-овқат инқирози — бугун ва эртанги кун

Дунё мамлакатларида озиқ-овқат танқислиги бошланди. Энди вазият ёмонлашиб бораверадими? Бизни қандай сценарийлар кутмоқда? Вазият қачон ўнгланиши мумкин? «Газета.uz» ушбу мақолада бу борадаги турли таҳлиллар ва фикрларни сизнинг эътиборингизга ҳавола этади.

Ўзбекистонда тўсиқсиз туризмни ривожлантириш таклиф этилди. Бу нима дегани?

Туризм вазирлиги Ўзбекистонда тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантиришни таклиф қилди. Саёҳатни ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайлаштириш, пандус, лифт ва овозли маълумотномаларни ўрнатиш, имтиёз ва чегирмалар бериш — 5 йилга мўлжалланган дастур ҳақида батафсил «Газета.uz» материалида.