Россия Жаҳон туризм ташкилоти (UNWTO, ЮНВТО) таркибидан чиқади, бу ҳақдаги буйруқ 10 июнь куни мамлакат ҳукумати раҳбари Михаил Мишустин томонидан имзоланди.

27 апрель куни Россиянинг ташкилотга аъзолигини тўхтатиш масаласи ЮНВТОнинг навбатдан ташқари Бош ассамблеясида РФнинг Украинага ҳарбий ҳужуми муносабати билан кўриб чиқилган эди. Россия овоз бериш якунларини кутмасдан, ўзи ЮНВТО таркибидан чиқмоқчи эканлигини маълум қилди, дея хабар берди «Коммерсантъ».

Ассамблея РФ аъзолигини тўхтатиш учун овоз берди ва қарор дарҳол кучга кирди.

«ЮНВТО аъзолари аниқ ишора беришди: туризм, бу — тинчлик ва халқаро дўстлик таянчи ҳамда улар ушбу қадриятларни қўриқлашлари ёки қандайдир истисноларсиз оқибатлари билан тўқнашишлари керак. Мазкур фавқулодда Бош ассамблея Россиянинг хатти-ҳаракатлари кечирилмас ҳамда ЮНВТО ва халқаро бошқарув тамойилларига зид эканлигини кўрсатади», — дея маълум қилди ташкилот бош котиби Зураб Пололикашвили.

Аъзоликнинг тўхтатилиши мамлакат ташкилотдан хизмат ва техник ёрдам ололмаслиги, тадбир ва учрашувларда қатнашолмаслиги, устав органларига номзодларини илгари суролмаслиги ва овоз беролмаслигини англатади. Ташкилотдан ихтиёрий чиқиш фақатгина бир йилдан кейин, мамлакат тегишли каналлар орқали бу ҳақда расмий хабар қилгандан сўнг кучга киради.

ЮНВТО таркибига 160 аъзо давлат, 6 та ассоциациялашган аъзолар ва 500 дан ортиқ хусусий сектор, таълим муассасалари, туристик ташкилотлар ва маҳаллий сайёҳлик органлари вакиллари киради. БМТнинг мазкур ихтисослашган муассасаси 1975 йилда таъсис этилган бўлиб, СССР ўша вақтдан унинг аъзоси ҳисобланар эди.

Эслатиб ўтамиз, апрелда БМТ Бош ассамблеяси Россиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Кенгаши аъзолигидан чиқарган эди. Россия ўшанда ҳам кенгаш аъзолигини муддатидан аввал т ўхтатаётганини эълон қилган эди.