Америка Қўшма Штатлари 12 июндан бошлаб мамлакатга ҳаво йўли орқали кириб келувчи йўловчилар учун мажбурий коронавирус тестини бекор қилади, дея «Associated Press» агентлиги маълумотларига таяниб «Дунё» АА хабар бермоқда.

Жозеф Байден маъмурияти халқаро саёҳатчилар АҚШга парвоз қилишдан бир кун олдин COVID-19 учун ПЗР тестини ўтказиш талабини бекор қилган.

Шунинглек, улар пандемия ҳолатини кузатишда давом этишларини ва агар вазият ўзгарса, ПЗР синови заруратини қайта кўриб чиқишларини билдирган.

Авиакомпания ва сайёҳлик ташкилотлари бир неча ой давомида маъмуриятни мазкур талабни бекор қилишни талаб қилиб, бу одамларни халқаро саёҳатларни брон қилишига тўсқинлик қилаётганини айтган. Чунки улар саёҳат пайтида вирусни юқтириб олсалар, чет элда қолиб кетишлари мумкин, дейилади хабарда.

Маълумот учун, январ ойида АҚШга кириш учун янги қоидалар эълон қилинди. Унга кўра, йўловчилар парвоздан камида 24 соат олдин ПЗР-тест ҳамда камида 15 кун олдин COVID-19га қарши тўлиқ эмланганликларини тасдиқлайдиган гувоҳномага эга бўлишлари керак эди.