9 июнь куни соат 18:00 ларда Самарқандда 1,5 ёшли қизалоқ 10-қаватдаги хонадон балконидан пастга тушиб кетди ва олган жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Воқеа Самарқанд шаҳри Қорасув массивида содир бўлган. Балконнинг эшиги очиқ бўлган ва қизалоқ ташқарига чиқиб, темир панжара орасидан пастга йиқилиб тушган.

Воқеа жойига Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими бошлиғи, Самарқанд шаҳар прокурори ўринбосари, шаҳар прокуратураси терговчиси бошчилигида тезкор-тергов гуруҳи тузилиб, жой ва боланинг мурдаси кўздан кечирилган.

Марҳума Ш. С.нинг танасидаги тан жароҳатлари ва ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертиза тайинлаш қарори чиқарилган. Бироқ, марҳуманинг оила аъзолари ушбу ҳолат юзасидан бирор кимдан даъво шикоятлари йўқлиги сабабли экспертиза текшируви ўтказишни рад этган, дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2019 йилдан бери қурилаётган Қорасув массивидан 12, 14, 15, 16 ва 25 қаватли уйлар жой олган. Юқоридаги воқеа 15 қаватли уйда содир бўлган. Ўзбекистон президенти 2019 ва 2021 йилларда массивни кўргани борганди.

Zamon.uz хабар беришича, одамларнинг балкондан тушиб кетиши ҳолати бу ерда олдин ҳам кузатилган. Нашрнинг маҳаллий аҳолига таяниб ёзишича, 16 қаватдан ёши катта аёл тушиб кетган, қолаверса бир эркак пастга йиқилиб тушган.