Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида Аи-80 бензинининг таннархи 2800 сўмни ташкил этмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» компанияси томонидан БНҚИЗга уюштирилган пресс-тур доирасида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«5 фоиз ҚҚС солиғи, 275 минг сўм ишлаб чиқариш акциз солиғи (1 тонна учун — таҳр.), 512 минг сўм истеъмол акциз солиғи қўшилади. Бензин нархларининг кўтарилишида заводнинг алоқаси йўқ. Талабдан келиб чиқиб (биржада) ким юқори нарх қўйса, шунча юқори бўлади», — дея «Газета.uz»га маълум қилди БНҚИЗ раҳбарининг иқтисод бўйича ўринбосари Ўткир Жумаев.

Қўшимча қилинишича, аҳолига етиб боргунча бензин таннархининг ошиб кетишига асосан брокерлар, заправкалар ва бошқалар сабаб бўлмоқда.

Маълумот учун, БНҚИЗда 9 тур 21 номда, жумладан, юқори октанли бензин (Aи-80, Aи-91, Aи-92, Aи-95, Aи-98), дизель ёқилғиси (ЭКО, Евро-4, 5), авиакеросин (Джет A-1), мазут, суюлтирилган газ, олтингугурт, пиролизли газолин, углеводород эритгичи каби нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Заводда қайта ишлаш қуввати 2,5 млн тонна бўлиб, 70 фоиз газконденсат, 30 фоиз нефть хом ашёлари улушига тўғри келади.

Айни пайтда заводда йилига 641 минг тонна автобензин (Аи-80, Аи-91, Аи-92, Аи-95, Аи-98) ишлаб чиқарилиб, республикада бензинга бўлган эҳтиёжнинг 65 фоизини қопламоқда.

Эслатиб ўтамиз, декабрдан бери илк бор «Ўзбекнефтгаз» компаниясига қарашли ёқилғи қуйиш шохобчаларида Аи-80 бензини нархи 6800 сўмгача (4,3%) кўтарилганди. Компания буни импорт қилинаётган 30 фоиз нефт маҳсулотларининг жаҳон бозорларидаги нархи ошгани билан изоҳлади. Бироқ, бунга қадар «Ўзбекнефтгаз» вакиллари АИ-80 бензини маҳаллий хом ашёдан ишлаб чиқарилишини айтганди.

«Ўзбекнефтгаз» биржада савдога чиқарилаётган автобензин истеъмолчига етказиб берилгунга қадар «солиқ, рентабеллик, транспорт харажатлари ва бошқа харажатлар» борлигини ҳам инобатга олиш лозимлигини таъкидлади.

«Ҳозирги кунда жамият томонидан республика истеъмолчиларини нефть маҳсулотларга бўлган талабларини қоплаш учун 30 фоиздан кам бўлмаган миқдорларда углеводород хом ашёларини импорт қилиниши зарур бўлмоқда», — дейилади компания хабарида. Аввалроқ, «Ўзбекнефтгаз» вакиллари «Газета.uz»га АИ-80 бензини маҳаллий хом ашёдан ишлаб чиқарилишини маълум қилганди.

Йил бошидан Европа давлатларида содир бўлаётган геосиёсий воқеалар фонида жаҳон нефть бозорида 1 баррель Brent нефтнинг ўртача нархи 27,5 фоизга — 87,2 доллардан май ойи бошида ўртача 111,1 долларгача ўсди.

Қўшни давлатларда автобензин нархлари Туркманистонда — 0,2%, Қозоғистонда — 13,9%, Қирғизистонда — 17,7%, Россияда — 63,2% ўсди.